"Сандерленд" ўз стадиони таблосига "Ньюкасл" гербини жойлаштиришдан бош тортди – дерби тарихига назар
15 дек 19:20
Янгиликлар
"Сандерленд" ўз стадиони таблосига "Ньюкасл" гербини жойлаштиришдан бош тортди – дерби тарихига назар
Қарийб 10 йилдан сўнг "Light" стадионида шиддатли Тайн–Уир дербиси ўтказилди. "Қора мушуклар" ўз стадиони таблосида рақибларини эътироф этишдан бош тортишди, шунчаки уларни "меҳмонлар" деб аташ билан чекланди. Одатда эса таблода меҳмон жамоанинг герби акс эттириларди.
"Сандерленд" жамоаси мухлислари ўйин бошланишидан олдин ўз ҳис-туйғуларини аниқ-равшан ифодалади. Улар "Ньюкасл" лақабига ишора қилиб, қўрқувдан довдираб қолган зағизғонга ташланаётган ваҳший қора мушукни тасвирловчи улкан баннерни намойиш этди.

Зиддият тарихи
Дерби номи рақиб жамоаларнинг шаҳарлар атрофида оқиб ўтадиган дарёлар – Тайн ва Уир номларидан келиб чиққан (мос равишда Ньюкасл ва Сандерленд). Уларнинг қарама-қаршилиги (клублар эмас, шаҳарлар) тарихи Англия инқилоби даврига, яъни XVII аср ўрталарига бориб тақалади. Ўша пайтда Ньюкасл қирол ҳокимиятини қўллаб-қувватлаган, Сандерленд эса парламент тарафдорлари томонида бўлган.

Ниҳоят, саноат инқилоби қўшни шаҳарларни (Нюкасл ва Сандерленд ўртасидаги масофа тахминан 20 км) кемасозлик ва тошкўмир қазиб олишда рақобатчига айлантирди.
Одатдагидек, шаҳарлар ўртасидаги рақобат футболга ҳам кўчиб ўтди. Қизиғи шундаки, дастлаб ҳар икки шаҳарда иккитадан клуб мавжуд эди: Ньюкаслда – "Уэст Энд" ва "Ист Энд", Сандерлендда эса – "Сандерленд" ва "Сандерленд Альбион". 1892 йилда "Уэст Энд" банкротга учраб, рақибларига "Сент-Жеймс Парк" стадионидан фойдаланиш ҳуқуқини ва футболчиларини топширди. Шу тариқа Ньюкаслда ягона жамоа шаклланди. Худди шу йилда "Сандерленд Альбион" ҳам ўз фаолиятини тугатди.

Совринлар масаласида эса деярли тенглик мавжуд (биринчи тарафда – "Ньюкасл" кубоклари):
Англия чемпиони: 4 – 6.
Англия кубоги: 6 – 2.
Англия суперкубоги: 1 – 1.
Ярмаркалар кубоги: 1 – 0.
Таъкидлаш жоизки, ҳар икки клубнинг асосий ютуқлари анча илгариги даврларга тўғри келади. "Зағизғонлар"нинг сўнгги чемпионлиги 1927 йилга тўғри келади ("Сандерленд"да – 1936 йил), умуман олганда, клуб сўнгги марта 1969 йилда (ярмаркалар кубоги) кубокни қўлга киритган. Бу борада "Сандерленд"нинг муваффақияти ҳам нисбатан “янгироқ” – 1973 йилги Англия кубоги.
Шу билан бирга, "Ньюкасл"нинг кўплаб мухлислари ҳали ҳам 90-йиллар ўртасини яхши эслайди. Ўшанда Кевин Киган қўл остида жамоа кетма-кет икки мавсум чемпионлик учун курашган, аммо иккала сафар ҳам "Манчестер Юнайтед"дан кейин иккинчи ўринда қолиб кетган.

"Ньюкасл" ва "Сандерленд" ўртасидаги ўйинлар
Жамоалар илк расмий учрашувини 1898 йил 24 ноябрда ўтказган. Ўша пайтда "Ньюкасл" Англия олий дивизионида иштирок эта бошлаган ва ўз майдонида 3:2 ҳисобида ғалаба қозонган.
Айниқса, ўтган асрнинг 10–20-йилларидаги тўқнашувлар жуда қизғин кечган. Чунки ўша даврда ҳар икки клуб ҳам инглиз футболининг етакчилари қаторида эди. Қизиқ воқеалар ҳам бўлиб турган. Масалан, 1908–1909 йилги мавсумда "Сандерленд" рақибини икки бор мағлуб этган – уйда 3:1, сафарда эса шов-шувли 9:1 ҳисобида. Аммо шунга қарамай, чемпионликни "Ньюкасл" қўлга киритган, "қора мушуклар" эса учинчи ўрин билан чекланган.
Ҳар бир учрашувни жангга қиёслаш мумкин, уларнинг исталгани ҳақида алоҳида гапиришга арзийди. Аммо биттасини албатта тилга олмасликнинг иложи йўқ. 1990 йил май ойида жамоалар биринчи дивизионга чиқиш ҳуқуқи учун плей-офф ярим финалида тўқнаш келган. Сандерлендда бўлиб ўтган илк ўйин 0:0 ҳисобида якунланган, ўшанда майдон эгалари пенальтидан фойдалана олмаган.

