Ла Лига. Каземиро ва Бенземанинг голлари "Реал"га навбатдаги ғалабани тақдим этди
24 дек 2020 01:50
Янгиликлар
Ла Лига. Каземиро ва Бенземанинг голлари "Реал"га навбатдаги ғалабани тақдим этди
Зинедин Зидан шогирдлари навбатдаги ғалабани қўлга киритдилар ва ҳамшаҳарлари "Атлетико Мадрид"га очколар бўйича етиб олишди.
"Реал Мадрид" – "Гранада" 2:0
"Эстадио Альфредо Ди Стефано" стадиони
Голлар: 1:0 – 57 Каземиро, 2:0 – 90 Бензема.
"Реал Мадрид" – Куртуа, Рамос, Менди, Карвахаль, Варан, Вальверде (Иско, 78), Кроос, Васкес (Винисиус Жуниор, 78), Каземиро, Родриго (Асенсио, 38), Бензема.
"Гранада" – Руй Силва, Вальехо (Херман Санчес, 84), Фулькье (Кини, 73), Нева, Дуарте, Кенеди (Суарес, 63), Эррера, Милья, Этеки (Соро, 63), Пуэртас, Сольдадо (Молина, 74).
Огоҳлантиришлар: Васкес (17), Фулькье (27), Карвахаль (81).
Ла Лига турнир жадвали ва тўпурарлар рўйхати билан танишинг.
Реал Мадрид Каземиро - 57', Карим Бензема - 90' Примера Дивизион . 15-тур 23/12/2020, 23:45
Гранада Стадион: Alfredo Di Stefano, 0 томошабин Бош ҳакам: Juan Martinez
Ушбу саҳифада сиз учрашувнинг матнли трансляциясини кузатиб боришингиз мумкин бўлди.
Бўлди, ҳакамнинг финал ҳуштаги янгради ва "Қироллик клуби" навбатдаги уч очкони қўлга киритди! Карим Бензема эса тўпурарлар пойгасида етакчиларга етиб олди.
90+3-дақиқа. ГООООООЛ! Искодан ажойиб пас. Карим Бензема совуққонлик билан ҳаракат қилди ва тўпни дарвозанинг пастки бурчагига аниқ йўллади - 2:0.
Жавоб ҳужумида Асенсио бир рақибини осонлик билан ортда қолдирди, лекин зарбага аниқлик етишмади.
90+2-дақиқа. "Гранада"нинг қарши ҳужуми амалга ошишига Рамос йўл қўймади.
Бурчак зарбалари бўйича кўрсаткич 7:1 "Қироллик клуби" фойдасига.
90+1-дақиқа. Асенсиодан тўпни қабул қилиб олган Иско зарба йўллади, лекин тўп ҳимоячига тегиб майдонни тарк этди.
90-дақиқа. Учрашувнинг асосий вақтига 4 дақиқа қўшиб берилди.
89-дақиқа. "Гранада"нинг навбатдаги ҳужумини Менди тўхтатиб қолди.
87-дақиқа. Эррера бош билан зарба йўллашга муваффақ бўлди, лекин унинг уринишига аниқлик етишмади.
85-дақиқа. Винисиус, Иско, Кроос ва Асенсио ҳужумнинг чап қанотига тўпланиб олиб, тўпни анчагача рақибга бермай, ҳаракат қилишди.
84-дақиқа. Ўзгариш! "Гранада" устози сўнгги имкониятни ишга солди. Хесус Вальехо ўрнини Херман Санчес Бараонага бўшатиб берди.
83-дақиқа. Майдон марказида қоида бузилди, Каземиро айбдор.
82-дақиқа. Узатмадан трансфер ҳуқуқи "Реал"га тегишли Хесус Вальехо бош билан тўпни дарвозага жойлаб қўйиши мумкиндек эди, лекин марказий ҳимоячи тўпга ета олмади.
81-дақиқа. Огоҳлантириш! Дани Карвахаль қўполлик ишлатди ва ҳакам томонидан огоҳлантирилди.
