Кутилмаган бешта натижа, Евро-2016 хит-паради
10 сен 2015 14:07
Янгиликлар
Кутилмаган бешта натижа, Евро-2016 хит-паради
ФИФА кунлари барча қитъада саралаш ўйинлари бўлиб ўтди. Миллионлаб мухлисларнинг нигоҳи қаратилган Евро-2016 саралаш ўйинларида ҳам етарлича сенсация қайд этилди.
№5. Арманистон - Дания 0:0
5 та жамоа иштирок этаётган мазкур гуруҳда Португалия терма жамоаси биринчи ўринда турибди. Иккинчи ўринда бораётган Дания сўнгги турда сафарда Арманистондан бор-йўғи бир очко билан қайтди. Бу тургача ўз ҳисобида атиги бир очкога эга бўлган арманлар Дания учун ўта муҳим бўлган ўйинда дурангга эришдилар. Айни пайтда скандинавияликлар ҳисобида 7 ўйин натижасига кўра 12 очко бор ва улар кейинги турни Португалияга қарши ўтказадилар. 11 очко жамғарган Албания ҳисобида эса яна иккита ўйин бор. Иккиси ҳам гуруҳ аутсайдерлари Арманистон ва Сербия терма жамоаларига қарши. Португалия ғалаба қозонса, Албания икки учрашувдан бирида уч очко олса, Еврода биз яна бир янги жамоани кўрамиз. Гувоҳи бўлганингиздек, Дания ўзи учун ўта муҳим бўлган ўйинда 2 очкодан маҳрум бўлди.
№4. Руминия - Греция 0:0
Руминия ортда қолган 7 кунликда Евро-2016 масаласини муддатидан аввал ҳал қилиши мумкин эди. Афсуски, Георги Хаджи издошлари Венгрия ва Греция терма жамоаларига қарши кечган ўйинларнинг иккисида ҳам дуранг қайд этдилар. Евро-2004 соҳиби Греция бугунги кунда гуруҳнинг яққол аутсайдерига айланган. Шунинг учун Бухарестда бўлиб ўтган ўйин кун сенсацияси сифатида хит-парадимиздан жой олди.
Айни пайтда Руминия ҳисобида 16, Венгрияда эса 13 очко мавжуд. Биринчи ўриндаги Шимолий Ирландияда 17. Кейинги ўйинларда шимолликлар ортиқча қийинчиликка дуч келишмайди. Ҳар ҳолда иккита ўриндан биттаси нақд. Биринчи рақиб Греция, кейингиси сафарда Финляндия. Венгерларники ундан-да осон. Греция ва Фарер ороллари. Руминия эса Финляндия ва Фарер оролларига қарши баҳс олиб боради.
№3. Швеция - Австрия 1:4
Голлар: Златан Ибрагимович (90) - Давид Алаба (9), Мартин Харник (38, 88), Марк Янко (77).
Таниқли россиялик журналист Игорь Рабинер кеча ўзининг фейсбукдаги саҳифасида шундай жумлани қайд этди:
- Афтидан, Капеллонинг кетиши Россияга эмас, Швецияга салбий таъсир кўрсатган кўринади.
Ҳақиқатдан ҳам Слуцкий қўл остига ўтган руслар ўз майдонларида Швецияни кичик ҳисобда мағлубиятга учратиб иккинчи ўрин учун бўлган икмониятларини сақлаб қолган эдилар. 8-турда эса скандинавияликларнинг ўзи Россия терма жамоасини иккинчи ўринга кузатиб қўйишди.
Европанинг икки юлдузи, Ибрагимович ва Алаба ўртасида кечган тўқнашувда икки футболчи ҳам ўз ҳисобига биттадан гол ёзиб қўйди. Аммо Алабанинг ҳамюртлари яна учта гол ура олдилар. Афтидан Евро Роббен ва Ибрагимовичсиз ўтадиган кўринади. Ўз майдонида Австрияга имкониятни бой берган шведлар энди Россиядан 2 очкога ортда қоляпти. Ҳафта аввалида эса 4 очкога илдамлаётган эди.
Лихтенштейнни тор-мор этган Россия учун Молдовани енгиш қийинчилик туғдирмаса керак. Сўнгги турда улар ўз уйларида Черногорияга қарши баҳс олиб борадилар. Швеция эса Лихтенштейн ва Молдовага қарши куч синашади.
№2. Голландия - Исландия 0:1
Гол: Гулфи Сигурдссон (51)
Хит-парадимиз чўққисидан шубҳасиз Голландия иштирокидаги иккита ўйин жой олди. Бунга ҳеч ким эътироз билдирмаса керак. Голландия ўзи иштирок этадиган ҳар қандай мусобақага безак бера олади. Голландия иштирокидаги мусобақа УЕФА учун маркетинг томондан ҳам анча фойдали. Лекин биз бу турнирда голландларсиз Еврони кўрадиганга ўхшаяпмиз.
ПСВ, "Барселона" ва "Челси"даги фаолияти давомида ютмаган соврини қолмаган Эйдур Гудйонссен учун терма жамоа сафида Евро ёки ЖЧда тўп тепиш азалий орзу эди. 36 ёшли футболчи фаолиятини якунлаши учун ажойиб имкониятга эга бўлди. Агар терма жамоа бош мураббийи унинг хизматидан фойдаланмаса-да, Еврода иштирок этадиган якуний рўйхатга киритса, ҳеч бир исландиялик мухлис хафа бўлмаса керак. Афсуски, Гиггз яна бироз чидамади. Акс ҳолда Уэльс афсонаси ҳам Гудйонссен каби ўзининг азалий орзусига эришган бўлар экан.
3 сентябрь куни Амстердамда бўлиб ўтган ўйинда Роббенсиз ўйнаган голландлар шармандали тарзда ўз майдонларида имкониятни бой бердилар. Ҳали бу ҳаммаси эмас экан.
№1. Туркия - Голландия 3:0
Голлар: Огужан Озякуп (8), Арда Туран (26), Бурак Йалмаз (86)
Қолгани Туркияда давом этди. Учинчи ўрин билан бўлса-да плей-офф босқичида ўйнаш имкониятига эга бўлиб турган "лолалар" Туркияда тор-мор этилдилар. УЕФАнинг қарори туфайли январга қадар "Барселона" сафида ўйнай олмайдиган Арда Туран йиғилиб қолган кучини Голландия билан бўлиб ўтган ўйинда олди. Бу ғалаба Туркияга нафақат уч очко, балки турнир жадвалидаги учинчи ўринни ҳам тақдим этди.
Голландия ва Туркияни ҳисобга олмаса, "А" гуруҳидаги ўйинлар қолган жамоалар учун энди аҳамиятга эга эмас. Чехия ва Исландия терма жамоалари муддатидан аввал Евро йўлланмасини қўлга киритишди. Чехиянинг кейинги иккита ўйини айнан мана шу терма жамоаларга қарши кечади. 10 октябрь куни Чехия - Туркия, уч кун ўтиб Голландия - Чехия. Туркия саралаш учрашувларини Исландияга қарши ўйин билан тугатади. 10 октябрь куни қўшниларимиз Голландияни қабул қиладилар. Мазкур учрашув "Астана Арена"да бўлиб ўтади.
Нодирхўжа Юлдашев.
Фикрлар