"ЖЧда шунчаки ўйналмайди, имконият кам бўлса ҳам охиригача курашиш шарт!" — Павел Соломин

Iskandarov Abdulaziz
27 июн 2026, 10:45
"Оқ бўрилар" собиқ аъзоси Ўзбекистоннинг мундиалдаги ўйинлари ҳақида гапирди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихда илк бор иштирок этаётган Жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичи ўзининг палласига кирмоқда. Вакилларимиз олдида ҳал қилувчи ва ўта масъулиятли Конго ДР терма жамоасига қарши баҳс турибди.

Мазкур учрашув олдидан ўзбек футболи мухлисларига яхши таниш бўлган собиқ футболчи Павел Соломин турнир таассуротлари ва вакилларимизнинг имкониятлари ҳақида танқидий ва очиқ фикрлари билан ўртоқлашди.

Янги жамоалар ва кенгайтирилган формат ҳақида

— Бу Жаҳон чемпионати, авваламбор, илгари ушбу нуфузли турнирда умуман қатнашмаган кўплаб дебютант жамоаларни кўраётганимиз билан аҳамиятлидир. Эътиборлиси, уларнинг айримлари ўзларининг мазмунли ўйинлари билан кўпчиликни ижобий маънода ҳайрон қолдирмоқда. Менинг фикримча, ЖЧ иштирокчилари сонининг кенгайтирилиши бутун дунёда футболни ривожлантириш ва оммалаштиришга фақат ва фақат фойда келтиради.
Иккинчи томондан, юқори даражали ва ақлли футбол намойиш этаётган гранд терма жамоаларнинг баҳсларини томоша қилиш одамга ҳақиқий завқ бағишлаяпти. Умуман олганда, жорий мусобақа жуда қизиқарли ўтмоқда.

Ўзбекистоннинг дастлабки икки ўйини реал даражамизми?


— Менимча, бу ерда бир муҳим жиҳатни — биз Жаҳон чемпионатида илк бор қатнашаётганимизни унутмаслигимиз керак. Албатта, барчамизнинг истагимиз бир: терма жамоамиз майдонда янада ишончли ва мазмунлироқ ўйин кўрсатишини хоҳлаймиз. Бироқ дастлабки икки турдаги рақибларимиз шунчаки оддий жамоалар эмас, балки Жаҳон чемпионатларида мунтазам иштирок этиб келадиган ва бундай йирик мусобақаларда улкан тажрибага эга бўлган грандлардир.
Биз эса бу катта йўлга эндигина қадам қўйдик. Ишончим комилки, яқин келажакда наинки майдондаги ишонч, балки маҳорат бобида ҳам ҳеч кимдан қолишмайдиган даражага чиқамиз.

Каннаваронинг жисмоний тайёргарлик устида ишлагани ҳақида

— Тўғриси, футболчиларимизнинг жисмоний томондан сезиларли даражада оқсаётганини кўрмаяпман. Аксинча, жисмоний тайёргарлик ва чидамлилик бобида жамоада ўсиш борлиги аниқ. Фикримча, мураббийлар штабининг ЖЧ олдидан жисмоний ҳолат устида олиб борган режали ишлари ўз самарасини берди ва бу борада жуда яхши меҳнат қилинди.

Конго билан баҳсдан кутилмалар


— Менинг позициям ва футболчилик фалсафам шундай: майдонда ҳар қандай вазиятда ҳам, охирги сониягача курашиш шарт! Ҳатто имкониятлар қоғозда минимал бўлган тақдирда ҳам, жамоа ўз характерини ва ўз ўйинини кўрсатиши лозим.
Зеро, йигитлар майдонда ватан шарафини ҳимоя қилишяпти! Миллионлаб мухлислар айни дамда телевизор қаршисида кўз тикиб, терма жамоамизга қайғурмоқда, улардан ғалаба кутмоқда. Бу — Жаҳон чемпионати, бу ерда шунчаки ўйналмайди, бу ерда ҳар бир учрашувда бор куч-қувват билан, максимал даражада жон бериб ҳаракат қилиш талаб этилади.

Мусобақа фаворитлари ва Павел Соломиннинг тахмини

— Тўғрисини айтсам, прогноз беришни унчалик хушламайман. Аммо майдонда кўрсатаётган ўйин сифати ва мувозанатга кўра, медаллар учун асосий курашни олиб борадиган бир нечта терма жамоаларни ажратиб кўрсатишим мумкин. Булар — Аргентина, Франция, Бразилия, Англия ва Испания.

Бироқ менинг бу турнирдаги шахсий фаворитим ва симпатиям — Марокаш терма жамоаси.

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia