Шацкихсиз ўтган ва Эроннинг ҳозирги устози майдондан четлатилган Осиё кубоги учрашувини ёдга оламиз
19 июн 2023 19:10
Янгиликлар
Шацкихсиз ўтган ва Эроннинг ҳозирги устози майдондан четлатилган Осиё кубоги учрашувини ёдга оламиз
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон терма жамоамиз мазкур учрашувга жиддий йўқотишлар билан ташриф буюрганди. Жумладан, жамоанинг асосий ҳужумчиси Максим Шацких саралаш босқичининг сўнгги ўйини бўлган — Қатарга қарши ўйинда қизил карточка олгани сабабли баҳсни ўтказиб юборишга мажбур бўлган бўлса, марказий ҳимоячи Асрор Алиқулов турнир аввалида Жанубий Кореядаги йиғин давомида жароҳат олиб, Ўзбекистонга қайтиб кетишга мажбур бўлади. Шу сабабли Рауф Инилиев унинг ўрнига Хайрулла Каримовни жойлаштиради.
"Букит Жалил"даги беллашувда илк хавфли вазиятни ўзбекистонликлар яратди. 5-дақиқада Виталий Денисовнинг узатмасидан сўнг икки ҳимоячи билан курашда енгиб чиққан Тимур Кападзе бош билан рақиб дарвозасига зарба берди, аммо бу дарвозабон учун қийинчилик туғдирмади.
Орадан икки дақиқа ўтган, Али Каримининг узатмасидан сўнг Воҳид Ҳошимиян ўз омадини синаб кўради, аммо Бугало ҳушёрликни йўқотмайди.
16-дақиқада эса ҳисоб очилди. Виталий Денисов рақиб ҳужумни қайтариш учун тўпга кучли зарба йўллади ва бу қарши ҳужумга айланиб кетди. Тўпни ўз посбонига оширмоқчи бўлган "Ливорно" ҳимоячиси Раҳмон Ризоий эса хатога йўл қўйиб, ўз дарвозасини ишғол қилди.
Орадан 8 дақиқа ўтиб, ўзбекистонликлар иккинчи голни уриши мумкин эди. Жепаровнинг жаримадан узатган тўпига Кападзе бош билан зарба йўллади, аммо тўп дарвоза устуни ёнидан ўтиб кетди.
Иккинчи бўлимда эса эронликлар ташаббусни қўлга олди. 55-дақиқада Меҳди Меҳдавакиянинг бурчак узатган тўпини Жалол Ҳусайни бош билан дарвозага тўғрилаб қўйди.
Умуман олганда, иккинчи бўлим давомида Бугало эронликларнинг кўпгина ҳужуми голга айланишига йўл қўймади.
72-дақиқада Тимур Кападзе Жепаровнинг пасидан сўнг рақиб посбони билан бирга-бир вазиятга чиқиб боради, аммо унинг зарбасини эронликлар посбони қайтаришга муваффақ бўлди.
Шунга қарамай, Эрон терма жамоасининг босими охир-оқибат ўз самарасини берди. Захирадан майдонга туширилган Жавод Козимиан 78-дақиқада жамоадошининг ажойиб узатмасидан сўнг ўз исмини таблога ёзиб қўйди.
Учрашувда ҳисоб бошқа ўзгармади ва Эрон 2:1 ҳисобидаги ғалабани тантана қилди.
Дарвоқе, ўйин охирида захирага ҳаками сув идишини улоқтиргани учун Эрон бош мураббийи Амир Ғалинои бош ҳакам томонидан четлатилди.
Осиё кубоги-2007
Эрон — Ўзбекистон 2:1
"Букит Жалил" стадиони, 5,938 томошабин. Куала-Лумпур, Малайзия.
Бош ҳакам: Саад Комил ад Фадли (Кувайт)
Голлар: Жалол Ҳусайни (55), Жавод Козимиан (78) — Раҳмон Ризоий (авт. 16)
Эрон: 1.Ҳассан Рудбариан, 5.Раҳмон Ризоий, Саид Жалол Ҳусайни, 7.Фаридун Занди, 2.Меҳди Меҳдавакия, 6.Жавод Некунам, 4.Андраник Темурян, 8.Али Карими (15.Ҳоди Ағили, 90), 10.Расул Ҳатиби (17.Жавод Козимиан, 46), 16.Ғуломризо Инояти, 9.Воҳид Ҳошимиян (11.Меҳрзод Маданчи, 73)
Бош мураббий: Амир Ғалинои
Ўзбекистон: 1.Павел Бугало, 2.Хайрулла Каримов, 19.Ислом Иномов, 23.Виталий Денисов, 17.Алексей Николаев, 7.Азиз Ҳайдаров (13.Ҳикмат Ҳошимов, 61), 18.Тимур Кападзе, 8.Сервер Жепаров, 4.Азиз Ибрагимов, 9.Павел Соломин (11.Марат Бикмаев, 64), 10.Улуғбек Бакаев (15.Александр Гейнрих, 81)
Бош мураббий: Рауф Инилиев
Огоҳлантиришлар: Андраник Темурян (49), Меҳди Меҳдавакия (77) — Ислом Иномов (81)
Ўйиндан кейин Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Рауф Инилиев йўқотишлар учрашувга таъсир ўтказганини айтди.
"Алиқуловнинг таркибда йўқлиги бугунги ҳимоядаги асосий муаммомиз бўлди. Ҳимоя марказида бир нечта қўпол хатоларга йўл қўйдик, агар у майдонда бўлганида, бундай хатоларга йўл қўймасдик. Асрор бугун ҳимоядаги муайян муаммолардан бизни қутқариб қолган бўларди. Албатта, биринчи ўйин ҳар қандай жамоа учун қийин бўлади. Айниқса, рақибингиз Эрон терма жамоаси бўлса. Лекин бизда гол уриш учун имкониятлар бўлди, Ҳисоб тенг вақти Тимур Кападзе қулай вазиятдан фойдалана олмади. Агар у гол урганида, натижа буткул бошқача бўлиши мумкин эди. Кейинги босқичга чиқиш учун ҳали имкониятимиз етарлича. Бугун кучли рақибга қарши ўйнадик. Эрон ғалабага ҳақли эди. Максим Шацких майдонда бўлганида, ғалаба қозонишимизга ёрдам бериши мумкин эди. Ҳар ҳолда қолган икки ўйинда у бизга ёрдам бера олади".
Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳдаги қолган икки ўйинда ғалаба қозониб, чорак финал йўлланмасини қўлга киритди. Эрон ҳам мағлубиятсиз тарзда плей-оффга йўл олди. Бироқ икки жамоа ҳам чорак финалда мусобақа билан хайрлашди. Ўзбекистон Саудия Арабистонига имкониятни бой бериб қўйган бўлса, Эрон Жанубий Кореяга пенальтилар сериясида ютқазди.
Али Дайининг бенефисига айланган Ўзбекистон — Эрон ўртасидаги дастлабки учрашувни ёдга оламиз
Эрон билан ўйинлар тарихидан. Қосимов ва Бакаев “Озоди”да форсларни бўйсундирган учрашув
Эрон билан ўйинлар тарихидан. Катта саҳнада Нишимура ёхуд Абрамов учун сўнгги бекат
Фикрлар