Ўзгараётган "Металлург" (таҳлил)
19 окт 2023 14:03
Янгиликлар
Ўзгараётган "Металлург" (таҳлил)
Ҳамма "Пахтакор", "Навбаҳор", водий клубларини гапираётганда, сўнгги 10та ўйинда улардан яхши натижа қайд этаётган жамоа ҳақида гапирмасак, адолат қилмаган бўламиз.
Сўнгги 10та ўйинда ҳаммадан кўп очко жамғарди
"Металлург" мавсумнинг иккинчи қисмида фақат битта ўйинда мағлубиятга учради ("Пахтакор" 0:1). Сўнгги 10та ўйинда бекободликлар лиганинг 13та жамоасидан яхши натижа қайд этди ва 18 очко жамғарди. Мазкур форматдаги жадвалда улар пешқадам бўлиб турибди. Ўз майдонида кечган кетма-кет 5та ўйинда мағлубиятга учрагани йўқ. "Металлург" сўнгги бор 15 май куни мезбон сифатида "Насаф"га мағлуб бўлган (1:2).
Жамоа номи | Ўйинлар | Тўплар нисбати | Очко |
Металлург | 10 | 16:9 | 18 |
Нефтчи | 10 | 9:5 | 17 |
Пахтакор | 10 | 12:9 | 16 |
ОКМК | 10 | 17:16 | 16 |
Андижон | 10 | 8:7 | 16 |
Навбаҳор | 10 | 15:8 | 15 |
Насаф | 10 | 9:6 | 15 |
Сурхон | 10 | 10:9 | 15 |
Қизилқум | 10 | 14:15 | 11 |
Бунёдкор | 10 | 10:14 | 11 |
Сўғдиёна | 10 | 14:18 | 9 |
Турон | 10 | 8:16 | 9 |
Бухоро | 10 | 7:17 | 7 |
Олимпик | 10 | 11:17 | 6 |
Иккинчи даврадаги селекция
"Металлург" иккинчи даврада мавсум бошига қараганда сифатли трансферларни амалга оширди. Даниал Маҳини ва Ризо Яздандўст, Сардор Абдураимов, Шаҳзод Убайдуллаев барча футболчилар ўзини оқламоқда. Эронлик ҳимоячи Ризо "Металлург" ҳимоясининг асосий фигурасига айланди. Стандарт вазиятларда, 3 ҳимоячи тактикасида Ризо катта ишни бажаряпти. Футболчи 7та ўйинда майдонга тушди, 1та гол, 1та ассист қайд этди. Даниал Маҳини ҳар бир ўйинда ўртача 85 дақиқа ҳаракат қиляпти. Сардор Абдураимов ишончли ҳаракат қилаётганини айтиш мумкин. У жамоадошларининг 2та голига ассистенлик қилди. Шаҳзод Убайдуллаев сўнгги 3та ўйинда 4та гол урди. У сўнгги бор 2020 йил "Металлург" сафида Суперлигада бундай сермаҳсуллик қайд этганди.
Забиҳилло Ўринбоев фаолиятидаги энг яхши мавсум
Тўғрисини айтаман, аввалги йилларда Забиҳилло Ўринбоевни гол урмаётган ҳужумчилар қаторига кўп бор киритганман. Лекин жорий йилга келиб Стешевич унинг янги қирраларини очди, дейиш мумкин. Аксарият ўйинларда яққол ҳужумчи вазифасидан ташқари ҳужумчи ортида ҳам функциясини ўзгартирган ҳолда ўйнамоқда. Бу мавсумда Забиҳилло 21та ўйинда 7та гол урди ва фаолиятидаги бир мавсумдаги энг кўп голни урди. Қуйида унинг сўнгги йиллардаги статистикаси
2023 йил. 21та ўйин 7та гол
2022 йил. 25та ўйин 3та гол
2021 йил. 22та ўйин 1та гол
2020 йил. 23та ўйин 3та гол
2018 йил. 18та ўйин 2та гол
Веско Стешевич Забиҳилло Ўринбоев ҳақида шундай дейди:- "Забиҳилло Ўринбоев "Металлург" футболчиси эканидан хурсандман. У инсон ва футболчи сифатида ўзини яхши томондан намойиш этмоқда. Забиҳилло охиригача курашади. Ўринбоев шу руҳда давом этса, келажакда янада кўпроқ гол уриши мумкин. Унинг ўйинида ҳеч нарсани ўзгартирмадим. Унинг ўзи ўзгарди. Забиҳилло шунчаки кўрсатмаларимизни бажармоқда"
"Металлург"нинг Суперлигадаги рақиблари
Айни пайтда бекободликлар турнир жадвалида 9 ўринда кетмоқда. Жамоа Суперлигадан тушиб кетиш зонасидан узоқда. Лекин бу бўшашиш кераклигини англатмайди. Бир поғона пастдаги "Сўғдиёна"дан 3, "Олимпик" (2та захира ўйини бор) 6 очко олдинда. Турнир жадвали ўртасида якунлаш учун эса "Бунёдкор" ва "Сурхон"ни қувиб ўтиши керак. Лекин унгача Қаршида "Насаф" имтихони бор.
22-тур. "Металлург" - "Бухоро"
23-тур. "Насаф" - "Металлург"
24-тур. "Металлург" - "Сурхон"
25-тур. "Бунёдкор" - "Металлург"
26-тур. "Металлург" - "Олимпик"
Академия самараси
"Металлург" ўринбосарлар жамоаси сўнгги икки мавсумда совриндорлар қаторидан жой олишга ҳаракат қилиб кўрди. Айни пайтда U-21 чемпионатида бекободлик ёшлар 3-ўриндаги "Олимпик" билан бир хил 39 очко тўплаган ҳолда 4-ўринда кетмоқда. 2020 йил ўринбосарлар чемпионатида чемпионликни қўлга киритишди. U-19 чемпионатида бу йил катта "Металлург"да катта ўсиш кузатилди. Жамоа айни пайтда турнир жадвалида 2-ўринда кетмоқда. Ўтган йили мавсумни 15-ўринда тугатганди. 3-4 йилдан сўнг "Металлург" худди "Насаф" каби жамоага айланса ҳеч гап эмас.
Фикрлар