UZ

Сўнгги янгиликлар

20:06"Биз ҳеч қачон дуранг натижадан қониқмаймиз"  0 19:49"Бу "Олтин тўп" тарихидаги энг катта адолатсизлик"  3 19:20"Бошкович ўзи менга қўнғироқ қилганди. Суперлига анча рақобатдош чемпионат экан, аммо..." - Владимир Йовович билан интервью  2 19:13"Футбол олами". "Насаф" бир кам чемпион, "Пахтакор" Қаршида мағлуб бўлди — Суперлиганинг 22-тури ҳақида барчаси  4 18:52"Тез орада уни яна катта клубда кўрамиз"  2 18:24"Пахтакор" футзалда ҳам мағлуб бўлди, 1-турдан кейинги жадвал  0 17:58Ҳакам "Динамо"га пенальти бермади, ОКМК футболчисига сариқ карточка бериши керак эди. 22-турдаги ҳакамлик фаолияти таҳлили  13 17:35Про лига. "Хоразм" ва "Қўқон-1912" ҳам муроса кўчасини танлашди  0 17:17Футзалда кам кузатиладиган ҳолат. "Металлург" - "Динамо" баҳсида бор йўғи иккита гол урилди  0 16:56"Бухоро" очко йўқотишда давом этади. Бакаев шогирдлари бу сафар аутсайдерни енга олишмади  9 15:58Футзал. "Оил Стар" - "Локомотив" баҳсида 7та гол урилди  0 14:36Футзал. "Насаф" ва "Сурхон" баҳсида жанговар дуранг  0 14:20Это'Онинг ўғли Ла Лига клуби сафида гол урди  1 13:59Насруллаев 2та, "Сурхон" ва ОКМК футболчилари учтадан ўйинга четлатилди. Тартиб-интизом қўмитасининг қарорлари  3 13:40"Навбаҳор"да ҳам 14 футболчининг шартномаси тугамоқда  15

Орзуга ишон ва олға ҳаракатдан тўхтама Янгиликлар

Орзуга ишон ва олға ҳаракатдан тўхтама

Теглар :  Ихтиёр Яхшиев
2024 йил Ўзбекистонда "Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили" деб эълон қилинди. Ёшларни қўллаб-қувватловчиларнинг олдинги сафида мураббийлар туриши барчага яхши маълум.

Зеро, йигит-қизларга тўғри йўлни кўрсатган, ўзи танлаган соҳасида билимлари ва зафар қучиш бўйича ҳаётий тажрибаси билан ўртоқлашган устозлар янги авлоднинг бахтли бўлишига катта ҳисса қўшиши шубҳасиз. 

Ҳар биримиз янги йил остонасида туриб янги орзулар ҳақида ўйлаш, уларга эришиш бўйича режалар тузишга одатланганмиз. 2024 йил спорт аҳли учун  бошқа соҳалардан ўзига хос хусусиятлари билан ажралиб туради. Жумладан, Франция пойтахти Париж шаҳрида навбатдаги ёзги олимпия ўйинлари бўлиб ўтади. Энг нуфузли мусобақаларда ўзбек полвонлари кураш гиламларида муносиб беллашиб зафар қучганига тарихдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Ана шу анъаналар давом этиши учун эса курашчиларнинг янги ёш авлодини тарбиялаб вояга етказиш талаб этилади. Бугунги мақоламизда биз юнон-рим* кураши бўйича спорт устаси, ҳали ёш бўлшига қарамай бир қатор истеъдодли полвонларнинг нуфузли мусобақаларда шоҳсупага кўтарилишига сабабчи бўлган мураббий Ихтиёр Яхшиев ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз.

Ихтиёр Навоийда туғилиб ўсган, болалигидан имон ва ҳалолликни, мақсадга эришиш йўлида собитқадамлик билан олға интилишни биринчи ўринга қўядиганлар қуршовида вояга етган. Ота-онаси ва катталар таъсирида кураш билан шуғуллана бошлаган. Аввалига бу шунчаки севимли машғулот эди. Кейин эса ҳаётининг мазмунига айланди. 13 ёшидан юнон-рим кураши бўйича мамлакат ўсмирлар терма жамоасига таклиф этилди, сўнгра ёшлар ва миллий терма жамоалар таркибида кўплаб мусобақаларда муносиб иштирок этди. 

Яхшиевнинг тиришқоқлиги, қўлга киритган ғалабаларидан илҳомланган тенгқурлари ҳам кураш залига келиб, машғулотларга қатнай бошлашди. Улар нафақат жисмоний жиҳатдан соғлом ва кучли бўлиш, рақибни доғда қолдириш сирларини ўрганишди, балки маънавий жиҳатдан ҳам ўсишди. 

