Раймондан Эденгача: “Реал”нинг "еттинчи рақамли"лари
29 авг 2019 01:18
Янгиликлар
Раймондан Эденгача: “Реал”нинг "еттинчи рақамли"лари
91 йил олдин футболчилар либосида пайдо бўлган рақамлар мухлислар онгига маҳкам ўрнашиб олган. Кўпгина мухлислар учун уларнинг севимли футболчиси танлаган рақам жуда муҳим саналади.
Футболчиларнинг ўзлари ҳам либосининг орқа тарафида ёзилган рақамга катта аҳамият беришади ва бу рақамларнинг баъзилари бутун клублар учун ҳам тарихий ҳолга айланиши мумкин. Масалан, "Интер" Жачинто Факкетти ва Хавьер Занеттига берилган 3 ва 4 рақамларини уларнинг хотираси учун муомиладан олиб ташлаган, "Наполи" Диего Марадонани шу тарзда шарафлади (10 рақами), "Челси" Жанфранко Золанинг 25-рақамини тарихга "мухрлади".
"Реал" учун 7 рақами ўзгача “сеҳр”га эга. Сабаби, бу рақам эгалари сўнгги олтмиш йил ичида "Қироллик клуби" ҳужумкор кучининг тимсолига айланди. Яқинда афсонавий юлдузли рақам янги келган Эден Азарга берилди.
Раймон Копа (1956-1959)
"Кичкина Наполеон" 1931 йилда польшалик муҳожирларнинг оиласида туғилган (отасининг фамилияси Копачевский эди) ва кўмир шахталарида машаққатли ишларни қилиб, 15 ёшида бармоғидан айрилган болакай, барчасидан безор бўлиб, футбол ўйнашга киришди. Раймон ўзининг профессионал фаолиятини "Анже"да бошлади, кейин "Реймс" клубига ўтди, жамоа билан икки марта Франция чемпионлигини қўлга киритди ва Европа чемпионлар кубоги финалига қадар етиб бориб, "Реал" билан тўқнаш келди.
Ушбу ўйиндан бир неча кун олдин "қаймоқранглилар" президенти Сантьяго Бернабеу ҳужумкор ярим ҳимоячининг ажойиб истеъдодига ишониб, уни "Реал" га ўтишга кўндирди. "Қироллик клуби" франциялик футболчини 1956 йил 4 октябрда "Сошо" билан ўртоқлик учрашувида майдонга туширишга қарор қилди. Ўйинни Ди Стефано билан бирга бошлаган Копа, гўё йиллар давомида янги шериги билан бирга тўп тепгандек ўйин кўрсатди. Аргентиналик тўртта, франциялик учта гол урган ҳолда ўз жамоалари ҳужум чизиғи пешқадамларига айландилар. Меҳмонлар 14:1 ҳисобида мағлуб этилди. Учрашув дўстона бўлишига қарамай, Франция футбол ассоциацияси бу натижани миллат учун шармандалик сифатида қабул қилди ва "Сошо"га бир йил давомида мамлакат ташқарисида ўйнашни тақиқлади.
Раймон Копа "Реал"да ўнг қанот вингери сифатида ўйнади. Жамоада ўзининг ажойиб дриблинги, ақл бовар қилмайдиган қобилияти ва ажойиб узатмалари билан машҳур бўлди. Копа "қаймоқранглилар" тарихидаги энг яхши ассистентлардан бирига айланди.
Уч йил давомида футболчи 101 та ўйинда майдонга тушиб, 30 та гол урди, олтита кубокни қўлга киритди ва кетма-кет тўрт йил давомида Европанинг энг кучли учта ўйинчиси қаторига кирди ва "Олтин тўп" соҳибига бўлган биринчи французга айланди (1958-йил). У ҳозиргача футбол тарихидаги энг кучли ҳужумкор ярим ҳимоячилардан бири ҳисобланади.
