Мағлубиятни тан ололмади: Доннарумма ўйиндан сўнг Босния футболчилари билан муштлашмоқчи бўлди

Aslanov Jasurbek
1 апр 2026
ЖЧ-2026 йўлланмаси учун кечган Босния ва Герцеговина ҳамда Италия терма жамоалари ўртасидаги учрашув якунлангач, майдонда катта жанжал чиқишига сал қолди.

Италиялик посбон Жанлуижи Доннарумма мағлубиятдан сўнг ўзини тута олмади.

Пенальтилар сериясидаги мағлубиятдан (1:1, пен. 1:4) сўнг, "Манчестер Сити" дарвозабони рақиб футболчилари томон ташланди. Маълумотларга кўра, босниялик айрим ўйинчилар италиялик посбонни ўз ҳаракатлари билан гиж-гижлашган.

Жанлуижи рақиб жамоа вакиллари Женис Бурнич ва Керим Алайбегович билан даҳанаки жангга киришиб, уларга яқинлашишга ҳаракат қилди. Италия терма жамоаси аъзолари Доннаруммани куч билан тўхтатиб қолишга ва кийиниш хонасига олиб кетишга мажбур бўлишди.

Вазиятни юмшатиш учун Босния сардори Эдин Жеко ва италиялик Сандро Тонали ишга аралашиб, Жанлуижини анча вақтгача тинчлантиришди. Эслатиб ўтамиз, Доннарумма пенальтилар серияси вақтида ҳам рақиб дарвозабонининг "шпаргалка"сини йиртиб ташлаб, ўзига хос антиқаҳрамонга айланган эди.

uz.jpg


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: TuttoSport