Навоийлик полвон 2003 йили ёшлар ўртасида мамлакат биринчилиги финалида имкониятни бой бериб, иккинчи ўрин билан қаноатлангач, кейинги йилларда ўз вазн тоифасида тенгсизлигини исботлашга эришди. Спорт устаси унвонига лойиқ кўрилди. Юнон-рим кураши билан бирга белбоғли кураш бўйича мусобақаларда ҳам омадини синаб кўрди ва 2007 йили Тошкентда ўтган мамлакат чемпионатида бронза медалига сазовор бўлди. 

2004-2008 йиллар мобайнида Ихтиёр Навоий давлат пелагогика институтида таҳсил олди. Талабалик давридаёқ 2005 йилдан Навоий шаҳридаги 3-болалар-ўсмирлар спорт мактабида ўзи ҳам бевосита мураббийлик қила бошлади.

Бунга туртки бўлган воқеани эслаб ўтиш жоиз. Универсиада дастуридан ўрин олган мусобақа вақтида тақдир тақозоси билан жамоадошларидан иккитаси деярли бир пайтда гиламга чиқишига тўғри келган. Мураббий эса битта. Шунда Яхшиев шеригининг беллашувга тайёрланишига кўмаклашган, яъни унинг чигилёзди машқларини бажариши вақтида кўрсатмалар берган, беллашув давомида рақибнинг заиф жиҳатларини кузатиб, тавсиялари билан жамоадошининг ғолиб чиқиб ўз вазн тоифасида биринчи ўринни эгаллашига ҳисса қўшган. 

- Айнан ўша куни мураббийликнинг тамомила ўзгача завқи борлигини ҳис қилганман. Бошқаларнинг зафари тақдим этадиган шавқ ўзига ром этиб қўйган. Албатта мураббийлик қиламан деган қарорга келганман, - дейди Ихтиёр.

Яхшиев гиламда кураш тушишнинг ажойиб техникасини намойиш этарди. Рақиб ҳаракатларини олдиндан сеза олиши оқибатида мушкул вазиятлардан чиқиб кетиши, кутилмаган усуллари билан устунликка эришиши нафақат мутахассислар ва ҳакамларнинг, балки бошқа курашчиларнинг ҳам эътиборини қозонди. Мулоқот чоғида фикр-мулоҳазаларини содда ва тушунарли тарзда ифодалаши эса кўплаб спортчиларни оҳанрабодек торта бошлади.

- Бир вақтнинг ўзида ҳам иқтидорли курашчи ҳам мураббий бўла оладиганлар жуда кам, Агар сиз, Ихтиёр, якка тартибда машғулот ўтсангиз, мен иккиланмасдан сизнинг бошчилигингизда шуғулланган бўлардим, - деди бир куни Алижон Ҳусенов.

Шу тариқа Яхшиев болалар мактабидаги ҳаваскорларга эмас, кураш билан профессионал шуғулланаётган спортчига мураббийлик қилишга киришди. 2012 йилдан бошланган ҳамкорлик боис Алижон кетма-кет тўрт йил юнон-рим кураши бўйича Ўзбекистон чемпиони бўлди, Қозоғистон ва Таиландда ўтказилган халқаро турнирларда олтин ва кумуш медалларни қўлга киритди. Ғалабалар ўз-ўзидан келмади. Уларнинг заминида спортчи ва мураббийнинг кўп йиллик меҳнати бор. Ихтиёр таклиф қилган дастур ва машқлар Алижонга ёрдам берди, курашда жуда муҳим бўлган хислатларни ривожлантиришга, техникани сайқаллашга сабабчи бўлди. 

Юнон-рим курашида характерга эга, стратегия ва жанг техникасини ўзлаштирган тиришқоқ спортчигина чемпионлик шоҳсупасига кўтарила олади. Тўрабек Тиркашев ўспиринлик даврида Ихтиёр Яхшиевга шогирд тушиб, олти йиллик ҳамкорлик натижасида миллий ва халқаро турнирларда турли вазн тоифаларида тўққизта нуфузли мукофот соҳибига айланди, Ҳиндистон, Россия, Финляндия, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларда шоҳсупага кўтарилди. Бронзани олтинга айлантириш учун кундалик машғулотларда сабот билан ишлашга тўғри келди, ҳар бир ғалабадан кейин орзу сари интилиш кучайиб борди.

- Мураббий Яхшиевнинг энг зўр хусусияти вазиятдан келиб чиқиб қалбга етиб борадиган сўзларни топиш қобилиятидир. Бу машқни тушунтиришда, техникани талқин қилишда, жангга тўғри тактика танлашда намоён бўлади. Шунингдек, турнир олдидан берадиган кўрсатмалари ва кейинги узоқ суҳбатлари таъсирли эканини алоҳида таъкидлаш даркор. Биласизми, бирорта мусобақани оғир ҳис-туйғу билан тарк этганимни эслай олмайман. Мен ҳар қандай тажрибадан завқ олишни ўргандим ва мураббийим туфайли муваффақиятсиз беллашувларимдан сўнг қаддимни тиклашга, ғалабаларни эса ўсиш нуқталарига айлантиришга ўргандим, - дейди Тўрабек Тиркашев.