80-дақиқа. Ферлан Менди жарима майдонига кириб борди ва рақибларини алдаб ўтишга уринди, лекин тўпни олдириб қўйди.
78-дақиқа. Федерико Вальверде ва Лукас Васкес майдонни тарк этишди. Айтиб ўтганимиз Винисиус Жуниор ва Иско ўйинга қўшилди.
77-дақиқа. "Гранада"нинг навбатдаги уриниши ва бу сафар Варан фаоллик кўрсатди.
Майдон четида Винни майдонга тушишга тайёр ва Зидандан охирги кўрсатмаларни тингламоқда.
Ҳакам шошмасликни сўрамоқда ва "VAR" хонасидагиларга қулоқ тутди. Барчаси жойида, ўйин давом эттириладиган бўлди.
75-дақиқа. Каземиро ва Варан бир-бирини тушунмай қолди ва натижада рақиб зарба учун имкониятга эга бўлди, лекин Каземиро тўп йўлига ўзини қалқон қилди.
73-дақиқа. Ўзгариш! "Гранада"дан яна қўшалоқ ўйинчи алмаштириш. Дмитри Фулькье ва Роберто Сольдадо майдонни тарк этди, Хорхе Молина ва Кини ўйинга қўшилди.
72-дақиқа. Тибо Куртуа тўпни майдон ташқарисига йўллади.
70-дақиқа. Зинедин Зидан шогирдларидан бўшашмасликни талаб қилмоқда. Дарҳақиқат ҳисоб "Реал Мадрид" учун ижобий бўлсада, биргина хато барчасини ўзгартириб юбориши мумкин.
67-дақиқа. Вальверде тўпни ўзи ва рақибининг утидан ташлаб, олдинга ўтиб кетишга уринаётганда, тўп унинг қўлига тегиб кетди, рақиб футболчилари эътирозларига қарамай, ҳакам ўйинни давом эттиришни сўради.
65-дақиқа. Ўйин темпи яна бироз пасайгандек.
63-дақиқа. Ўзгариш! "Гранада" сафида бир йўла икки футболчи алмаштирилмоқда. Альберт Кеннеди ва Ян-Брис Этеки учун ўйин якунланди. Ўйинга Луис Суарес ва Альберто Соро қўшилди.
62-дақиқа. Жарима зарбасидан кейин "Реал" ишни дарвоза томон берилган зарбагача етказа олмади.
60-дақиқа. Буёғига "Гранада" ҳужумга боришга мажбур, бу эса "Реал" вакиллари учун бўш зоналар юзага келишини англатади.
58-дақиқа. "Гранада" дарҳол жавоб бериши мумкин эди, лекин Куртуа ишончли ўйнади ва тўпни эгаллаб олди.
57-дақиқа. ГОООООООЛ! Карлос Каземиро ҳисобни очди! Асенсио қийин вазиятда бўлишига қарамай, узатмани амалга ошира олди ва жарима майдончаси ичида тўп учун курашда Каземиро барчадан фаолроқ ҳаракат қилиб, муҳим голни уришга муваффақ бўлди.
55-дақиқа. Кетма-кет зарбалар, чинакам хавфли вазият юзага келди. Аввалига тўп дарвоза устунига тегди, Вальверденинг зарбасини дарвозабон қайтарди, Бензема эса мўлжалда адашди.
54-дақиқа. Карвахаль жусса жиҳатидан ўзидан бақувватроқ рақиби билан курашдан кейин оёқда қолди, "Гранада" футболчисидан фарқли ўлароқ, ва жарима майдонига кириб бориб зарба берди, тўп йўл-йўлакай ҳимоячига тегиб, майдонни тарк этди.
Рафаэль Варан Рамосга оширган тўпи Куртуага борди...
52-дақиқа. Майдон бурчагида Асенсио ва Менди биргаликда тўпни рақибларидан олиб қўйишга эришишди.
Вальверде тўп билан олдинга интилди ва қанотда турган Васкесга етказди, испаниялик футболчи жарима майдони ичига узатмани амалга оширди, лекин тўп борган нуқтада "қаймоқранглилар"дан ҳеч ким йўқ эди.
