UZ

Сўнгги янгиликлар

12:08"Милан" Меньян ва Эрнандес билан шартномаларни узайтириш устида ишламоқда  0 11:40FIFA.COM: "Аббос Файзуллаев кичик бўйли эканига қарамай, ажойиб техник хусусиятларга эга"  3 11:28"Реал" Дэвис трансферига шубҳа қилмаяпти  0 10:42Гвардиола нима учун «Манчестер Сити»да қолишга қарор қилганини тушунтириб берди  4 10:06Ламин Ямаль ва «Барселона» ўртасидаги янги келишув шартлари маълум  1 09:30Goal «Олтин тўп»-2025 соврининг асосий даъвогарини эълон қилди. Виниcиус ҳозирча 4-ўринда  11 08:53«Арсенал» январда учта футболчисини сотиб юбормоқчи  1 08:21Про лига. Бугун Бухорога катта футбол қайтади  6 07:45Суперлига. Чемпионлар Фарғонага сафар қилади. «Қизилқум» эса яна бир водий жамоасини меҳмон қилади  2 01:55Роберт Левандовски: "2020 йил "Олтин тўп" топширилмаганини ҳеч тушунмайман"  8 01:24"FourFourTwo" ЕЧЛ финалларида урилган энг чиройли голлар рейтингини тузди  14 01:08Расман: Пеп Гвардиола "Манчестер Сити" билан шартномасини узайтирди  0 00:41Эрлинг Холанд: "Гвардиола энг яхши мураббий, балки тарихдаги энг зўридир"  5 00:14"Челси"нинг "биллур" футболчиси яна сафдан чиқди  3 23:43Нодир Абдураззоқов: "Энди мавсумни чиройли якунлашимиз ва оғзимиздаги ошни олдириб қўймаслигимиз керак"  5

Мурод Алиев: "Ҳар бир раҳбар ўзи ишлаган даврга жавоб бергани маъқул" Янгиликлар

Мурод Алиев: "Ҳар бир раҳбар ўзи ишлаган даврга жавоб бергани маъқул"

Охирги пайтларда “Бунёдкор” клуби ўзбек футболининг бош мавзусига айланиб қолди. Чунки клуб молиявий қийинчиликларни бошдан ўтказаётгани билан бирга кейинги тақдири ҳам сўроқ остида турибди.

Албатта, молиявий муаммо исталган клубда юз бериши мумкин. Бироқ тайёр ўйнаб турган жамоанинг бирданига йўқ бўлиб кетиши худди юзга тарсаки туширгандек таъсир қилади. Хўш, “Бунёдкор”да ҳозир ҳозир вазият қандай, клуб нималар билан банд, стадионни ЎФА ихтиёрига топшириш ишлари қандай кетяпти? Биз шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида “Бунёдкор” ПФК бош директори Мурод Алиев билан суҳбатлашдик.

- Мурод Боқиевич, аввало клубдаги вазият ҳақида маълумот бериб ўтсангиз?
- Суперлигада ёмон кетаётганимиз йўқ. Жамоа учинчи ўринда бормоқда ва йигитлар кўрсатаётган ўйиндан қониқяпмиз. Лекин ҳаммаси жамоалар олтитадан икки гуруҳга бўлинганидан сўнг аниқ бўлади. Вазият ҳартугул яхши томонга ўзгаряпти. Ойлик маошлар бериляпти, фақат ютган ўйинлар учун бериладиган мукофот пулидан ҳамон дарак йўқ.

- Сизнинг “Бунёдкор”да иш бошлаганингизга бир йилдан ошди, тўғрими?
- Ҳа, шундай. Бир бошдан бошлайдиган бўлсам, футболчилик фаолиятимнинг катта қисмини “Пахтакор”да ўтказганман, шу боис “Пахтакор”ни жуда севаман ва ўзимни “пахтакорчиман” дея оламан. Аммо иш - бу иш. Модомики ҳозир “Бунёдкор” футбол клубида бош директор эканман, ўз касбимдан келиб чиққан ҳолда “Бунёдкор” ҳақида қайғуришим шарт. Ўтган йил “Бунёдкор” мавсумни қандай қийинчиликлар билан тугатганини яхши биласиз.