Ихтиёр Яхшиев қўл остида шуғулланиб Ўзбекистон чемпионати ва кубоги, халқаро мусобақаларда ғолиб ва совриндор бўлган спортчилардан Бобур Абдурасулов, Ислом Раҳматов, Темур Баҳронов, Миржалол Рашидов кабиларни санаб ўтиш мумкин. Шу билан бирга 23 ёшгача курашчилар ўртасида Осиё чемпионати бронза медали совриндори Акмал Ҳамроевни алоҳида эътироф этиш даркор. 

2012 йилдан буён Яхшиевнинг шогирди бўлган Акмал Навоий шаҳридаги “Сўғдиёна” спорт залида умумий жисмоний тайёргарлигини яхшилаш, техника ва муайян усулларни ўринли қўллаш, тўғри суръат ва изчил ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш мақсадида мунтазам машқ қилди. Партер ва тик турган ҳолда маромига етказиб курашиш учун машқларни бажарди, маҳоратини энг яхши томондан кўрсатиш учун машғулотларда бурилиш ва рулон техникасини мукаммал ўзлаштирди. Бундан ташқари, мураббий Акмалнинг руҳиятига ва жисмоний қобилиятини яхшилаш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратди. 

Ҳамроев ортда қолган давр мобайнида юнон-рим кураши бўйича икки марта мамлакат чемпиони, бир неча бор миллий чемпионат ва кубок баҳсларида совриндор бўлди. Москвада ўтган халқаро мусобақада финалга чиқиб иккинчи ўрин соҳибига айланди. Акмалнинг жанг давомида партерда ишончли ҳаракат қилиши мутаҳассисларни ҳайратга солади. Айтишларича, олдинда уни яна кўплаб нуфузли ғалабалар кутиб турибди.

-  Менда чемпионларни тарбиялашнинг алоҳида сири йўқ, - дейди камтарлик билан Ихтиёр Яхшиев. – Менинг машғулотларимда ҳамма нарса бошқаларникига ўхшайди, яъни мақсадларни аниқ белгилаш, интизом, мунтазам ва сабот билан шуғулланиш. Бусиз яхши натижаларга эришиш қийин. Ўз навбатида, ҳар бир шогирдимнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга оламиз, кучли томонларидан самарали фойдаланишга, заиф жиҳатларини сездирмасликка ҳаракат қиламиз.

2022 йил 12-19 июнь кунлари ўзбекистонлик мураббийни АҚШга, Лас-Вегасдаги ўқув-машғулот йиғинига таклиф қилишди. Ихтиёр Американинг энг яхши мураббийлари ва курашчилари билан тажриба алмашишга муваффақ бўлди. Ҳамюртимиз айниқса машҳур Девид Карр билан учрашганини мамнуният билан эътироф этади. Девид ўз вақтида ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпиони, катталар ўртасида АҚШ очиқ чемпионати ғолиби, кўплаб нуфузли мусобақаларнинг юлдузи сифатида танилган. Карр ўзбек ҳамкасбининг техникаси ва мураббийлик қобилиятига юксак баҳо берди ҳамда АҚШда ишлашни тавсия қилди. 

“Beat the streets Club” залида ҳозир маҳаллий спортчилар билан бирга Россия, Ўзбекистон, Қозоғистон ва бошқа мамлакатлардан келган курашчилар бевосита Ихтиёр Яхшиев раҳбарлигида шуғулланмоқда. Ўзбекистонлик мутахассисни Флойд Мейвезер бокс академиясига тажриба алмашиш, МДҲдаги жанг техникаси ҳақидаги билимлари билан ўртоқлашиш учун тез-тез таклиф қилиб туришади. Келажакда Ихтиёр ўзининг кураш клубини очишни режалаштирмоқда. Клубнинг асосий вазифаси МДҲ ва АҚШда қабул қилинган ўқув дастурларидан фойдаланган ҳолда янги курашчи ва жангчиларни тайёрлаш бўлади. Энг муҳими, ҳамюртимиз катталар ўртасида жаҳон чемпионларини тарбиялаш йўлида ишламоқда. Биз тез орада Ихтиёр Яхшиевнинг шогирдлари энг нуфузли халқаро мусобақаларда шоҳсупага кўтарилганида ўзбек кураш мактаби тарихига янги саҳифа битилганидан фахрланамиз деб умид қилиб қоламиз. Зеро у орзуга ишонади ва мақсад сари тинмай олға интилади.


* Спорт тури айнан шундай, яъни юнон-рим кураши шаклида берилиши зарур. Греко-римская борьба (Greco-Roman wrestling) иборасида Италия пойтахти Рим назарда тутилган, Туркия ҳудудида жойлашган ҳозирги Конья қадимда Рум шаҳри деб аталган ва классик курашга нисбатан қўлланиши мақсадга мувофиқ эмас.


Мирзаҳаким Тўхтамирзаев

Рейтинг: +2   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика