Исмоил Гонсалвеш: "Пахтакор" ўртамиёна жамоа бўлганда бу ерга келмасдим"

Narzulla Saydullayev
12 фев 2018
“Пахтакор”нинг португалиялик легионери клубга ўтиши ва янги мавсумдан кутаётган жиҳатлари ҳақида фикрларини айтиб ўтди.

- “Пахтакор”га ўтишингизнинг асосий сабаби нимада?
- “Пахтакор”– Ўзбекистоннинг бош ва катта клуби. Ўртамиёна жамоа бўлганда бу ерга келмасдим. Яна жамоа ўйнаётган ва Шота Арвеладзе орқали тарғиб қилаётган футбол катта ўрин тутди. Ушбу икки жиҳат қароримга таъсир кўрсатди.

- Келишингизга қадар ўзбек футболи ҳақида нималар билардингиз?
- Бу ерда турли жамоаларда фаолият олиб борган дўстларим туфайли ўзбек футболи билан танишиб улгургандим. 2-3 йил олдин менга бу ерда футболни яхши шароитларда ўйнаш мумкинлиги ва мамлакатнинг ўзи жуда ёқимли экани тўғрисида айтишганди.

- Янги жамоа ва мамлакатга кўникиш қандай кечмоқда?
- Биринчи навбатда футболчиларга миннатдорчилик айтаман – улар мени жуда илиқ қабул қилишди. Бу жамоага тезроқ мослашишимда ёрдам беради. Иккинчидан, шаҳарнинг бунчалик яхши бўлишини кутмагандим. Бундан ёқимли ажабландим. Кўникиш жараёним жуда яхши ва осон кечмоқда деб ўйлайман.

- Янги мавсумдан нималар кутяпсиз?

- Бош мураббий билан бу масалада суҳбатлашдим. Асосий мақсадимиз – чемпионлик. Ҳар бир учрашувда ғалаба учун курашамиз ва бошқа нарса ҳақида ўйламаймиз.


Narzulla SaydullayevМуаллиф
Манба: pakhtakor.uz