Клубга келмасимдан олдин Умид Аҳмаджонов “Пахтакор”га ўтинг бирга ишлайлик деган таклиф билан чиққанди. Ўшанда жамоани Жасур Абдураимов бошқарар, аммо чет элдан мураббий келар экан деган гаплар оралаб юрганди. Кейинчалик эса юқоридан “Бунёдкор”га боришим ҳамда клубдаги вазиятни ўнглашга ёрдам беришим ҳақида топшириқ бўлди. Шундан сўнг тақдир тақозоси билан шу клубда иш бошладим.

- Янги ишга ўтгач, ишни биринчи навбатда нимадан бошладингиз?
- “Бунёдкор”га келганимдан сўнг бу орада жамоа бош мураббийи ўзгариб, Миржалол Қосимов яна аввалги лавозимига қайтди. Албатта, иш жараёнида қийинчиликлар кўп бўлди. Баъзи футболчиларнинг шартномасини бошқатдан кўриб чиқишимизга тўғри келди. Қолаверса клубдаги ҳолатдан келиб чиқиб таркибни ёшартириш устида иш олиб бордик.

Футболчилардан ўзимизда ўйнаб кетган Анвар Ғофуров, Шоҳруҳ Гадоевларни қайтардик. Лушан даврида ўйин амалиётисиз қолган Жавлон Иброҳимовга яна имкон бериб, унга сардорлик боғичини ишониб топширдик. Бир сўз билан айтганда, ўтган мавсумдан кўнглимиз тўлди. Жамоа олий лигада тўртинчи ўринни олишдан ташқари, Кубок финалига қадар етиб борди, фақат “Локомотив” билан кечган баҳсда озгина омад етишмади.

- “Бунёдкор” ўринбосарлари ўтган йил ҳам чемпионликни қўлга киритди.  
- Энди ўринбосарлар ҳақида гапирадиган бўлсам, ҳукуматимизга ўз вақтида “Бунёдкор” футбол академияси қурилишида бош-қош бўлгани учун мингдан минг раҳмат.  Биласиз, ёшлар жамоасида тўп тепаётган барча футболчилар клуб тарбияланувчилари ҳисобланади. Бунгача Ҳикмат Эргашев қўл остида чемпмион бўлган ўринбосарларимиз Шуҳрат Мақсудовга ўтганидан кейин ҳам шу анъанани давом эттиришди. Бевосита академия фаолиятига тўхталадиган бўлсам, бизда футболчи кўп ва уларнинг аксари вилоятлардан келган.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган футбол ривожига доир қарорда “Бунёдкор” академияси ўрнида Республика футбол академияси ташкил қилинсин деган банд бор. Бу жуда тўғри қарор бўлди. Лекин шу ўринда бир савол туғилади: “Бунёдкор”нинг ўз академияси қаерга кўчади? Яхши биласиз, қисқа фурсат ичида бундай академияни қуришнинг ўзи бўлмайди.

Биз бу ҳақда клуб бош ҳомийси “UzTransGaz” раҳбариятига маълум қилганмиз. Бу ҳақда Асқар Толибжонов билан гаплашганимда ҳозирча иккала академия битта жойда фаолият олиб боришини, кейинроқ бу ҳақда бош қотириш тўғри бўлишини маълум қилди. “Бунёдкор” стадиони катта ҳудудни ўз ичига қамраб олган, шундай экан жой иккала ташкилотга бемалол етади.

- Стадионни ЎФА ихтиёрига бериш масаласи нима бўляпти?
- Энди стадион мавзусига ўтсак. Стадион қурилиши 2008 йил охири, 2009 йилнинг бошларида “Zeromax” компанияси томонидан бошланган. Буюртмачи “Бунёдкор” футбол клуби бўлган. Стадион қурилишининг умумий бюджети 356 миллиард сўм бўлган, аммо нима учундир ўша пайт қурилишнинг 74 миллиард сўмли маблағи умумий ҳисобга киритилмаган.

Қоидага кўра стадион аввал “Бунёдкор” футбол клуби балансига ўтказилиб ана ундан кейин ЎФА ихтиёрига топширилиши керак. Биз бу борада ҳужжат билан боғлиқ ишларни аллақачон бошлаб юборганмиз. Ҳозирги кунда ҳам бу жараён давом этяпти. “Бунёдкор” футбол академияси клуб балансига ўтган, лекин стадион ҳозирча ўтказилмаган. Мана шунинг учун ҳам ушбу масала ортга сурилмоқда.

- Аввалги йиллари футболчиларга берилган кўтарма пули жуда катта бўлгани ростми?
- Тўғри, Миллий олимпия қўмитаси президенти ва ЎФА биринчи вице-президенти Умид Маҳамаджонович айтиб ўтганидек чиндан ҳам олдинги раҳбарият даврида шундай ишлар бўлган. Лекин мен ўтган йилнинг 3 май санасидан “Бунёдкор”да иш бошлаган бўлсам, келганимдан бери клубда бунақа иш бўлгани йўқ.

Эшитган бўлсангиз керак, “Ўзбекнефтегаз”га тегишли клубларнинг барчасида бу йилдан бюджет қисқариши рўй берди. Буни ҳам тўғри тушуниш керак, чунки “Ўзбекнефтегаз”нинг иши фақат футбол клубларини боқишдан иборат эмас, ташкилот шунингдек, мамлакатни ободонлаштириш йўлида бир қанча қурилиш ишларини олиб бормоқда.

Биз имкон қадар ўзимизга ажратилган смета бўйича футболчи-ю мураббийлар ва ходимларнинг ойлик маошини вақтида бериб келишга ҳаракат қиляпмиз. Аммо бу йил ҳисобидан ҳали ғалаба қозонилган ўйинлар учун мукофот пуллари берилгани йўқ. Фақат шу томонлама муаммо бўляпти, холос. Шунингдек, ПФЛ ҳисоб-рақамига ўтказилиши керак бўлган 500 миллион сўм бадал пулини ҳам тўлиқ тўлаганимиз йўқ. Бу ҳам молиявий қийинчилик туфайли юз берган ва секин-аста ҳал қиламиз.

- Шундай қилиб стадион тўлиқ ЎФА ихтиёрига ўтиши учун олдин клуб ўз балансига ўтказиши керак, шундайми?
- Худди шундай. Чунки стадионни қуриш бошланганда буюртмачи “Бунёдкор” клуби бўлган. Шу боис ҳам клуб стадионни ўз балансига ўтказганидан кейин ЎФА ихтиёрига бера олади. Аммо ҳозирги кунда стадионни клуб балансига ўтказиш осон бўлмаяпти, бунинг учун маълум миқдордаги суммани қурилиш ташкилотларига тўлаб бериш лозим. Лекин “Бунёдкор” бу пулни тўлайдиган аҳволда эмас, бу жуда катта сумма бўлгани учун ҳисоб-рақамимизда йўқ. Қисқа қилиб айтганда асосий муаммо шунда.

- Бизгача етиб келган маълумотларга кўра, академия ишчиларига 10 июнгача жойни бўшатиб қўйинглар деган маънода хабар келган экан.
- Тўғри, ЎФА бош котиби Сардор Раҳматуллаевдан шу мазмунда хат келганди. Шундан сўнг мен хат юзасидан Асқар Толибжонов билан гаплашдим. Сўнгра бир тадбирда Умид Аҳмаджонов билан ҳам шу мавзу бўйича суҳбатлашдим. Бизга йил охиригача академия шу ерда фаолиятини давом эттираверсин, ундан кейин нима бўлишини кўрамиз дейишди.

- ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов ўз интервьюсида “Бунёдкор”да юз берган баъзи ҳолатлар бўйича тўхталиб ўтган. Хусусан захирада ўтирган футболчига 400 миллион, ёши 35га етган футболчи учун 800 миллион сўм миқдорида кўтарма пули берилгани. Шу ҳақда нима дея оласиз?
- Юқорида айтиб ўтганимдек, бу ҳолат аввалги раҳбарият пайтида бўлган. Менимча, ҳар бир раҳбар ўзи ишлаган даврга ўзи жавоб бергани маъқул. Мен ўзим ишлаётган пайтга жавоб бераман, бошқалар ҳам шундай. Ҳозирги пайтда клуб ҳисоб-китоб ишларини жуда пухта олиб боряпти. Биз кетадиган маблағни аввал тийин-тийинигача ҳисоблаб ана ундан кейин сарфлашга ҳаракат қиляпмиз. Тўғрисини айтсам, ҳозир бизда кўтарма пули йўқ. Буни футболчилар ҳам яхши билади. Ютган ўйинлар учун мукофот пули бор, лекин бу ҳам муаммолигича қолмоқда. Шу боис фақат ойлик бериш билан чекланиб турибмиз. Яқин орада Достон Ҳамдамов трансферидан пул тушса, шуни мукофот тариқасида жамоага бўлиб бермоқчимиз.

- Мукофот пулисиз ўйнаш футболчиларга бошқача таъсир қилмайдими?
- Жамоа ютса-ю мукофот пули берилмаса бу нарса барибир футболчиларга таъсир қилади. Аммо биз доим мавжуд вазиятни клубдаги ҳаммага тушунтиришга ҳаракат қиляпмиз. Менимча, ҳозир мукофот пули бериш бўйича муаммога дуч келмаётган клуб иккита бўлса керак: “Пахтакор” ва АГМК. Лекин қолган жамоаларда ҳам биздагидек муаммо бор деб ўйлайман.

Ўзим ҳам кўп йил футбол ўйнаганим боис футболчининг ҳаёти нақадар оғирлигини биламан. Аввало шуни айтиш керак, футболчининг фаолияти қисқа бўлади. Кўп бўлса профессионал футболда 15 йил давом этади ва мана шу вақт ичида яхши ўйнаб нимадир орттирсам дейди. Албатта, бу - ҳаёт, ҳар бир инсон яхши топсам, яхши яшасам дейди.

Яна шуни унутмайлик, ҳамманинг ҳам футболдан кейинги ҳаёти бир текис кечмайди. Ўз пайтида Низом Нортожиев, Нуриддин Амриев, Марат Кабаев кабилар футболдан сўнг қандай мураккаб дамларни бошдан ўтказганини биламиз. Бизда футболчи топаётган пулни муҳокама қиладиганлар, оддий халқнинг маоши билан солиштирувчилар кўп. Бироқ шуни эсдан чиқармаслик керак, футбол ўйнаш осон эмас. Бунда жароҳат олишинг ёки бўлмаса умуман ҳеч кимга керак бўлмай қолишинг ҳеч гап эмас.

- Ҳозир клубда ёшларга бўлган эътибор ҳозир қай даражада?
- “Бунёдкор” ҳамма вақт ўз тарбияланувчиларига катта эътибор қаратиб келган. Лекин мен хоҳлардимки, футболчилар ҳам клубни ҳурмат қилиб бошқа жамоага кетаётганда раҳбариятни бир оғиз огоҳлантирса. Мана, Достон Ҳамдамов қандай кетганидан хабардорсиз. Бизда бу футболчига нисбатан ҳеч қандай хусумат йўқ. Омадини берсин, керак бўлса катта-катта клубларда ўйнасин, лекин шошма-шошарлик билан кетиб қолиш керак эмас.

Чунки минг қилса ҳам клуб уни тарбиялади, футболчи сифатида шаклланишига ёрдам берди. Ҳозир кўп жойда клублар ўзини ўзи боқиши керак деган гаплар бўляпти. Бунга юз фоиз қўшиламан, лекин бунинг учун бизга ҳали вақт керак. Айтайлик, мухлислар билан ишлаш бўйича ҳар доим “Навбаҳор”га тан берганман. Уларда стадион доим тўлади, шунга яраша чипта ҳам яхши сотилади.

Лекин пойтахтда бундай эмас. Агар гап ўйинга боғлиқ десак, “Локомотив” кетма-кет икки йил чемпион бўлгани билан барибир ТТЗдаги стадионни тўлдира олмади, тўғрими? Демак, ҳамма гап ўйинда эмас экан. Биз одамларга қулай бўлсин деб тарихда биринчи марта чипта нархини беш минг сўм қилиб қўйдик. Аммо шу нархда ҳам чипта сотилмаган кунлар бўлди.

- ОФК лицензиялаш талабига кўра клуб чипта сотувидан пул ишлаши керак. Аммо биз кўряпмизки, баъзи стадионларда одам тўлдириш учун кириш текин қилиб қўйиляпти.
- Мен бу ҳақда ПФЛ раҳбари Омон Ғофуров билан гаплашдим. Ҳозир ПФЛнинг мақсади стадионга киришни текин қилиб бўлса ҳам одамларни яна футболга қайтариш. Эътибор бераётган бўлсангиз, деярли барча ўйингоҳлар ҳудудида турли кўнгилочар атракционлар, егулик дўконлари, клуб атрибутикалари сотиладиган шаҳобчалар ишга туширилган. Буларнинг ҳаммаси мухлислар учун. Биз аввал одамларни футболга қайтариб олайлик, ана ундан кейин чипта нархини белгиласа бўлади.

- Умид Аҳмаджонов яна ўз интервьюсида “Бунёдкор” клуби шу пайтгача стадиондан самарали фойдаланмагани ҳақида гапирган. Бунга нима дейсиз?
- Ҳар қандай клуб стадиондан тўлиқ фойдаланиши учун аввало мана шу объект ўз балансида бўлиши керак. Биз стадион клуб балансида бўлмай туриб ўз билганимизча фойдалана олмаймиз. Бунга ҳаққимиз йўқ ва буни ҳар бир ташкилот яхши билади. Албатта, биз ҳам хоҳлаймиз ўйин кунлари ҳамма жойни очиб қўйишни, лекин доим ҳам бунинг имкони бўлмаган. Қачонки стадион тўлиқ клуб ихтиёрига ўтганидан сўнггина ўз билганимизча фойдалана оламиз.

- Стадион номи “Миллий” деб ўзгартирилганига муносабатингиз?
- Бу энди раҳбариятнинг қарори. Агар раҳбарият шундай қарорга келган бўлса, демак шундай буйруқ бўлган. Лекин ўзим “Бунёдкор” стадиони номи “Миллий”га ўзгартирилсин деган ҳужжатни ҳали кўрмадим.

- Стадион номи ўзгариши эртами-кечми “Бунёдкор”нинг бу ердан чиқиб кетишини билдираётгандек.
- Менимча ҳам шундай бўлиши эҳтимоли катта. Агар чиқиб кетсак қийналиб қоламиз, бу бор гап. Энг катта оғирлик биринчи навбатда академия болаларига тушади. Улар қаерга боради, қаерда шуғулланади, қаерда яшайди? Хуллас саволлар кўп. Қолаверса асосий таркиб жамоамиз ҳам шу ерда истиқомат қиляпти. Бизда биронта меҳмонхонага кўчиб ўтиб ўша ерда туриш учун пул йўқ. Балки ЎФА кўчиб келганидан кейин ҳам ҳаммамиз биргаликда шу ерда ишлармиз.

- Айтайлик, ассоциация бир тўхтамга келиб, майли “Бунёдкор”нинг асосий ва ўринбосарлар таркиби бошқа ерга кўчиб кетаверсин, лекин футбол мактабини ўзимизга оламиз, болалар Республика футбол академиясига кўчиб ўтади дейиши мумкинми? 

- Менимча, шундай йўл тутилса бу орқали ЎФА ўз қарорига ўзи қарши чиққан бўлади. Чунки қарорга кўра ҳар бир клубнинг ўз футбол мактаби бўлиши шарт. Агар "Бунёдкор"дан футбол мактаби олиб қўйилса, унда клубнинг мактабсиз фаолият юритишига тўғри келади, бу эса ЎФА ва ПФЛ чиқараётган қарорга зид. Қолаверса, аксар ёш футболчиларни академия мураббийлари минг машаққат билан топиб келишган. Ҳозир яхши футболчини қидириб топиш осон эмас.

- Охирги савол. Ҳомийларнинг клубга бўлган муносабати қандай?
- Агар нолисак нонкўрлик бўлади. Шу боис ҳар доим борига шукур қилиб яшаш керак. Бош ҳомийимиз “UzTransGaz” қўлдан келганча ёрдам бериб келяпти. Футболчилар ойлик маошни вақтида олишяпти, бироқ айтиб ўтганимдек, мукофот пулларини бера олмаяпмиз. Аммо шунга қарамай жамоамизнинг Суперлигада иштирокидан мамнунман ва бунинг учун жамоадаги барчага катта раҳмат айтсак арзийди.

Хайрулла Холиқов суҳбатлашди.

Рейтинг: +27   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика