Ўзбекистон ўсмирлар термаси "Локомотив" ёшларини йирик ҳисобда енгди

Оқил Абдубарноев
29 мар 2026
Айдер Курбаев бошчилигидаги ўсмирлардан иборат Ўзбекистон U-16 терма жамоаси Тошкентнинг "Локомотив" клубининг U-19 ёшлар таркибига қарши назорат учрашувида майдонга тушди.

Қизиқарли ва голларга бой ўтган мазкур ўртоқлик баҳсида ўзбекистонлик ўсмирлар ўзларидан ёш жиҳатдан каттароқ бўлган рақиблари устидан 5:2 ҳисобидаги ишончли ғалабани қўлга киритишди.

Учрашув давомида терма жамоамиз сафида бешта турли хил футболчи рақиб дарвозасини ишғол қилишга муваффақ бўлди. Жумладан, Ҳожиакбар Зулфиқоров, Давид Шадрин, Абдуллоҳ Холмаматов, Улуғбек Хайруллаев ҳамда Эммануэль Эмонкпаире томонидан киритилган голлар Айдер Курбаев шогирдларига йирик ғалабани тақдим этди.

Мазкур ўйинда Ўзбекистон U-16 терма жамоасининг асосий таркибида қуйидаги футболчилар ҳаракат қилди: дарвозада Алмаз Аюпов, шунингдек, майдонда Ҳожиакбар Зулфиқоров, Азизулло Эркинжонов, Яҳё Насруллоев, Рўзимурод Рўзимуродов, Камолиддин Акбаралиев, Давид Шадрин, Абубакр Маматов, Ҳасан Ўролов, Абдуллоҳ Холмаматов ҳамда Ҳусан Ўролов каби иқтидорли ёшлар ўйинни биринчи дақиқалардан бошлашди.

photo_2026-03-29_18-51-11.jpgphoto_2026-03-29_18-51-12.jpg

Мураббийлар штаби назорат ўйини бўлганлиги сабабли тайёргарлик жараёнида кенгроқ таркибни синовдан ўтказиш мақсадида кўплаб ўзгаришларни амалга оширди. Ўйин давомида Бердиев, Айвазов, Абдураҳимов, Бобиров, Абдувалиев, Раҳмонқулов, Шукуров, Ачилов, Аминов, Хайруллаев, Ўктамов ва Эмонкпаире каби ўйинчилар захирадан майдонга тушиб ўйинни кучайтирган бўлса, Умаров, Шодмонов ҳамда Абдусаломов сингари футболчилар бу галги баҳс қайдномасида захира ўриндиғида қолишди.

photo_2026-03-29_18-51-14.jpg


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: ЎФА матбуот хизмати