"Сен ёки телбасан, ёки даҳо"
15 июл 2023 19:35
Янгиликлар
Лондонликлар форварди Харри Кейннинг "Бавария" ўтиши ҳақидаги "сериал" якунига яқинлашиб қолгандек – аммо "шпорлар" имконсиз нарсани истамоқда. Жамоанинг тўпурарини таркибда сақлаб қолишга бўлган ҳаракатлари, уни буткул текинга йўқотиш билан якунланиши мумкин.
Янги шартнома, каттагина маош
Инглиз гранди... Агар "Тоттенхэм"ни гранд деб бўлса, Харрини жамоада олиб қолиш учун ягона илинж – бу масаланинг молиявий томони. 29 ёшли марказий ҳужумчи йиллар ўтиб боришига қарамай, "Тоттенхэм"нинг ҳужумдаги асосий кучи бўлиб қолмоқда — АПЛ-2021/22 мавқсумида у 17 та гол урди, ўтган мавсумда эса бу кўрсаткич 30 та голни ташкил этди. Шунга қарамай, "Тоттенхэм" еврокубокларсиз қолиб кетди, янги мураббий Анге Постекоглу келгач, жамоада қайта қуриш ишлари бўлиб ўтиши табиий. Бундай вазиятда Кейн жамоанинг энг қийматли "акцияси" бўлиб қолмоқда — янги бош мураббий айнан унинг атрофида жамоани қуришини кутиш ўринли.
Табиийики, бундай ҳолатда марказий ҳужумчини қўйиб юборишни ҳеч ким истамайди. Шу сабабли инглизлар Кейн учун космик нарх - 140 миллион евро сўрашяпти. Музокаралар "пауза"да ва ишга Постекоглунинг ўзи ҳам аралашган. Австралиялик менежер шахсан Харрининг жамоада қолишга кўндирмоқчи.
Ўз навбатида клуб футболчининг маошини оширишга тайёр – агарда форвард ҳамкорлик муддатини узайтиришга рози бўлса, ҳафтасига 400 минг фунт маош олади (солиштириш учун Алексис Санчес МЮда 300 минг оларди).
Бироқ пул бу вазиятда голеадор ҳужумчи учун асосий фактор эмас. Энди гап Ангеда қолмоқда. Мураббий шогирдини "Тоттенхэм" еврокубокларга қайтиб, муваффақиятга эришишига ишонтира олармикин?
"Бавария" жиддий суммадан воз кечишга тайёр
Мюнхенликларга ҳам жаҳон даражасидаги страйкер жуда зарур. Ўтган мавсумни немислар экспериментлар билан ўтказишди. Чупо-Мотинг бундай критерияга мос келмайди – прессингда у катта кўламдаги ишни бажарсада. 34 ёшли камерунликдан ташақари марказий форвард сифатида майдонга Гнабри, Мане, Мюллер ҳам туширилди. Мюллер/Гнабри-Мане вариантидаги жуфтликларни ҳам кўрдик. Самарадор Левандовски билан боғлиқ хотиралар тирик экан буларнинг барчасидан кўнгил тўлиши қийин – шу сабаб Кейн трансферига "Бавария" бор диққат эътиборини қаратган.
Клублар ўртасидаги музокаралар оғир руҳда ўтмоқда, Германия чемпиони "Тоттенхэм"га навбатдаги таклифни юбормоқчи – учинчисини. Аввалроқ немислар лондонликларга 80 миллион евро таклиф қилган, аммо рад жавобини олган. Айтиб ўтганимиздек, "Бавария" таслим бўлмоқчи эмас. Маълумотларга қараганда бу сафарги таклифдаги рақамлар 90-95 миллион бўлади ва ҳали якуний сумма 100 млн.дан ошишини ҳам тахмин қилишмоқда.
"Бавария"даги ҳамма – жумладан, кузатув кенгашига кирган Карл-Хайнц Румменигге ҳам – "Тоттенхэм"ни трансферга кўндиришга ишонмоқда. Бунга қарамай, захира режаси ҳам йўқ эмас. Агарда келишув амалга ошмаса, мюнхенликлар Кейнни кейинги йил ёзда эркин агент сифатида олиб кетади. Бу мавсум эса "Ювентус"дан Душан Влахович ёки "Ман Сити"дан Хулиан Альваресни ижарага олиб туради.
Кейннинг ўзи ҳам Германияга кетмоқчи
Мақоланинг бошида айтганимиздек, "Тоттенхэм" ҳужумчисига пул асосийси эса. Ҳужумчи 30 ёшда (28 июль куни 30га тўлади), фаолиятининг асосий қисмини у "совринлар юта олмайдиган клубда" ўтказди ва охирги мавсум сабрнинг косасига томган охирги томчи бўлса не ажаб.
Вазиятни яна чўзгандан фойда йўқ. Харри ундовларга учмаяпти. Унинг амалдаги шартномаси кейинги йил ёзда якунига етишига қарамай, у келишувни узайтирмоқчи эмас. Қўшимчасига Кейн кейинги йилни ҳам кутиб ўтирмай, ҳозир Лондондан кетмоқчи.
"Бавария" Бундеслигада чемпионлик учун асосий номзод, мунтазам равишда Кубокда муваффақият қозонади. Бироқ асосийси – Чемпионлар Лигасида анча муваффақиятли иштирок этажи. "Тоттенхэм" Кейнга буларнинг ҳеч бирини ваъда қилолмайди. Нафақат терма жамоада, балки клубда ҳам совринларсиз қолиш, ёши ўтиб бораётган бир паллада, бундай даражадаги ҳужумчига алам қилиши аниқ.
Раҳбарларнинг зиқналиги "Тоттенхэм"га қимматга тушиши мумкин
Ҳозир барчаси лондонликларга қарши. Ҳужумчининг ўзи раҳбарият ва янги мураббийнинг қуруқ ваъдаларига ишониш ниятидамас. Охирги мавсум фақатгина вазиятни янада кескинлаштирди – "шпорлар"лар Конте қўл остида омадсизликка учради, ҳозир барчасини янгидан қуриш режалаштирилмоқда, лекин 30 ёшли страйкернинг бунга вақти йўқ.
Бу вазиятда ҳаммаси Кейннинг шартномани узайтиришига қаршидек – бир йилдан кейин эса у эмин-эркин Лондонни тарк этиши мумкин ва "Тоттенхэм"нинг қўлидан ҳеч нима келмайди.
"Бавария" ҳам буни яхши тушуниб турибди — мюнхенликларга топ-страйкер керак, лекин Харри бу мавсумни ҳам АПЛда ўтказадиган бўлса, уларнинг захира варианти ҳам бор. Шунга қарамай, немислар трансфер учун 90-100 млн евро беришга тайёрлар. "Бавария" бундай катта суммага трансфер қилганини бирданига эслаш ҳам мушкул.
Мана шундай вазиятда лондонликлар нима қиляпти? Ақлбовар қилмас нарх қўйиб олиб, немисларнинг таклифларини кетма-кет рад этишмоқда. Ўттизни уриб қўйган амалдаги шартномаси бир йилда тугайдиган ҳужумчининг асл нархи анчагина паст.
Англия клубининг боссларининг қайсарлиги бу вазиятда аксинча клуб зарарига ишламоқда. Агар барчаси шундай давом этадиган бўлса, Кейн билан муносабатлар буткул бузилади ва янги шартнома ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Натижада, клуб энг кучли футболчисидан айрилади ва ҳеч бўлмаса пул ҳам ишлай олмайди. Бу вазиятда бир гап эсга келмоқда: "Сен ёки телбасан, ёки даҳо".
Нозима Тўхтамирзаева таржимаси
Фикрлар