Сербиялик мураббий Синиша Михайлович вафот этди

Оқил Абдубарноев
16 дек 2022
“Торино”, “Фиорентина” клублари ҳамда Сербия терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Синиша Михайлович 54 ёшида вафот этди. Бу ҳақда журналист Фабрицио Романо Twitter саҳифаси орқали хабар берди.

2019 йил Михайловичга оққон касаллиги ташхиси қўйилганди. Мутахассис анча муддат даволанди, шундан сўнг касаллик ортга чекинди. Бироқ 2022 йилнинг баҳорида хасталик яна уни безовта қила бошлади. Шунга қарамай, бу вақт давомида Михайлович мураббийлик фаолиятини давом эттираётганди.

Михайлович футболчилик фаолиятида ҳимоячи ампуласида ҳаракат қилган. У "Црвена Звезда", "Рома" сингари кучли жамоалар сафида тўп тепган, аммо "Лацио"даги (1998-2004) фаолияти орқали жамоатчиликка танилган. Михайлович 2006 йил “Интер” сафида бутсаларини михга илган. Халқаро миқёсда Михайлович аввалига Югославия, кейин эса Сербия ва Черногория терма жамоалари шарафини ҳимоя қилган.

2006 йил у "Интер"да ёрдамчи мураббий сифатида фаолиятини бошлаган. Шундан сўнг “Фиорентина”, Сербия терма жамоаси, “Сампдория”, “Торино” клубларида ишлаган. Охирги уч мавсум давомида Михайлович “Болонья”ни бошқарганди.


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: twitter.com/FabrizioRomano