Амансио Амаро (1962-1976)
Копа "Реймс"га қайтиб кетгач, "Реал" футболкасида еттинчи рақамга эга бўлган таниқли футболчи "Депортиво"дан кўчиб ўтган Амансио Амаро бўлди. Унинг даврида "Қироллик клуби"даги "етти" сеҳрли рақам мақомини абадий таъминлади.
Раймон сингари Амаро ҳам ўнгда ўйнаган ва паст бўйли бўлган(165 см). Дриблингнинг ҳақиқий устаси сифатида "Эль Брухо" (сеҳргар) лақабига эга бўлди. "Депортиво"даги тўрт мавсум давомида Амансио 108 ўйинда 69 та гол урди, шундан сўнг Дон Сантьяго Бернабеу шахсан Ла-Коруньяга бориб, иқтидорли вингерни "Реал"га ўтишга ишонтирди. Футболчи катта маблағ эвазига "Қироллик клуби"га кўчиб ўтди ва тезда Мигел Муньос бошқарган жамоанинг асосий ўйинчисига айланди. 60-йилларда Испания футболида устунлик қилган бу таркибга "Йе-Йе" лақабини беришган.
1966 йил 11 майда "Партизан"га қарши Европа чемпионлар кубоги финалида Амаро ҳисобни тенглаштирди ва жамоасига ўз тарихидаги олтинчи кубокни олишга ёрдам берди. "Реал"да ўтказган 14 мавсуми давомида футболчи тўққиз марта Испания чемпиони бўлган ва 471 ўйинда деярли 150та гол уриб, уч маротаба Қирол кубогини ютган.
Бундан ташқари, Амансио ҳисобида миллий терма жамоада қўлга киритган Европа чемпиони унвони ва иккита Пичичи кубоги бор. Футболчилик фаолиятини якунлагач, Амаро "Кастилья"га мураббийлик қилди ва 1984 йилда Сегундада чемпионликка эришди.
Хуанито (1977-1987)
Хуан Гомес Гонсалес, "Реал" тарихидаги мухлисларнинг энг севимли ўйинчиларидан бири, "Қироллик клуби"га "Бургос"дан келган. Ҳужумчи юқори тезликка эга бўлиб, жамоавий ўйин маҳорати билан ҳам ажралиб турарди, шунинг учун у тез фурсатда жамоа сардорига айланди ва ҳанузгача "қаймоқранглилар" сафида ўйнаган сардорлар орасида энг етакчи ўйинчилардан бири ҳисобланади.
Хуанито Сантильяна, Ули Штилике, Висенте дел Боске ва Хосе Антонио Камачо билан ўйнади, биринчи мавсумида Ла Лигада 10 та гол урди ва Испания чемпиони бўлди. "Қироллик клуби" бу муваффақиятини кейинги икки мавсумда такрорлади ва 1980 йилда Қирол кубогининг машҳур финалида Хуанито "Реал"нинг захира жамоаси - "Кастилья"га қарши ўйинда иккита гол урди. Ўйин шафқатсизларча кечиб, 6:1 ҳисобида якунланди.
Ҳужумчи "Реал"нинг ҳақиқий рамзига айланди, у нафақат маҳорати эвазига, балки клубга бўлган чексиз муҳаббати туфайли мухлислар қалбини забт этди. У тезкор, ўзини бутунлай майдондаги жангга бағишлайдиган ва жамоасини ҳамма нарсадан устун қўядиган ўйинчи эди. 1983/84 йилги мавсумда Хуанито Пичичи унвонини қўлга киритди ва "қаймоқранглилар" учун 401 ўйинда жами 121 та гол урди. Ҳужумчи беш марта Испания чемпиони, шунингдек, иккита Қирол кубоги ва УЕФА кубогини ютган. У кийиниш хонасида ва майдонда ҳақиқий етакчи эди, шунингдек, ўз жамоадошларини қандай қилиб катта муваффақиятларга тайёрлашни биларди.
