Иван Бошкович: "Тўртта учрашувда бир очко тўплаш балки инқироз бўлса керак"
20 мар 22:50
Янгиликлар
Иван Бошкович: "Тўртта учрашувда бир очко тўплаш балки инқироз бўлса керак"
- Ўйин ҳақида фикрингиз...
- Қизиқарли баҳс кечди, ўйин сизларга ёқди деб ўйлайман. Олтита гол кўрдик. Шундай чиройли стадионда мезбон бўлиб ўйнадик ва "уйдаги" баҳсда 4та гол ўтказиб ютқазиш аламли. Ўйинни яхши бошладик, тўпни назорат қилдик, фақат вақтида гол уришимиз керак эди. Рақиб бизни жазолади, ҳакамларнинг иккита қарори ҳам таъсир қилди. Мен ҳакамларни ҳурмат қиламан, лекин ғалати қоидалар борки, тўп қўлга тегди, қўл тўпга тегди, тўғри-нотўғри - мен буларни билмайман. Менимча, ҳеч ким билмаса ҳам керак. Нимаям дердим, рақибни ғалаба билан табриклайман. Бугун максимум куч йўқотдик, охиригача ўйнашга ҳаракат қилдик. Вазиятни ўнглаш учун боримизни бердик, лекин доимгидек вазиятлардан фойдаланишда оқсадик. Буёғига нима бўлишини вақт кўрсатади.
- Жамоангиз ёмон ўйнамаяпти, охиригача кураш олиб бормоқда, аммо ҳар ўйинда голлар ўтказяпти. "Сўғдиёна"да қандайдир инқироз борми?
- Инқироз? Тўртта учрашувда бир очко тўплаш балки инқироз бўлса керак. Бу ўринда тақвим қанақа келганининг аҳамияти йўқ. Ҳа, натижа бўйича инқироз бор, лекин ўйинимиз борасида-чи? Биз янада яхшироқ ҳаракат қила оламиз. Ҳар хил ҳолатлар бўлади ва бу жамоага таъсир қилади. Ҳозир мен шикоят қилмоқчи эмасман. Фақат шуни айтишим мумкин, футболда охиригача курашиш керак. "Уйда" ўйнаганингда иккита пенальти қўйилишини тушунтириб бериш оғир. Биз синиб қолганимиз йўқ, битта ғалаба ҳаммасини ўзгартириб юбориши мумкин. Ҳозир чемпионатда танаффус юзага келади ва қилган ишимизни таҳлил қилиб чиқамиз.
- Қишдаги селекция ишларидан қониқдингизми?
- Ҳа, қониқдим. Ҳар трансфер ойнасида Дориев, Йовович, Иванович каби футболчиларни олиб кела олмаймиз. Лекин "Сўғдиёна"да ҳар доим яхши легионерлар ўйнаган деб айта оламан. Бизда яхши жамоа ва яхши коллектив бор. Муҳими, сифатли ишлашда давом этиш керак. Шунда ҳаммаси яхши бўлади.
- Клубда молиявий муаммолар борми?
- Бу саволга жавоб беришни истамайман.
- Чемпионатимизнинг тўртта тури ортда қолди ва энди ФИФА кунлари сабаб бироз пауза юзага келади. Февралда тақвим аниқ бўлгач, сиз мана шу тўртта турда қанча очко олишни мақсад қилган эдингиз?
- 12 очко олишни режа қилгандик (кулади). Бошқа саволлар бўлмаса раҳмат.
Ўхшаш янгиликлар
championat.asia
ЕЧЛ. "Ньюкасл" "Камп Ноу"да зор йиғлаган кеча ёхуд "Барселона" чорак финалда!
ЕЧЛ. "Реал Мадрид" бу мавсум ҳам "Манчестер Сити"ни мағлуб этиб, чорак финалга йўл олди
"Пахтакор" Суперкубок ҳакамлиги бўйича ОФКга мурожаат қилмоқчи
Суперлига. "Андижон" ўз майдонида бир киши кам "Машъал"дан устун келди
Фикрлар