Шаҳзодбек Нурматов: "Шўртан"ни сафарда йирик ҳисобда ютишимизни кутмагандим

"Металлург"нинг тўпурар ҳужумчиси Шаҳзодбек Нурматов 15-тур якунига кўра, рамзий терма жамоадан ўрин эгаллади.

Ўйиндан сўнг 24 ёшли ҳужумчи билан суҳбатлашдик.

- Шаҳзодбек, аввало "Шўртан" билан кечган ўйинда қозонилган ғалаба билан табриклаймиз. Учрашув ҳақида фикрларингиз?

- Баҳсда ғалаба қозонишимизга ишонгандим. Лекин бу даражада йирик ҳисобда ютишиимизни кутмагандим. Учрашув яхши кечди. Биринчи бўлимда ҳисобни очганимиз фойдамизга ишлади. Иккинчи таймда эса яна иккита тўп киритиб, ишончли ғалабага эришдик.

- Нимани ҳисобига ғалаба қозондинглар? 

- Жамоавий ўйин ва юқори иштиёқ эвазига. Кўз тегмасин жамоамиз ўйинида турдан-турга ўсиш кузатилди. 

- "Шўртан" таркибида ҳам маҳоратли футболчилар талайгина. Бу рақибнинг ўйини ҳақида нима дейсиз?

- Менимча ўтган турдаги мағлубият уларга рухан таъсир ўтказган кўринади. Лекин ўйини ёмон эмас.

- "Металлург" биринчи даврани кўтаринки руҳда якунлади. Фикримизга қўшиласизми?

- Ҳа, албатта. Ҳозирча турнир жадвалида 7-ўринни эгаллаб турибмиз. Биринчи даврада керакли очколарни жамғара олдик. Энди иккинчи даврада ҳам мухлисларимизни янада хурсанд қилишга уринамиз. 

- Ўзингизни фаолиятингиздан қониқиш хосил қиляпсизми?

- Ҳа. Шу ортда қолган июнь жуда ҳам муваффақиятли ўтди дея оламан. Иккинчи даврада ҳам бекободликлар сафида қолмоқчиман. 

Исломбек Рустамбеков.   


Манба: championat.asia