50-дақиқа. "Реал" футболчилари тўпни ўзида сақлаб туришга ҳаракат қилмоқда.
49-дақиқа. Варан ҳаводаги курашда рақибидан устун келди ва тўпни майдоннинг рақиб томонига йўллади.
Жамоаси ҳозирча гол ура олмаган бўлсада, Зизу танаффусда ўзгаришга қўл урмади.
Биринчи бўлимдагинга ўхшаш вазият билан ўйиннинг иккинчи қисми ҳам бошланди. Бу сафар имконият у қадар қулай нуқтадан бўлмасада, зарба ўйин аввалидаги каби жуда ноаниқ бўлди.
46-дақиқа. Иккинчи бўлим бошланди. Уни меҳмонлар бошлаб беришди.
Ҳакам ҳуштак чалиб, футболчиларни танаффусга таклиф қилди. Ҳар икки жамоа ижросида анча пассив ўйин кўрсатилган биринчи бўлим якунига етди ва ҳақли равишда дуранг натижа сақланиб турибди.
45+3-дақиқа. "Реал" бўлим сўнггида гол уриб кетиши мумкин эди, лекин якуний зарба берадиган футболчи топилмади.
Энди меҳмонлар вакили майдонда ётибди. Домингеш Дуарте ёрдамга мухтож.
45+2-дақиқа. Карвахаль бурчак тўпидан кейин қарши ҳужумга отланган "Гранада" умидини пучга чиқарди.
45+1-дақиқа. Тезкор ҳужумни Вальверде қўллаб-қувватлади ва тўпни қулай нуқтада турган Карим Бенземага етказди, франциялик футболчининг зарбаси йўлига ҳимоячи тўғаноқ бўлди.
Биринчи бўлимнинг асосий вақтига 3 дақиқа қўшиб берилди.
45-дақиқа. Ҳимоячилар бир амаллаб тўпни қайтаришди ва ҳакам ўйин қоидаси бузилганини таъкидлади.
44-дақиқа. Каземиро бу сафар тўпни олиб қўяётганда рақибига нисбатан қўпол ўйнади деб топилди. Тибо Куртуа дарвозаси олдида хавфли вазият бўлиши мумкин.
42-дақиқа. "Реал" ҳужумга ўтди, жарима майдони ичидаги таҳликали вазиятдан кейин ҳимоячи тепган тўп Вальвердега тегиб, дарвоза томон кетаётганди - дарвозабон эгаллаб олди. Қўшимчасига ҳакам ўйиндан ташқари ҳолатни қайд этди.
41-дақиқа. Каземиро тўпни олиб қўйиб, жамоаси ҳужумини бошлаётганди, унга нисбатан қўполлик ишлатилди. Ҳакам жарима зарбаси белгилади.
38-дақиқа. Мажбурий ўзгариш! Бразилиялик футболчи ўрнини Марко Асенсио эгаллади.
36-дақиқа. Тезкор қарши ҳужумни Родриго қанотидан ривожлантирди ва жарима майдонига кириб бораётганида ҳимоячи билан тўқнашиб, йиқилиб тушди... Бразилиялик футболчи оёғидаги оғриқ туфайли дарҳол ўзини алмаштиришларини сўради.
34-дақиқа. Вальверде рақибни охиргача тақиб қилди ва майдон марказига яқин нуқтада қоидани бузди.
31-дақиқа. Тўп асосан жарима майдонидан - жарима майдонигача бўлган ҳудудда "айланиб юрибди". Кескин паслар, чинакам хавфли вазиятлар деярли бўлмаяпти.
Жарима зарбасидан кейин ҳимоячилар тўпни қайтаришди, Карвахаль яна зарба берди, аммо яна меҳмонлар тўп дарвозагача боришига йўл қўйишмади. Навбатдаги бурчак тўпидан кейин ҳам "Реал" мақсадига ета олмади.
