Сергей Лушчан: “Зоб Оҳан"га қарши ўйин учун тайёрлаган режамиз бор"

Narzulla Saydullayev
12 мар 2017
Осиё Чемпионлар Лигаси–2017 турнири “С” гуруҳи 3-туридан ўрин олган “Бунёдкор” – “Зоб Оҳан” учрашуви олдидан ташкил этилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида “қалдирғочлар” устози Сергей Лушчан ва клуб аъзоси Нурулло Тўхтасинов ўз фикрларини билдириб ўтди.

“Эртанги ўйинда ғалаба қозонишимиз зарур. Бизга осон бўлмайди, аммо бунинг учун ҳаракат қиламиз. “Бунёдкор” ёшларга ишонишда давом этади, улар ўзбек футболининг келажаги. Акрам Комилов қизил карточкаси туфайли бўлажак ўйинни ўтказиб юборади. Элдор Шомуродовда бироз чарчоқ аломатлари бор. Бундан ташқари, у терма жамоа олдида турган муҳим ўйин учун жалб қилинган. Эртага нима бўлишини фақат вақт кўрсатади.

Бўлажак ўйин учун тайёрлаган режамиз бор. Бундан ташқари бошқа режалар ҳам тузиб қўйганмиз. Аммо улар ҳақида ҳозир айта олмайман. Барчаси эртага майдонда намоён бўлади”, – деди Сергей Лушчан.

“Бунёдкор” эртага фақат ғалаба учун майдонга тушади. Жамоа бунга тайёр, ички муҳит ҳам яхши. Шунинг учун эртанги баҳсда муваффақиятга эришмоқчимиз. “Зоб Оҳан”дан қўрқмасдан ҳаракат қиламиз”, – дея ўз фикрини билдирди Нурулло Тўхтасинов.   

Эслатиб ўтамиз, “Бунёдкор” – “Зоб Оҳан” беллашуви эртага, 13 март куни бўлиб ўтади. Учрашув Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида соат 18:00 да бошланади.


Narzulla SaydullayevМуаллиф
Манба: the-uff.com