"Пахтакор"дан ҳайдалган бразилиялик ва португалияликлар ҳозир қаерда? Педру Морейра қарийб бир йилдан бери клубсиз
13 мар 20:41
Янгиликлар
"Пахтакор"дан ҳайдалган бразилиялик ва португалияликлар ҳозир қаерда? Педру Морейра қарийб бир йилдан бери клубсиз
Морейра ўзи билан биргаликда катта мураббийлар штабини, шунингдек, португал тилида сўзлашувчи бир қатор легионерларни олиб келди. Бироқ у кутилган натижани бера олмади: аввалига уни "соғлиғи туфайли" таътилга жўнатишди, кўп ўтмай эса истеъфога чиқарилди. Португалиялик штаб "Пахтакор"да 14 та ўйин ўтказди ва ғалаба ҳамда мағлубиятлар кўрсаткичи мутлақо тенг бўлди — 7 тадан, бирорта ҳам дуранг қайд этилмади. Урилган ва ўтказиб юборилган тўплар нисбати эса ижобий эди — 27:17.
Хўш, ўтган мавсум старти арафасида "Пахтакор"га келган Педру Морейра, унинг ёрдамчилари ва португалзабон легионерлар ҳозир қаерда?
Педру Морейра (бош мураббий)
50 ёшли мутахассис "Пахтакор"дан кетганидан сўнг клубсиз қолмоқда. Май ойида Морейранинг ишсиз юрганига бир йил тўлади. Ҳозирда у нима билан банд эканлиги номаълум. Кеча ишсиз Морейра УЕФА Европа Лигаси доирасида Паулу Фонсека бошқарувидаги "Лион" ўйинига ташриф буюрди. Маълумот учун, Педру 2012-2021 йилларда Фонсеканинг мураббийлар штабида ("Пасуш де Феррейра", "Порту", "Брага", "Шахтёр" ва "Рома"да) фаолият юритган.

Рикардо Васконселос (ассистент)
Морейранинг ёрдамчиларидан бири Рикардо Васконселос "Пахтакор"дан сўнг Руминияга йўл олди. У ерда видеотаҳлилчи бўлиб ишламоқда. "Пахтакор"ни тарк этгач, у ярим йил давомида ишсиз юрган эди.
Марко Лейте (ассистент)
Марко Лейте мухлислар хотирасида, биринчи навбатда, кийим танлашдаги ғайриоддий услуби билан қолди. Ҳатто қиш қаҳратонида ҳам (масалан, "Ал-Ҳилол"га қарши ўйинда) у машғулот шалвари ўрнига шортикда юрарди. Васконселос сингари Лейте ҳам ярим йил ишсиз қолди. Ҳозирда Марко Португалия иккинчи дивизиони вакили "Маритиму" клубида бош мураббий ассистенти бўлиб ишламоқда. Эътиборлиси, жамоани Леонарду Жардимнинг "Олимпиакос", "Спортинг", "Монако", "Ал-Ҳилол", "Шабаб Ал-Аҳли" ва "Ал-Райян"даги собиқ ёрдамчиси Мигел Мойта бошқармоқда.
Жозе Борхес (ассистент)
Морейранинг яна бир ёрдамчиси Жозе Борхес етарлича тез — икки ой ичида иш топди. Айни дамда у Саудия Арабистонининг "Ал-Ҳазем" клуби ёшлар жамоаси устози саналади.
Мигел Соареш (жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий)
Мигел Соарешга ҳам янги иш топиш учун икки ой кифоя қилди. "Пахтакор"нинг жисмоний тайёргарлик бўйича собиқ мураббийи ҳозирда Арманистон чемпионатида пешқадамлик қилаётган "Арарат-Армения"да меҳнат қилмоқда. Қизиғи шундаки, жамоани португалиялик мутахассис Тулипа бошқармоқда, клуб инвесторлари ҳам Португалиядан.
Нуну Энрикес (физиотерапевт)
"Пахтакор"нинг собиқ физиотерапевти Нуну Энрикес ўз ватанига қайтган ва Португалия юқори дивизиони вакили "Алверка" клубида ишламоқда. Унинг янги иш топиши учун бор-йўғи икки ой вақт кетди.
Бруну Лопеш ("Пахтакор" U-21 бош мураббийи)
Морейранинг келиши билан "Пахтакор" ёшлар жамоаси тизгини ҳам бошқа бир португалияликка — Бруну Лопешга топширилган эди. У 2025 йилги мавсум охиригача ишлаб, жамоани чемпионликка қадар етаклади. Айни дамда у клубсиз қолмоқда.
Жонатан Луис (дарвозабон)
2025 йилнинг май ойида Морейра кетганидан сўнг, бразилиялик посбон асосий таркибда фақат битта ўйин ўтказди. Якунда у рақобатда Владимир Назаровга имкониятни бой берди. Вақт шуни кўрсатдики, Назаров Жонатандан камида кучсиз эмас, ўйиннинг айрим жиҳатларида эса ҳатто кучлироқдир. Бразилиялик дарвозабон бир неча бор қўпол хатоларга йўл қўйди (масалан, "Сўғдиёна" ва "Динамо"га қарши ўйинларда). Умумий ҳисобда Луис 13 та ўйинда майдонга тушиб, 18 та тўп ўтказиб юборди ва фақат уч марта "қуруқ" ўйин ўтказди. Жонатан 2025 йилги мавсумнинг охирини "Пахтакор" ёшлар жамоасида якунлади. Ҳозирда 34 ёшли голкипер Бразилия В Сериясининг "Атлетик" клуби шарафини ҳимоя қилмоқда.

