Ўзбекистон кубоги саралаши якунланди

Оқил Абдубарноев
29 мар 2026
Ўзбекистон кубогининг саралаш, яъни III босқич баҳслари ўз ниҳоясига етди ва унда кейинги босқич масаласини ҳал қилган жамоалар номи маълум бўлди.

Дастлаб, 28 март куни бўлиб ўтган учрашувда "Қорақалпоғистон ФА" жамоаси "Аҳмедов" клубига қарши майдонга тушиб, 3:1 ҳисобидаги ишончли ғалабани қўлга киритганди.

Саралашнинг сўнгги куни, яъни 29 март санасида эса яна иккита муросасиз баҳс бўлиб ўтди, жумладан, "Азур" ҳамда "Гулистон" жамоалари ўртасидаги ўйинда томошабинлар фақатгина битта гол гувоҳи бўлишди – учрашувнинг асосий вақти якунланишига саноқли дақиқалар қолганида, аниқроғи 87-дақиқада Шоҳжаҳон Юнусов томонидан киритилган ягона тўп "Гулистон" клубига 1:0 ҳисобидаги муҳим ғалабани тақдим этди.

photo_2026-03-29_13-04-42.jpg

Куннинг энг сермаҳсул ва драматик тарзда кечган қарама-қаршилиги эса "Оқтепа" ва "Ҳавоқанд" жамоалари ўртасида кузатилди, унда ҳисоб 8-дақиқадаёқ Азизжон Бахтиёров томонидан очилган бўлса, 13-дақиқада айнан у дубль қайд этиб "Оқтепа"нинг устунлигини оширди, аммо 23-дақиқада Мубашер Валиев пенальтини аниқ амалга ошириб, ҳисобни қисқартирди, 51-дақиқада Барҳаёт Сайдахмаджонов мувозанатни тиклади, шундан сўнг 67-дақиқада Беҳрузбек Омонов яна мезбонларни олдинга олиб чиққан бўлса-да, 83-дақиқада Абубакрсиддиқ Тоштемиров "Ҳавоканд"ни мағлубиятдан қутқариб қолган муҳим голга муаллифлик қилди ва асосий вақт 3:3 ҳисобидаги жанговар дуранг билан якун топди.

photo_2026-03-29_16-38-58.jpg

Ғолибни аниқлаш учун пенальтилар сериясига мурожаат қилинганда эса омад "Ҳавоканд" футболчиларига кулиб боқди, "Ҳавоканд" вакиллари бешта имкониятдан учтасини аниқ амалга оширган ҳолда (3:2 ҳисобида) "Оқтепа"ни мусобақадан чиқариб юборишди ва ўзлари учун навбатдаги босқич эшикларини очишди.

photo_2026-03-29_17-39-55.jpg


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Championat.asia