Интервью. Отабек Ғуломхўжаев: "Ўзбекистон U-19 терма жамоасидан кўплаб футболчилар Суперлигада ўйнай олишади"
17 ноя 2019 18:37
Янгиликлар
Интервью. Отабек Ғуломхўжаев: "Ўзбекистон U-19 терма жамоасидан кўплаб футболчилар Суперлигада ўйнай олишади"
Унда Отабек Ғуломхўжаев бошчилигидаги Ўзбекистон U-19 терма жамоаси ҳам иштирок этди. Вакилларимиз гуруҳда Ҳиндистон, Афғонистон ва Саудия Арабистони билан кураш олиб боришди. 7 очко тўплаган ёшларимиз гуруҳда иккинчи ўринни эгаллашди. 2020 йилги Осиё чемпионати Ўзбекистонда ўтиши боис терма жамоамиз саралаш баҳсларидаги натижадан қатъий назар йўлланмани қўлга киритиб бўлишганди. Биз куни кеча Ўзбекистон футбол Ассоциациясида терма жамоамиз устози Отабек Ғуломхўжаев билан суҳбатлашдик.
- Саудия Арабистони саралаш баҳсларини қандай савияда ўтказди? Ташкилотчилик қандай бўлди?
- Ташкилотчилик жуда яхши бўлди. Кутиб олиш, меҳмонхона, овқатланиш барчаси юқори даражада ташкил этилди. Фақат ҳар доимгидек барча араб давлатларида бўлгани каби кичик камчиликлар бўлди. Масалан, машғулот ўтказиш учун стадионга етиб келсангиз дарвозаси ёпиқ бўлади. Ёки дастлаб бу кийим алмаштириш хонаси сизларга дейишади кейин эса кутилмаганда ўзгариб қолади.
- Саудия Арабистонида одатда йил давомида иссиқ бўлади. Айни пайтда ҳаво ҳарорати қандай экан?
- Доимгидек иссиқ, тўғри бироз шамол бор эди, аммо шамол ҳам иссиқ эсарди. Тахминан 32-37 даража иссиқ. У ерда футболка, шортикларда юрдик. Тошкентда эса анчагина совуқ тушиб қолди.
- Ҳиндистон ва Афғонистон билан учрашувларда бир хил ҳисобда ғалабаларга эришдик. Ўзимиздан нисбатан кучсизроқ жамоалар билан ўйинлар қандай ўтди?
- Биринчи турда Ҳиндистонга қарши ўйнадик. Бу жамоани яхши билардик. Ҳимояда тартибли ҳаракат қилишларини кутган эдик. Бизнинг биринчи мақсадимиз гол ўтказмаслик, иккинчи мақсадимиз эса Ҳиндистон ва Афғонистонга қарши баҳсларда бор кучимизни кўрсатмаслик эди. Сабаби асосий эътиборни Саудия Арабистонига қаратган эди. Уларни мағлуб этишни мақсад қилгандик. Ҳиндистон ва Афғонистон билан учрашувларда эса 50 фоиз куч билан ўйнадик. Агар Ҳиндистон ва Афғонистонни солиштирадиган бўлсак шахсан менга Афғонистон қизиқарлироқ туюлди. Яқинда Ҳиндистон U-16 терма жамоаси Тошкентдаги Осиё чемпионати саралашида қатнашганди, менга ўша жамоа кўпроқ маъқул келганди. Афғонистон Саудия Арабистонига жуда ҳам қаршилик кўрсатди. Балки афғонистонлик футболчиларда тажриба ёки маҳорат камроқдир, аммо уларда хоҳиш, истак жуда кучли эди. Улар билан битта меҳмонхонада яшадик. Футболчилар билан гаплашганимизда саралаш ўйинини ўтказиш учун Афғонистондан учиб кетишгани, 5 дақиқадан кейин ўша жойда портлаш бўлганини айтиб беришганида ҳайратга тушдик ва тинч юртда яшаётганимизга шукур қилдик.
- Биз Осиё чемпионати мезбони сифатида йўланмани қўлга киритиб бўлганмиз, шундан келиб чиқсак охирги турда Саудия Арабистони билан баҳс принципиал аҳамиятга эга эдими?