Жавоб учрашувида "қора мушуклар" 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. "Ньюкасл" мухлислари эса майдонга югуриб чиқиб, ўйинни бузишга ҳаракат қилишди — уларнинг фикрича, бу ҳолат ўйинни такроран ўтказишга олиб келиши мумкин эди. Бироқ қайта ўйин ўтказилмади ва "Сандерленд" финалга йўл олди. Финалда эса жамоа "Суиндон Таун"га 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Аммо кейинчалик бу клуб футболчиларга ноқонуний тўловлар билан боғлиқ молиявий фирибгарликларда айбланди, "Суиндон" иккинчи дивизионда қолдирилди ва "Сандерленд" элитага йўл олди.

Футболчилар
Икки клуб сафида ўйнаган футболчилар жуда кам, жамоалар ўртасида тўғридан тўғри трансферлар эса умуман бўлмаган. Сўнгги йиллардаги энг машҳур "қочқин" футболчи ярим ҳимоячи Майкл Брижес ҳисобланади.
"Сандерленд" тарбияланувчиси бўлган Брижес асосий жамоада 1995 йил дебют қилди, 1999 йилда "Лидс"га ўтди, беш йил ўтиб эса ижара асосида "Ньюкасл"га йўл олди. У ерда Брижес ўз ўрнини топа олмади ва кўп ўтмай "Болтон" орқали яна "Сандерленд"га қайтди. Бироқ мухлислар унинг бундай хиёнатини ҳам кечиришмади ва бир ярим йилдан сўнг Брижес жамоани тарк этди.
Мухлислар тўқнашуви
Албатта, "Ньюкасл" ва "Сандерленд" мухлислари ўртасида азалдан кескин қарама-қаршилик мавжуд. Илк йирик тўқнашув 1901 йилда содир бўлган. Ўша пайтда дербини тахминан 120 минг киши томоша қилиш истагини билдирган, ҳолбуки "Сент-Жеймс Парк" стадиони атиги 30 минг томошабинни сиғдира оларди. Натижада ўйин бекор қилинган ва бу оммавий тартибсизликларга сабаб бўлган. Тўполонлар давомида жабрланганлар ҳам бўлган.

Яхшиямки, бу қарама-қаршилик тарихида ўлим ҳолати қайд этилмаган. Бироқ "Сандерленд" ва "Ньюкасл" ўйинларида мухлисларнинг ҳибсга олиниши ҳатто бугунги кунда ҳам оддий ҳол ҳисобланади. Масалан, 2001 йил март ойидаги дербидан кейин 160 нафардан ортиқ мухлис қўлга олинган.
Яна бир қизиқ воқеа 1996–1997 йилги мавсумда рўй берган. Ўшанда "Сандерленд" Премьер-лигага чиққан, аммо эски "Roker Park" стадиони ("қора мушуклар"нинг ҳозирги уй аренаси – "Stadium of Light" ўша пайтда ҳали қурилаётган эди) хавфсиз деб топилмаган. Шу сабаб полиция дербида "Ньюкасл" мухлисларининг иштирокини тақиқлаган. Бу Англия футболи учун мутлақо мисли кўрилмаган ҳолат эди. Бунга жавобан "зағизғонлар" раҳбарияти жавоб учрашувида рақиб мухлисларини стадионга киритмаслигини маълум қилган.
Бироқ кечаги воқеа охирги тўқнашув билан боғлиқ. 2024 йил 6 январь куни Англия Кубоги (FA Cup) доирасида “Ньюкасл Юнайтед” “Сандерленд”нинг уй стадионида 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган ва ўйиндан кейин меҳмон жамоа футболчилари оммавий равишда суратга тушганди.

Ушбу воқеа “Сандерленд” мухлислари орасида катта норозилик уйғотган, чунки рақиб жамоанинг дерби майдонида ғалабани намойишкорона нишонлаши ҳурматсизлик сифатида қабул қилинган. Бир йил ўтиб, таблода “Ньюкасл” номи ўрнига “меҳмонлар” ёзилиши айнан шу эпизодга нисбатан рамзий жавоб сифатида талқин қилинди. Қолаверса, “Сандерленд” футболчилари 1:0 ҳисобидаги ғалабадан сўнг ашаддий рақибининг ишини такрорлади.

Ўхшаш янгиликлар
championat.asia
Аргентина ЖЧ-2026дан четлатилиши мумкин
Ла Лига. Рафиньянинг дубли "Барселона"га "Осасуна" устидан ғалабани тақдим этди
Туркия Суперлигаси. Шомуродовнинг гол ва ассисти "Башакшехир"га меҳмонда "Самсунспор" устидан ғалабани тақдим этди
ФИФА Туркий давлатлар Кубоги. Қулоққа қандай эшитилади?
Фикрлар