Ризван Фарзалиев: "Иккинчи ўйинда ғалаба қозонишга умид қиламан"

Tolibjon Qosimov
17 авг 2016
Кеча футзал бўйича Ўзбекистон ва Озарбойжон миллий терма жамоалари ўзаро дастлабки ўртоқлик учрашувини ўтказишди.

3:3 ҳисобида ўз якунига етган ўйиндан кейин Озарбойжон терма жамоаси сардори Ризван Фарзалиевнинг фикрлари билан қизиқдик.

"Бу бизнинг биринчи ўртоқлик учрашувимиз, айни пайтда ҳудди сизлар каби Колумбиядаги мундиалга тайёргарлик кўраяпмиз. Ўртоқлик учрашуви ҳам масъулиятли ўйин, бугун ғалаба қозонганимизда яхшироқ бўларди, лекин Ўзбекистон ҳам кучли жамоа. Жаҳон чемпионатига тўлиқ тайёр бўлишимиз учун мана шундай рақиблар билан доимий ўйнашимиз лозим.

Ўзбекистон билан олдин ҳам ўйнаганмиз, лекин ҳозир таркибимиз ўзгарган. Мусобақагача кам вақт қолди, ўйин услубимизда катта ўзгариш бўлмайди. Иккинчи баҳсда муваффақиятга эришамиз деб умид қиламан. Назорат учрашувларидан мақсад эса кучсиз томонларимизни кўриб олиш ва улар устида ишлаш", - дейди Ризван Фарзалиев.


Tolibjon QosimovМуаллиф
Манба: championat.asia