Отабек Боймуродов: "Мен Мануэль Нойернинг ўйинини кузатишни яхши кўраман"
13 янв 18:58
Янгиликлар
Отабек Боймуродов: "Мен Мануэль Нойернинг ўйинини кузатишни яхши кўраман"
- Отабек, Ассалому алайкум. Аввало, "Сурхон" таклифи қандай пайдо бўлди ва нима учун айнан шу клубни танладингиз?
- Менга жамоа бош мураббийи, ҳурматли Станислав Петрович қўнғироқ қилди ва менинг фаолиятим ривожи учун энг истиқболли деб ҳисоблаган лойиҳа ҳақида гапириб берди. Шунингдек, бу шаҳар мен учун бегона эмас — онам айнан Сурхондарёда туғилиб, шу ерда вояга етган.
- Сиз мамлакатимиздаги энг яхши ёш дарвозабонлардан бири сифатида эътироф этилмоқдасиз. Шу билан бирга, "Сурхон" сафида ёш посбонлар — Дилшод Йўлдошев ва Даврон Мерганов ҳам бор. Умуман олганда, рақобатга қандай қарайсиз?
- Аслида мен соғлом рақобатни жуда яхши кўраман, чунки рақобат ҳар куни ўсишга ва ривожланишга йўл беради. Мен Дилшод ва Давронни яхши биламан ва уларни жуда ҳурмат қиламан — уларнинг иккаласи ҳам жуда яхши дарвозабонлар. Мен икковидан бироз ёшман, аммо бу аҳамиятга эга эмас. Умид қиламанки, биз бир-биримиздан ниманидир ўрганамиз.
- Жамоада футболчилар сизни қандай қабул қилишди ва кимлар билан аллақачон дўстлашиб улгурдингиз?
- Жамоада муҳит жуда яхши. Йигитларнинг аксарияти билан аллақачон танишман — кўп болалар билан турли жамоаларда бирга ўйнаганмиз. Шахсан танимаган йигитлар билан ҳам танишиб олдим. Энг кўп Даврон Мерганов билан мулоқот қиламан.
- 2023 йилда сиз U-20 Осиё Кубоги чемпиони бўлдингиз ва турнирнинг энг яхши дарвозабони деб топилдингиз. Айтиш мумкинки, ёшлигингиздаёқ барчасига эришиб бўлдингизми ёки асосий ютуқлар ҳали олдиндами?
- Менимча, барча муҳим ютуқлар ҳали олдинда. Мен бунга ишонаман ва шунга интиламан. Осиё Кубоги аллақачон тарихда қолди. Энди олдинга қадам ташлаб, янги чўққилар сари ҳаракат қилиш керак.
Бундан ташқари, Ўзбекистон футболи қандай ривожланаётганига қаранг. Янги майдонлар қурилмоқда, футболчилар учун аъло шароитлар яратилмоқда. Шунинг учун меҳнатим орқали катта ютуқларга эриша олишимга ишонаман. Энг муҳими — ўз устингда ишлаш.
- Ушбу мавсум учун клуб раҳбарияти жамоа олдига қандай вазифалар қўйди?
- Бизда ёш жамоа ва катта салоҳиятга эга футболчилар бор. Барчамиз ҳар бир учрашувда ғалаба қозонишни мақсад қилганмиз. Ташқаридан кузатиб, "Сурхон" ёш футболчиларга катта эътибор қаратаётганини кўрардим. Айнан шу сабабли ҳам мен ушбу жамоа сафида тўп тепишга рози бўлдим. Бизнинг вазифа ва мақсадларимиз максимал даражада юқори.
- Қайси машҳур дарвозабоннинг ўйинини кузатиш сизга ёқади? Ва нима учун?
- Аввало, мен Мануэль Нойернинг ўйинини кузатишни яхши кўраман. Бу дарвозабон 10 йилдан ортиқ вақт давомида ўз даражасини намойиш этиб, биринчи рақам бўлиб келган. Аммо айнан ўйин услубига тўхталадиган бўлсак, менга Тибо Куртуа яқинроқ, чунки у ҳам жуда баланд бўйли. Мен унинг ўйин услубини такрорлашга, дарвозабон учун зарур бўлган барча сифатларни ундан ўрганишга ҳаракат қиламан.
- "Сурхон" мухлисларига тилакларингиз...
- Ҳар бир ўйинда мухлисларни хурсанд қилишни истаймиз. Биз катта масъулиятни ҳис қиламиз. Бизни бутун Сурхондарё кузатиб турибди. Мухлислар бизга ишонади ва қўллаб-қувватлайди. Ҳар бир учрашувда натижа учун бор кучимизни беришга ҳаракат қиламиз.
Ўхшаш янгиликлар
championat.asia
Испания Кубоги. "Атлетико" илк ўйинда "Барселона" дарвозасига жавобсиз 4 та гол урди
Эрик Гарсия: "Сўнгги пайтларда ҳакамларнинг бирорта қарори бизнинг фойдамизга бўлмаяпти"
Ла Лига. Бир неча кун олдин "Барселона"ни тор-мор этган "Атлетико" чемпионат аутсайдерига йирик ҳисобда мағлуб бўлди ва тўртинчи ўринга тушиб кетди
Англия Кубоги. "Манчестер Сити" ўз майдонида "Салфорд Сити"ни ишончли ҳисобда мағлуб этди
Фикрлар