- Сўнгги турдаги баҳсга жуда ҳам жиддий тайёрландик. 2-турдан сўнг бизда ҳам, Саудия Арабистонида ҳам 6тадан очко бор эди. Улар 6 очко билан Осиё чемпионатига чиқа олмаслигини жуда яхши билардик. Шу боис мақсадимиз уларни ютиш эди. Аммо мезбонлар билан ўйинда бизга қарши 11 эмас 14 нафар рақиб бўлишини учрашувдан олдинги интервьюларимдан ҳам айтгандим. Ҳозирги жамоамда икки йил олдин Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси сафида айнан Саудия Арабистонидаги саралашда қатнашган 4-5 нафар футболчи бор. Ўшанда мезбонлар терма жамоамизга турли йўллар билан ноҳақликлар қилишган, футболчиларнинг асабига ўйнашган, якунда Дилшод Нуралиев бошчилигидаги жамоамиз 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйиб Осиё чемпионатига чиқа олмаганди. Ўша мағлубият алами йигитларнинг юрагида ҳамон сақлаб қолганди.
Учрашувнинг дастлабки 15-20 дақиқаси ичида тўлиқ устунликка эга бўлдик, 2-3та голли вазиятлар яратдик, аммо гол ура олмадик. Кейин ўйин тенглашди. Шогирдларимга учрашувдан аввал жарима майдони ичида ҳеч қандай кескин ҳаракат қилишмаслигини уқтиргандим. Афсуски биринчи тайм сўнггида ҳакам барибир дарвозамиз томон пенальти белгилади. Бундан ташқари ўша вазиятда ҳакам Одилбек Абдумажидовга қизил карточка кўрсатди. Одилбек фақат ўзбек ва рус тилини билади, қандай қилиб ҳакамни ҳақорат қилиши мумкин? Йигитлар танаффус вақтида тушкунликка тушиб қолишди. Хатто йиғлаганлар ҳам бўлди. Мураббийлар штаби ҳамда жамоамиз сардори Абдувоҳид Неъматов футболчиларнинг руҳини кўтара олди. Иккинчи таймда 10 киши билан ҳам устунликка эришдик, учрашувнинг сўнгги 15 дақиқасида Саудия Арабистони бутунлай ҳимояга ётиб олди.
- Бугунги кунда U-19 терма жамоасидан икки нафар футболчи Абдувоҳид Неъматов ҳамда Жасур Жалолиддинов Суперлигада ўйнамоқда. Келгуси йил яна қайси футболчиларда Суперлигада ўйнашга потенциали етади деб ҳисоблайсиз?
- Неъматов ва Жалолиддинов қаторида "Қўқон-1912"да Ҳожимат Эркинов ҳам бор. "Пахтакор" уни ижарага бергач кам бўлса ҳам майдонга тушиб турибди. Кейинги йил Суперлигада кўплаб футболчилар ўйнаши мумкин деб ўйлайман. Масалан, "Металлург"дан Даврон Анваров ва Одилбек Абдумажидов, "Навбаҳор"да Музаффар Олимжонов ва дарвозабонимиз Исломжон Абдуллахонов бор, "Насаф"да Алибек Давронов бор, "Бунёдкор"да Иброҳим Ибрагимов ва Диёрбек Раҳимқулов, "Пахтакор"да Руслан Розиев ва Иброҳимҳалил Юлдошев каби футболчилар бор. Терма жамоа учун қанчалик кўп футболчилар Суперлига клубларида ўйнашса шунча яхши.
- Саралаш баҳслари ортда қолди. Осиё чемпионати ўзимизда бўлади. Кейинги режалар тузиб чиқилдими?
- Ҳозиргина ЎФА Биринчи вице-президенти Равшан Сайфиддинович билан суҳбатлашдик. Хабарингиз бор, Осиё чемпионатига чиққан 14та жамоа номи маълум. Саралаш босқичда битта гуруҳ ўйинлари ҳали бўлиб ўтгани йўқ. Ушбу гуруҳдаги ўйинлардан сўнг барча 16 жамоа номи аниқ бўлади. Ноябрь ойи сўнггига қадар режалар тузиб чиқилади. Қаерларда йиғин бўлади, қайси жамоалар билан ўртоқлик учрашувлари ўтказамиз барчасини аниқлаб оламиз.
Ҳозирги ёшдаги футболчилар бир маъромда ўйнай олишмайди. Буни тўғри тушуниш лозим. Шу боис саралашга борган қайсидир футболчилар кейинги йилги Осиё чемпионатида қатнашмаслиги ҳам мумкин. Селекцияни тўхтатмаймиз. Осиё чемпионатига қадар тенг кучли иккита жамоа тузишга ҳаракат қиламиз.
Эътибор берган бўлсангиз, бу йил фақат августдан кейингина хорижда йиғин ўтказдик холос. Кейинги йил эса имкон қадар хорижда ҳам, ўзимизда ҳам йиғинлар бўлади ва мамлакатимизда ўтадиган Осиё чемпионатига муносиб тайёргарлик кўрамиз.
Нарзулла Сайдуллаев суҳбатлашди
Фикрлар