UZ

Сўнгги янгиликлар

08:37Тарихдан бунақаси бўлмаган! Абдуқодир Ҳусанов биринчи ўринга кўтарилиб олди  1 08:11Ямалнинг нима сабабдан "Эл Класико"да ўйини чиқмагани маълум қилинди  3 08:04Деярли бир тайм бир киши кам бўлиб қолган "Ал Иттиҳод" меҳмонда "Ал Насср"ни мағлуб этиб, кейинг босқичга йўл олди  8 07:58А Серия. "Милан"да дуранг, "Наполи"да эса ғалаба  0 07:46Ўзбекистон кубоги. Бугун ФИНАЛ  2 00:43Футзал бўйича Осиё ёшлар ўйинлари: Ўзбекистон ярим финалда Эрондан 14 та тўп қабул қилиб олди  7 23:28"Интер" дарвозабони 81 ёшли нафақахўрнинг ҳаётига зомин бўлди  1 22:28Артём Филипосян: "Финалда кучли жамоа ғалаба қозонсин"  1 22:04Камолиддин Тожиев эртага Бахтиёр Ашурматов ва Миржалол Қосимов қаторидан жой олиши мумкин  2 21:32ЎФА Рўзиқул Бердиев бўйича суриштирув ўтказади  58 21:16Игорь Сергеев: "Финалдан олдин кўп гапириб юбориш яхши эмас"  7 20:48Педри ва Ямаль "Эл Класико"дан кейин ижтимоий тармоқларда Карвахални кузатишни тўхтатди  48 20:28Марказий учрашув қаҳрамони бўлган дарвозабон, дублга эришган 18 ёшли футболчи, олис масофадан дарвозани ишғол этган вингер — Суперлигада 26-турнинг энг яхшилари  1 20:02Пўлатов, Ахроров, Каримов, Кенжабоев, Кривокапич... Суперлига 26-тур рамзий терма жамоаси  0 19:54"Бухоро"нинг Ўзбекистон Кубоги финалидан олдинги расмий машғулотидан ГАЛЕРЕЯ  0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев футболчиларни табриклади Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев футболчиларни табриклади

Ҳозиргина Ўзбекистон терма жамоаси 2026 йилда бўладиган жаҳон чемпионатига йўлланма олди.

Бу катта воқеликдан кейин Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев футболчиларга табрик йўллади.

Қадрли фарзандларим!

Аввало, сиз, азизларни Осиёнинг энг кучли жамоалари иштирок этган саралаш ўйинларида чинакам жасорат ва матонат намунасини кўрсатиб, том маънода улкан ғалабага эришганингиз – Ватанимиз тарихида биринчи марта жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритганингиз билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Ҳеч шубҳасиз, миллий спортимиз солномасига олтин ҳарфлар билан битиладиган бундай ёрқин натижа юртимиздаги миллионлаб футбол мухлислари, бутун халқимизнинг неча йиллик орзуси эди, десак, тўғри бўлади. Сизлар профессионал билим ва малакангиз, тажриба ва маҳоратингиз, энг муҳими, юксак иродангиз ва ғалабага бўлган ишончингиз билан ана шундай орзуни реал ҳақиқатга айлантирганингиз ҳар қандай таҳсин ва тасаннога муносибдир.

Мана шу мунаввар оқшомда – қутлуғ зафар айёмида кўпмиллатли бутун Ўзбекистон халқи сизлар билан ҳақли равишда фахрланмоқда, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Саралаш ўйинлари нақадар кучли рақобат остида, кескин ва шиддатли курашларда ўтгани, терма жамоамизга нисбатан турли босимлар бўлганига қарамасдан, сизлар зарур очколарни жамғариб, азму шижоатли Янги Ўзбекистон ёшлари қандай юксак марраларни эгаллашга қодир эканини яна бир бор амалда исботладингиз.

Сизларнинг ана шундай ғоят масъулиятли турнирдаги муносиб иштирокингиз кейинги йилларда мамлакатимизда спортга, жумладан, унинг энг оммавий тури бўлган футболга берилаётган улкан эътиборнинг яна бир буюк амалий натижаси сифатида ҳам биз учун ғоят қадрлидир.

Аминман, бу тарихий ютуқ халқимизни эзгу мақсадлар йўлида янада бирлаштиради, минг-минглаб ёшларимиз учун илҳом манбаига, ибрат тимсолига айланади, Янги Ўзбекистоннинг халқаро обрў-эътиборини янада оширишга хизмат қилади.

Сизлар футбол майдонларидаги мана шундай шонли ютуқдан янги куч ва руҳ олиб, келгуси йили АҚШ, Мексика ва Канада давлатларида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё қитъасининг биринчи ва ягона вакили бўлишдек юксак шарафни чуқур ҳис этган ҳолда, янада катта жонбозлик кўрсатасизлар, деб ишонаман.

Мана шу шукуҳли айёмда сизларни доимо қўллаб-қувватлаб келаётган меҳрибон ва талабчан устоз-мураббийларингиз, миллий терма жамоамизнинг барча аъзоларини, сизларга бахт ва омад тилаб, кечаю кундуз дуода бўлиб келган ота-оналарингиз, ака-ука, опа-сингил ва барча яқинларингизни ўз номимдан, бутун халқимиз номидан қизғин табриклаб, уларга самимий миннатдорлигимни билдираман.

Сизлар муқаддас Қурбон ҳайити кунларида халқимизга байрам совғаси сифатида олиб келаётган ушбу унутилмас тарихий ғалаба барчамизга муборак бўлсин!

Зафарли одимларингиз бардавом бўлсин, азиз фарзандларим!

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Рейтинг: +37   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика