Максим Шацких: "Шундай ўйинлар бўлиб туради, тўп дарвозага кирмайди"
25 июн 2023 23:09
Янгиликлар
Максим Шацких: "Шундай ўйинлар бўлиб туради, тўп дарвозага кирмайди"
- Бугунги учрашув ҳақидаги фикрларингиз?
- Биринчи навбатда, ўйинимиз мухлисларга маъқул келди деб ўйлайман. Шундай ўйинлар бўлиб туради, тўп дарвозага кирмайди. Лекин ўйин сўнгида ўз вазифамизни бажардик ва натижани қўлга киритдик.
- Азмиддиновнинг дисквалификацияси сабаб бугун Ҳамробеков ҳимояда ўйнади. Бошқа ҳимоячиларга имкон бериб кўрсангиз ҳам бўлар эди-ку?
- Ҳа, бизда бошқа вариантлар бор эди. Масалан, Ҳамралиев варианти бор эди, лекин у олимпия терма жамоаси билан эди ва Хитойда қандай ўйнаганини билмайман. Одилга ушбу позицияни ишона олганим сабаб, бундай ўзгаришга қўл урдик. Сўнгги вақтларда Диёр ҳам яхши ўйин намойиш этмоқда. У ўзи учун янги позиция кашф этмоқда.
- Кейинги учрашувларда Диёрни яна ушбу позицияда кўрамизми?
- Бўлиши мумкин, биз ҳар доим энг яхши вариантни танлаймиз.
- Бугун Ҳамробеков ва Холматовларнинг ўйинидан қўнглингиз тўлдими?
- Бугун барча ўйинчилардан кўнглим тўлди. Биз кўп ҳужум қилдик ва ғалабага лойиқ эдик деб ўйлайман. Рақиб иккинчи тайм сўнгида 6 та ҳимоячи билан ўйнашга мажбур бўлди. Ўйин сўнгида ғалабага эришдик ва бугунги учрашув адолатли натижа билан якунланди.
- Терма жамоалар мураббийлари, футболчиларнинг жисмоний ҳолати бўйича кўп нолишади. Бунга сизнинг фикрингиз қандай?
- Тўғриси, улар айнан қайси футболчиларнинг жисмоний ҳолати ҳақида гапиришганини билмайман, лекин мен ўз футболчиларимнинг жисмоний ҳолатига жавоб бера оламан. Футболчилардан сўранг, машғулот анжуманлари қандай ўтишини.
- Файзуллаев майдон ўртасида ўйнаганида анча фаолроқ ўйин намойиш этмоқда. Нега Аббосни клубда кўпроқ қанотда кўрамиз?
- Файзуллаевни майдон марказида яхшироқ ўйнайди, демаган бўлардим. Ўтган мавсумнинг сўнгги қисмини кўриб чиқинг, у қанотда қандай ёрқин ўйин намойиш этганини билиб оласиз. Файзуллаев жуда ақлии ва тезкор футболчи, шу сабабдан у ҳар ҳил позицияларда бирдек яхши ўйнай олади.
Фикрлар