Интервью. Карло Анчелотти: “Ҳар бир лаҳзадан завқ олаяпман”
27 дек 2015 11:00
Янгиликлар
Интервью. Карло Анчелотти: “Ҳар бир лаҳзадан завқ олаяпман”
Уни бир неча жамоалар ўзида кўришни истамоқда, бироқ Анчелотти мавсум ўртасида клубни қабул қилиб олишни ёқтирмайди. Канадада ҳордиқ чиқараётган италиялик мутахассис “France Football” нашри мухбири билан суҳбатлашди.
– Карло, таътилни қандай ўтказяпсиз?
– Жуда хотиржам. Ҳар бир лаҳзадан завқ оляпман. Мавсум охирида бирор клубга ўтишим мумкин. Мавсум ўртасида жамоани қабул қилиб олиб, бундан афсусланганман: “ПСЖ”, “Милан” ва “Ювентус”да.
– Кун тартибисиз ҳаёт қандай?
– Хато қиляпсиз! Ҳозир ҳаётим тартибли. Хоҳлаган нарсангни зарур вақтда қилиш учун ишни режалаштириш лозим. Канаданинг Ванкувер шаҳрида яшаяпман, уйимдан Тинч океани кўриниб туради. Ёмон эмас, шундайми?
Баъзида инглиз премьер-лигаси ўйинларини кўриш учун тонгги 4:30да тураман. Вақт фарқи бунга мажбур қилади. Лекин ўйин ёқмаса, биринчи бўлимдан кейин яна ухлайман. Масалан, Манчестер дербиси сингари. Чемпионлар лигаси кўпроқ маъқул келади. Учрашув тушки 11:45да бошланади ва кун бўйи бўш бўласан.
Овқат тайёрлайман. Тез-тез велосипедда сайр қиламан. Бир танишим билан балиқ тутамиз, унинг кемаси бор. МХЛда “Ванкувер Кэнакс” ва футболда “Ванкувер Уайткэпс” ўйинларига тушаман.
– Мураббийлик ишисиз зерикмаяпсизми?
– Йўқ. Ҳеч қандай босимни истамайман. “Реал” мураббийига қандай босим бўлишини кўрганингда! Охирги мавсумдаги асаббузарлик-чи? Мадридда яхши лаҳзалар ҳам бўлган, уларни эслаганингда сал афсусланарли бўлади. Ҳалигача “Реал”ни кузатиб боряпман, кўп ўйинчилар билан муносабатим илиқ. Суҳбатлашиб турамиз.
Ёзда “Милан”дан таклиф бўлганди, лекин мен операцияга тайёрланаётганим сабабли буни рад этдим. “Реал” мени бўшатгандан кейин ҳеч нарса қилишни хоҳламадим.
– Ишдан бўшаш оғриқли бўлдими?
– Ҳиссиётлироқ, лекин буни ичимдан сезиб, тайёр тургандим. Охирги ойда ўзимни “Реал”да бегонадек ҳис қилдим.
– Бундай катта танаффус сизга керакмиди?
– Ҳа. 20 йиллик фаолиятимда икки марта таътил олганман. “Ювентус”дан 2001 йил кетганимда ва 2011 йил “Челси”дан кетганимдан кейин.
– Мураббий асабий муҳитда ишлашини айтдингиз. Эҳтимол, ҳозир адреналин етишмаётгандир?
– Йўқ. Мен ортиқча ҳаяжонсиз ишлайман. Мадридда ҳам шундай бўлган. Босим бошқалардан келади. Президент, матбуот ёки футболчилардан.
– Яқинда сиз жаҳон терма жамоасига хайрия ўйинида бошчилик қилдингиз, Фергюсон эса Англия ва Ирландия терма жамоаларини бошқарди.
– У бизни хотини билан аэропортда кутиб олди, ўз машинасида келди. Кейин улар билан бирга ресторанда овқатландик. Кўп нарсалар тўғрисида суҳбатлашдик. Сизга янги китоб ёзаётганимни айтишни унутдим. Унда фаолиятимда ўйинчилар билан муносабат, турли ҳолатлар, муаммолар ҳақида сўз юритаман. Мағлубиятни қандай енгиб ўтиш, ғалабани тўғри баҳолаш. Мураббийлик тажрибам ҳақида. Буни бизнес юритиш билан таққослайман.
Қоидам шундай: бир-бирини ҳурмат қилиш. Ҳурмат менинг тушунчамда профессионал томонлама қўллаш. Натижага зўрлик билан эришилмайди. Қичқиришни ҳам ёқтирмайман, баъзида кийиниш хонасида бақириб турардим. Муносабат ҳамиша қалбдан, юракдан бўлиши керак.
– Сиз кўпроқ инсоний муносабатлар ҳақида гапирасиз, тактика ва футболдаги бошқа ҳолатларга нисбатан.
– Футбол айнан руҳий томондан катта ривожланиб бормоқда. Тактикада нимадир янгилик ўйлаб топиш қийин. Муваффақиятга жамоани яхшироқ иштиёқлантира олган, чорлаган ва бирлаштирган эришади. Кўп нарса менталитет, мураббий шахсиятига боғлиқ. Муаммо шундаки, мураббий “биз”, ўйинчи “мен” тарафлама ўйлайди. Инсон ўзини жамоанинг бўлаги деб сезса, барчаси осонлашади. “Реал”да 2014 йил Чемпионлар лигасини 10-марта ютганимизда шундай бўлганди. Муаммога эга ўйинчилар “биз” деб ўйлашни бошлаганди.
– Гап Криштиану Роналду ҳақида кетяптими?
– У ҳақида. Яна Серхио Рамосе, Пепе, Бензема, Модрич, Хаби Алонсо тўғрисида. Ўйинчи урадиган голлари ҳақида орзу қилиши мумкин, бироқ жамоа ғалабаси энг асосий ўринда туради. Айнан шу Криштиану учун муҳимга айланди. Лигани ютиш 3та “Олтин тўп”дан яхшироқ.
– Мураббийда қаттиқ руҳият бўлиши зарурми?
– Шундай. Лекин барчаси сиз учун ҳаётда ким ўрнак бўлганига боғлиқ. Отамни ҳеч қачон асабий кўрмаганман. Ким нима гапирган тақдирда ҳам оилавий ҳаётда хотиржамликни сақлаб қолиш жуда муҳим.
АНЧЕЛОТТИ “БАВАРИЯ”НИ БОШҚАРАДИ
Карло Анчелотти июль ойидан “Бавария” бошқарувини қўлга олиши кутилмоқда.
Хосеп Гвардиола лавозимини ёзда тарк этишини маълум қилгандан кейин мюнхеликлар Анчелоттининг хизматига қизиқиш билдиришган. 56 ёшли мутахассис “Манчестер Юнайтед” ва “Челси” таклифини инкор қилиб, “Бавария” билан келишиб қўйган. Бу ҳақида расман яқин орада эълон қилиниши кутилмоқда. Анчелотти ҳозиргача “Парма”, “Ювентус”, “Милан”, “Челси”, “ПСЖ” ва “Реал” клубларига бошчилик қилиб, уч марта Чемпионлар лигасида, шунингдек, Италия, Англия ва Франция чемпионатларида зафар қучган.
Беҳзод НАЗАРОВ тайёрлади.
Фикрлар