Жонатан Лукка (ярим ҳимоячи)
Бразилиялик ярим ҳимоячи майдон марказини кучайтириши кутилганди. Бироқ Жонатан жуда секин ҳаракат қилар, кўпинча яккакурашларга ўз вақтида кириша олмас ва асосан орқага ҳамда кўндалангига ўйнаб, ҳужумларни "тормозларди". Лукка "Пахтакор" сафида 13 та ўйин ўтказгач, тиззасидан жароҳат олди. Ёзги трансфер ойнаси вақтида у билан шартнома бекор қилинди ва шу кунгача у жамоасиз юрибди.

Брайан Риаскос (ҳужумчи)
Риаскос колумбиялик бўлса-да, Португалияда ўйнаган ва португал тилида яхши гаплашарди. Брайан, биринчи навбатда, Элит Чемпионлар Лигасидаги ёрқин ўйинлари ("Ал-Садд" дарвозасига дубль, "Ал-Ҳилол" билан ўйинда ассист) билан ёдда қолди. Бундан ташқари, Риаскос Ўзбекистон Кубогининг 1/8 финали доирасидаги "Олимпик-Мобиуз"га қарши энг оғир ўйинни (2:1) "тортиб чиққанди": у дубль қайд этди, шу жумладан, ғалаба келтирувчи голни ўйин тугашига 10 дақиқа қолганда киритди. Умуман олганда, колумбиялик ҳужумчи яхши сермаҳсуллик кўрсатди — 31 та ўйинда "гол+пас" тизими бўйича 10+5. Бироқ мавсум ўрталарига келиб у асосий таркибдан бутунлай тушиб қолди ва кўпинча захирадан майдонга тушди. Якунда у Суперлига тўпурарига айланган Игорь Сергеевга рақобатда ютқазди. Январь ойида Риаскос Ироқнинг "Ал-Завра" клубига ўтди ва 7 та ўйинда 5 та гол уришга улгурди, жумладан, ОФК Чемпионлар Лигаси-2 доирасида "Ал-Васл" дарвозасига иккита тўп киритди.

Фламарион (ҳужумчи)
Фламарион — португалзабонлар орасида Педру Морейра давридан бери "Пахтакор"да қолган ягона футболчи. Грузия фуқаролигига ҳам эга бўлган бразилияликка (Батумининг "Динамо"сидаги кўп йиллик фаолиятидан сўнг) "Пахтакор"да жароҳатлар панд бермоқда. Ва албатта, рақобат ҳам ўз сўзини айтяпти — жамоада ҳужум чизиғи учун ўйинчилар танлови жуда катта. Жорий мавсумда Фламарион майдонда бор-йўғи 44 дақиқа ҳаракат қилди ва икки марта захирадан ўйинга қўшилди холос. Умумий ҳисобда у "Пахтакор" сафида 30 та ўйин ўтказиб, 6 та гол урди ва 2 та голли узатмани амалга оширди. Ёмон статистика эмас, лекин у ҳозирча жамоанинг асосий футболчисига айлана олмади.

Николай Егоричев
Ўхшаш янгиликлар
championat.asia
ЕЧЛ. "Реал Мадрид" Вальверденинг хет-триги эвазига "Манчестер Сити"ни мағлуб этди
Суперлига. "Навбаҳор" сафарда "Пахтакор"ни мағлуб этди
Суперлига. "Нефтчи" "Андижон"ни йирик ҳисобда мағлуб этди, Искандеров ўйинни ҳал қилди
ЕЧЛ. "Барселона" меҳмонда "Ньюкасл" билан дуранг ўйнади
Фикрлар