Ҳужумчи кўпинча турли муаммоларга дуч келди. Ўйинлардан бирида майсазорда ётган Лотар Маттеуснинг юзига қадам қўйгандан кейин беш йил муддатга УЕФА шафелигида ўтказиладиган мусобақалардан четлатилди. Фаолиятини якунлаган Хуанито Сегундадаги "Мерида" жамоасини бошқарди, унинг "Реал Мадрид"ни бошқариш орзуси эса ушалмай қолди.
1992 йил 2 апрелда "қаймоқранглилар"ни стадиондан қўллаб-қувватлаш учун келган Хуанито "Реал Мадрид" ва "Торино" ўртасидаги баҳсдан кейин Мадриддан Меридага қайтаётганида автоҳалокатга учради ва вафот этди. У атиги 37 ёшда эди.
Ҳозирга қадар, ҳар бир уй учрашувининг еттинчи дақиқасида, Мадрид клубининг мухлислари "Реал" тарихидаги асосий афсоналардан бирини шарафлаб,"Иллья, иллья, иллья, Хуанито маравиллья", - дея куйлашади.
Эмилио Бутрагеньо (1984-1995)
"Эль Бутре" (йиртқич) "Қироллик клуби"нинг дастлабки тарбияланувчиларидан бири бўлиб, Мадриднинг афсонавий "еттинчи рақамли"лари рўйхатига кирган. Ҳужумчи кўп марта "Реал Мадрид" академиясига киришга уринган ва ҳаммасида муваффақиятсизликларга учраган, у "Атлетико"га кетишга қарор қилган бир пайтда отаси унга қарши чиқди, ўғлига сўнгги марта уриниб кўришни буюрди, "Ота рози - Худо рози" деганларидек, бу муваффақиятли бўлди. Уч йилдан сўнг, 1984 йилнинг февралида Бутрагеньо "Кадис"га қарши ўйинда биринчи жамоада дебютини ўтказди. Ўша пайтдаги "Реал" бош мураббийи Алфредо Ди Стефано ёш ҳужумчини жамоаси 0:2 ҳисобида ютқазаётганида майдонга туширди - Эмилио дублга эришиб, голли узатмаси билан ҳам ёрдам берди, шундан сўнг "қаймоқранглилар" 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди.
Ҳужумчи ўйин услуби сабабли "йиртқич" деган номни олди: футболчи рақиб жарима майдони ичига ёриб кириш, дарвозага зарба бериш ёки жамоадошларини тўп билан таъминлашни яхши кўрарди. Эмилио "қаймоқранглилар" тарихида ўзидан кутилганини оқлай олган, самарали ҳужумчилардан бири бўлиб қолмоқда, у нафақат кўплаб голлар урди (463 ўйинда 171 та гол), балки ҳужумдаги доимий шериги Уго Санчесга ҳам голли паслар бериб борди. Улар Европа футболи тарихидаги энг яхши ҳужумкор дуетдир.
Эмилио фаолияти давомида бирор марта қизил карточка олмаган жентлмен. Бутрагеньо 1995 йилда "Реал"ни тарк этиб, Мексикага кетган эди. Бутсаларини михга илгач, Мадридга қайтиб келди. Клубда кўп йиллардан буён жамоатчилик билан алоқалар бўлими директори сифатида ишлаб келмоқда.
Раул (1994-2010)
Кўп йиллар давомида "Қироллик клуби"нинг тимсоли ҳисобланган ҳужумчи, бир неча ой давомида тўртта ёшлар жамоалари зиналаридан "Реал" сари кўтарилиб келган ("Хувенил Б" дан "Кастилья"гача) ва 17 ёш 124 кунлигида "Реал" сафида дебютини ўтказган. Биринчи мавсумида Раул 9 та гол урган ва Испания чемпионига айланган.
Кейинги тўққиз мавсум давомида ҳужумчи 225та гол урди (мавсумда ўртача 25 та гол), шу вақт ичида 12та кубок, шу жумладан, уч бор Чемпионлар Лигасини ютди. Ҳужумчи 2003 йилдан 2010 йилгача жамоа сардори эди. Раул 44та гол урган ҳолда тўпурарликда Испания термаси етакчилигини қўлга олган (кейинчалик, Давид Вилья бу натижадан ошиб кетган) бўлиб, ҳужумчи "Эль Капитан" ва “Мадрид қироли” лақабларини олган.
Раул бир нечта рекордларни ўрнатиб, шу қаторда "Реал" тарихидаги энг кўп гол урган футболчига айланди (Роналду кейинчалик уни қувиб ўтди). У ҳанузгача Ла Лига тарихидаги 228 та голи орқали тўпурарлар рўйхатининг энг яхши беш ўйинчисидан бири ҳисобланади ва ўз авлодининг энг қобилиятли ҳужумчиси нафақат гол урарди, балки бутун жамоа учун майдонда тинимсиз ҳаракат қиларди. Фаолиятининг охирига келиб, футболчи ҳужумкор ярим ҳимоячи сифатида қайта очилиб, ажойиб ассистентга айланди. Бундан ташқари, Бутрагеньо сингари, Раул ҳам фаолияти давомида ҳеч қачон майдондан четлатилмаган.
Мадриднинг "Реал" клубидан кетгач, ҳужумчи "Шальке", "Ал Садд" ва "Нью-Йорк Космос"да ўйнади. Аммо "Қироллик клуби"нинг ҳақиқий афсоналари ҳар доим Мадридга қайтишади ва "Эль Капитан" ҳам бундан мустасно эмас, у бу ёзда "Кастилья"ни бошқаради.
Криштиану Роналду (2009-2018)
Португалиялик ҳужумчининг "Реал"да бошдан кечирганларини айтиб бериш, эҳтимол шарт эмас. Сабаби, буни кўп марта кўп ерда ўқигансиз. Алоҳида мақола қилиш шарт эмас деб ўйлаймиз. Бунинг ўрнига биз фақат бир нечта рақамларни тақдим этамиз.
4та Чемпионлар лигаси, 2та Ла Лига, 2та Қирол кубоги, 3та клублараро жаҳон чемпионати ғолиблиги, 3та УЕФА Суперкубоги ва Испанияда 2та Суперкубок (жами 16 та кубок). 438 та ўйинда 451 та гол (ҳар бир ўйин учун 1,03 та гол), шу жумладан, Чемпионлар Лигасида 105та гол. Роналду 34та тўпни жарима зарбалари орқали урган, ҳар 70-голни эса бош билан. "Севилья" (27 бор ишғол этилган), "Хетафе" (23) ва "Атлетико" (22) португалияликдан энг кўп зарар кўрган.
"Қироллик клуби" таркибида Криштиану учта "Олтин бутса", тўртта "Олтин тўп" ва уч марта "Пичичи" кубогини қўлга киритди ва 6 маротаба Чемпионлар Лигасининг энг яхши тўпурари бўлди, бир мавсумда урилган голлар сони бўйича мусобақа рекордини ўрнатди (17).
Бир йил олдин Роналду янги чақирувни қабул қилди ва Италиянинг "Ювентус" клубига ўтиб, еттинчи рақамни бўш қолдирди. Бу орқали у "Реал" мухлисларининг "Қироллик клуби" тарихида асосий ўйинчи ким, деган баҳслашувини авж олдирди: Ди Стефано? Роналдунинг ўзи? Раул? Ёки Пушкашми?
Азар (2019-....)
Бу ёзда Белгиянинг энг яхши ўйинчиларидан бири, афсонавий "еттинчи"нинг янги эгаси бўлган Эден Азар жамоага келиб қўшилди. Унинг "Қироллик клуби"даги фаолияти Раймон Копа сингари қисқа, аммо жуда ёрқин бўлиши ёки Амансио каби узоқ муддатли, муваффақиятли фаолиятга айланиши кутилмоқда.
Умуман олганда биз ҳақиқатан ҳам "Реал"нинг афсонавий "еттинчи рақам" эгалари рўйхатига яна битта ном қўшилишини чин дилдан истаймиз.
Шерзод Нурматов тайёрлади
Фикрлар