Ислом Исмоилов: "Клубдаги ҳар бир футболчи терма жамоага муносиб. Ҳаммасини чақиришсин"

Оқил Абдубарноев
3 май 2026, 21:42
Суперлиганинг 11-туридан ўрин олган ОКМК – "Нефтчи" ўйинидан сўнг (0:0) меҳмонлар бош мураббийи Ислом Исмоилов матбуот анжмунида иштирок этди.

– Бугунги ўйин ҳақида фикрларингиз...

– Биринчи навбатда, узоқ йўл босиб, ноқулай об-ҳаво шароитида бизни қўллаб-қувватлаган барча мухлисларимизга миннатдорчилик билдираман. Ўйин оғир ўтиши олдиндан маълум эди. Сўнгги учрашувларда "ОКМК" жамоасининг натижалари ўсиб бораётганди. Шу сабабли, ўйинни тўлиқ назорат қила олдик, деб ўйлайман. Вазиятлардан унумли фойдаланганимизда, ғалаба қозонишимиз ҳам мумкин эди. Бироқ, бу – футбол, унда кутилмаган ҳолатлар ҳам учраб туради.

– Бугунги учрашувнинг дастлабки 35-40 дақиқасида "ОКМК" юқори прессинг қўллаб, тўпни назорат қилди ва "Нефтчи"ни бироз қийин аҳволга солиб қўйди. Биринчи бўлим сўнггида ва иккинчи таймда қандай тактик ўзгаришлар амалга оширилдики, рақибнинг ушбу устунлиги йўққа чиқарилди?

– Ўйинолди таҳлилларимизда "ОКМК" юқори прессинг қўллаганда ҳимояда бўш ҳудудлар очилиб қолишини аниқлаган эдик. Бугун рақиб Жамшид Искандеровга шахсий бириктирилган ўйинчи ажратиб, асосий плеймейкеримизни қисман зарарсизлантиришга уринди. Иккинчи бўлимда Искандеровга орқароққа қайтиб ўйнаш вазифаси топширилди. Натижада уни таъқиб қилган рақиб футболчиси ўз ҳудудини бўшатди. Биз айнан мана шу бўш қолган ҳудудлардан фойдаланишга урғу қаратдик.

– Бугунги кунда кўплаб клубларда ҳужумчилар билан боғлиқ муаммолар мавжуд. "Нефтчи"да эса икки нафар кучли ҳужумчи бор ва жамоа сермаҳсул ўйин намойиш этмоқда. Бироқ бугун гол ура олмадинглар. Бунга вазиятлардан фойдалана олмаслик сабаб бўлдими?

– Гол ура олмаганимизнинг асосий сабаби – яратилган вазиятлардан унумли фойдалана олмаганимиз. Мураббий сифатидаги вазифам – жамоани ҳужумкор ўйин намойиш этиш даражасига олиб чиқиш. Футболчилар машғулотларда тинимсиз меҳнат қилмоқда, аммо реализация масаласида баъзан оқсоқликлар кузатилмоқда. Шундай бўлса-да, жамоамиз жорий мавсумда 25 та гол уришга эришди ва ҳозирда турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда.

– Апрель ойи бошидан буён тиғиз тақвим асосида 7-8 та ўйин ўтказилди. Ушбу давр бошланишидан олдин жамоа қандай мақсадларни кўзлаган эди? Бу босқични қандай ўтдик, деб ҳисоблайсиз?

– Бу давр биз учун муваффақиятли ўтди, дейиш мумкин. Ўйинлар орасидаги танаффус қисқа бўлгани жамоа тонусини сақлаб туришга ёрдам берди. Режамиз 11 та учрашувда максимал 33 очко жамғариш эди. Тўғри, битта мағлубият ва битта дуранг қайд этдик. Бироқ, умумий олганда, натижалар қониқарли. Март ва апрель ойларида жамоа жами 12 та расмий ўйинда майдонга тушиб, уларнинг 10 тасида ғалаба қозонди. Бу – жуда яхши старт. Ўтган йилга нисбатан жамоамиз дадилроқ ўйнамоқда ва турнир жадвалидаги ҳолатимиз ҳам буни тасдиқлайди.

– Тез орада Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионати саралаши доирасидаги йиғинларни бошлайди. "Нефтчи" таркибида ҳам номзодлар етарлича. Бош мураббийга жамоангиздан қайси футболчиларни тавсия қилган бўлардингиз?

– Мураббий сифатида футболчиларимни ажратиб кўрсатмайман. Жамоамдаги Ўзбекистон фуқароси бўлган ҳар бир ўйинчи терма жамоада тўп суришини истайман. Уларнинг барчаси бунга муносиб, деб ҳисоблайман. Ҳаммасини чақиришсин (кулади).


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Championat.asia