27-дақиқа. Огоҳлантириш! Димитри Фулькье ҳамюрти Ферлан Мендига нисбатан ўта қўпол ўйнагани учун ҳакам томонидан огоҳлантирилди.
25-дақиқа. Вальверде фаоллиги ўлароқ "Реал" тўпни рақибдан олиб қўйди ва Бензема вазиятга тезда баҳо бериб, тўпни дарвозага йўллади, посбон қийинчилик билан бўлсада, уни қайтаришга муваффақ бўлди. Бурчак тўпидан кейин эса мезбонлар наф чиқара олишмади.
24-дақиқа. Энди навбат Рамосга келди чоғи, Серхио тўпни Куртуага узатишда тушунарсиз ҳаракат қилиб, рақибга бурчак тўпи ишлаб берди.
21-дақиқа. Рақиб ҳужумини қайтариш йўлида Кеннеди нозик нуқтасига тўп билан зарба қабул қилиб олди ва майдонда ётибди. Ўзига келиши учун унга вақт керак.
19-дақиқа. "Реал" футболчилари кучли прессингга қарамай, ҳимоядан тўпни йўқотмай чиқа олишди, кейин тўп ўнг қанотга Лукас Васкесга етказилаётганди, аммо вингер қанчалик ҳаракат қилмасин, тўпга ета олмади.
17-дақиқа. Огоҳлантириш! Лукас Васкес ҳужумдаги фол учун сариқ карточка билан "сийланди".
14-дақиқа. Узоқ давом этган ҳужумни Тони Кроос кучли зарба билан якунлади, бироқ тўп дарвоза устуни ёнгинасидан ўтиб кетди.
11-дақиқа. Қанотдан олдинга ташлаб берилган тўпга Кеннеди ва ҳимоячи Карвахаль интилишди, ҳеч бир футболчи ортда қолишни истамади, лекин охирида бразилиялик вингер йиқилиб тушиб, тўпсиз қолди.
9-дақиқа. Карим Бензема ортга қайтиб, рақибдан тўпни олиб қўйишда бевосита иштирок этди.
7-дақиқа. Бенземадан тўпни қабул қилиб олган Родриго бир рақибини доғда қолдирди ва аниқ зарба берди, дарвозабон ўз ўрнида.
5-дақиқа. Карвахаль тўпни тўхтатишда хатога йўл қўйди ва жамоаси ҳужумини узиб қўйди.
Бурчак тўпидан сўнг тўп Рамосга етказилди, лекин сардорнинг зарбаси кўнгилдагидек чиқмади.
3-дақиқа. "Реал"нинг жавобини кузатдик. Карим Бензема имкониятга эга бўлди, зарбасини дарвозабон қайтаришга муваффақ бўлди.
2-дақиқа. Меҳмонлар яна бир бор ҳужумга ўтишга уриниб кўришди, лекин Куртуа олдинроққа чиқиб келиб, тўпни эгаллаб олди.
1-дақиқа. Ўйин бошланди. Уни "Реал" футболчилари бошлаб беришди. Илк дақиқадаёқ "Қироллик клуби" ҳимоячилари, аниқроғи Рафаэль Варан хатога йўл қўйди ва "Гранада" ҳисобни очиши мумкин эди, аммо зарба қовушмади.
Ҳакамлар бригадаси майдонга чиқиб келди. Бугун майдонда ҳаракат қиладиган футболчилар ҳам уларнинг ортидан эргашди.
"Реал Мадрид" футболчиларининг чигалёзди машғулотидан суратларни эътиборингизга тақдим этамиз.
Жамоаларнинг асосий таркиблари маълум бўлиб улгурган.
"Реал Мадрид" – "Гранада"
23.45, "Эстадио Альфредо Ди Стефано" стадиони
"Реал Мадрид" – Куртуа, Рамос, Менди, Карвахаль, Варан, Вальверде, Кроос, Васкес, Каземиро, Родриго, Бензема.
"Гранада" – Руй Силва, Вальехо, Фулькье, Нева, Дуарте, Кенеди, Эррера, Милья, Этеки, Пуэртас, Сольдадо.
Фикрлар