UZ

Сўнгги янгиликлар

23:17Рубен Аморим: "Ўзимга, футболчиларга ва клубга ишонаман"  0 22:44Месси Флик "Барселона" бош мураббийи бўлгани ҳақида гапирди  2 22:08"Интер Майами"ни ким бошқариши аниқ  0 21:48Виталий Левченко: "Нефтчи"да ёшлар йўқ? Бунинг учун шароитлар йўқ"   4 21:35Рўзиқул Бурдиев: "Чемпионатда ҳеч қандай мақсад қолмаган"  11 21:15Саудия Арабистони. "Ал Насср" - "Ал Қодисия" баҳси асосий таркиблари маълум!  8 21:09Жамшид Саидов: "Ёш болалардек ўйнадик, рақиб бизни янчиб ташлади"  0 20:57Сергей Лушчан: "Навбаҳор" футболчилари "Нефтчи"га ўтяпти? Балки..."  2 20:33Суперлига. "Навбаҳор" "Қизилқум"ни йирик ҳисобда мағлуб қилди  1 20:21"Пахтакор" 8 йил олдинги антирекордини такрорлади  2 20:15Суперлига. "Навбаҳор" сафарда "Қизилқум"ни 5:1 ҳисобида мағлуб этди  21 20:00Ямаль "Сельта"га қарши ўйнамайди  2 19:42Франция футбол Федерация ПСЖнинг "Мбаппе иши" бўйича апелляциясини рад этди  0 19:31Суперлига. "Нефтчи" – "Насаф" 2:0. Highlights  5 19:17Анвар Бердиев: "Мақсадимиз — Суперлигага чиқиш"  0

Интервью. Абрамов нима деганини эслай олмаган ўйинчи. Футболчилар, хусусан ўз айбини ҳам тан олган ҳужумчи. Янгиликлар

Интервью. Абрамов нима деганини эслай олмаган ўйинчи. Футболчилар, хусусан ўз айбини ҳам тан олган ҳужумчи.

Ўтган мавсумни "Машъал" таркибида ўтказган ҳужумчи ёши кичрайтирилганми, деган саволга қандай жавоб берди?

Ўз вақтида "Насаф"да порлаб чиққан истеъдод соҳиби Кенжа Тўраевни ўзбек футбол мухлислари ичида танимаган ишқибоз бўлмаса керак.

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ҳамда Ўзбекистон олимпия терма жамоаси сафида ўзининг ёрқин ўйинлари билан кўпчилик меҳрини қозонган Кенжа Тўраев жароҳати туфайли кўпчилик кутган даражага чиқа олмай қолганди.

Қаршининг "Насаф" жамоаси сафида олган жароҳати унинг кейинги фаолиятига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Жароҳатлар гирдобида тушиб қолган ҳужумчи орада "Насаф"даги ўрнини  бошқа рақобатчиларига бой берди ва терма жамоа мураббийлари эътиборидан ҳам четга қола бошлади. Охирги йилларда иккита оғир жароҳатни бошдан ўтказган Кенжа Тўраев учун ўтган мавсумнинг иккинчи қисми самаралироқ кечди.

Аввалига йил бошида ўзи учун қадрли бўлиб қолган жамоа "Насаф"ни тарк этан Кенжа Тўраевнинг "Шўртан"даги фаолияти омадли чиқмади. шу боис "Насаф"нинг собиқ аъзоси иккинчи даврани Қашқадарёнинг бошқа бир жамоаси ҳисобланган "Машъал" сафига бориб қўшилди.


Биз Кенжа Тўраев билан куни кеча кўплаб мавзуларда суҳбатлашдик ва ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олдик.


- Футболга кириб келишингизга сабабчи бўлган инсонлар ҳақида тўхталиб ўтсангиз...

- Футболга қадам қўйишимга акам билан амаким сабабчи бўлишган. Акам ҳамда амаким футболни ҳақиқий шинавандалари бўлишган. 2000 йили мени футбол мактабига олиб келишган. Алишер ва Жасур Ибрагимов деган мураббийлар қўл остида шуғулланганман.

- "Насаф" жамоасида қай тариқа пайдо бўлгансиз?

- 2005 йили мени "Насаф" йиғинига чақиришган. Ўшанда ёшлар жамоасида ҳозирги кунда клубда спорт директори лавозимида ишлаб келаётган Виталий Ни мураббийлик қиларди. Ни 10 нафар ёш футболчилардан 4-5 кишини жамоага олиб қолганди. Ўшалар ичида мен ҳам бор эдим. "Насаф"га келиб қолишим тарихи Виталий Ни билан боғлиқ.

- Олий лигадаги дебют ўйинингизни эслайсизми?

- Ҳа, албатта. 2006 йилги мавсумда "Самарқанд" жамоасига қарши учрашувда ўз дебютимни нишонлаганман. Ўшанда жамоага Баҳром Ҳакимов бошчилик қиларди. Шу мутахассис қўл остида Олий лигада дебют қилганман.

- Катта футболга кириб келишингизда, сизни Кенжа Тўраев бўлиб танилишингизга қайси мураббийнинг ҳиссаси катта деб айта оласиз?

- Баҳром Ҳакимов, Фомичёв, Борисов каби мутахассисларнинг хизмати катта бўлган. Айнан шу мураббийларнинг катта ишончи туфайли Кенжа Тўраев бўлиб танилганман.

- Кенжа Тўраев 2006 йили порлаб чиқди. Шундан сўнг кўпчиликнинг эътиборига, назарига тушди. Ўша пайтлари Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига жал этилдингиз. АҲмад Убайдуллаев қўл остида Осиё чемпионатида муваффақиятли қатнашдиларингиз. Ўша мусобақа ҳақидаги таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз...

- Тошкентда ўтган саралаш босқичида муваффақиятли қатнашдик ва Осиё чемпионатига йўл олгандик. БААда бўлиб ўтган қитъа чемпионатида муваффақиятли қатнашдик, дея оламан. Ўшанда биз финалда БАА билан дуч келгандик. Аммо ўша ҳал қилувчи баҳсда ғалаба қозона олмагандик.

- Финалда айнан сиз гол киритгандингиз. Финалда урилган голдан сўнг қандай ҳиссиётларни бошдан кечиргансиз?

- У пайти анча ёш бўлганмиз ва ҳиссиётлар, эҳтирослар бўлмаган.


- Ўртада Лондон Олимпиадаси йўлланмаси қўйилган Ўзбекистон - БАА ўртасида кечган ўйинда нималар руй берганини қисқача тасвирлаб бера оласизми?

- Бу ҳеч эсдан чиқмайдиган ўйин бўлиб қолган. Ғалаба бизни Лондонда бўлиб ўтадиган Олимпиада олиб чиқарди. Бор кучимизни ғалаба сарфлаш учун майдонга тушгандик. Нимадирлар сабаб бўлиб ўшанда тайёр ғалабани қўлдан чиқаргандик. Ўзимизнинг хатолар ва вазиятларни кўкка совурганимиз бизга панд берганди. Ўшанда ҳам Аҳмад Ҳалил дарвозамизга гол урганди. Бир қадам қолганида биз эмас, БАА ОТЖ мақсадига эришганди. Буни уддан чиқариб бўлмайди.

- Нимадирлар сабаб бўлиб дедингиз. Абрамов биз биламиз жамоани руҳан ўйинга жуда яхши тайёрлай олади. Аммо ўша беллашувда оғзимиздаги ошни олдириб қўйгандик. Ўйинда ҳам, ҳисоб борасида ҳам устунликка эга бўлиб туриб ташаббусни тўлиқлигича рақибга топшириб қўйилганди. Айнан қайси сабаблар туфайли бундай бўлганди?

- Аниқ сабабини билмадим. Менимча, захирадан тушган футболчиларимиз ўйинни ўзгартириб юборган. Фозил Мусаев ҳимояда тушганди. Ўзгаришлар бироз хато бўлганди.

- Ўйиндан сўнг кийиниш хонасида Вадим Абрамовнинг футболчиларга қарата айтган гапларини эслай оласизми?

- Йўқ, эслолмайман.

- Ўшандан кейин Олимпия терма жамоамиздаги иқтидорли ва истеъдодли деб қаралган футболчиларнинг кўпчилиги юқори даражага чиқа олмади. Хусусан сизнинг ўйинингизда ҳам пасайишлар кузатилди. Буни қандай изоҳлайсиз?

- Менга келадиган бўлсак, 2012 йили биринчи турда "Олмалиқ" билан ўйинда олган жароҳатимдан сўнг узоқ муддатга сафдан чиққандим. Ундан кейин яна ўйнадим ва 2014 йил ҳам оғир жароҳат олдим. Охирги 3 йилда кетма-кет икки маротаба оғир жароҳат олганим менга панд берди. Бошқа сабабини билмадим.

- Кенжа Тўраевнинг жароҳат мойиллиги борми? Жароҳатларни тўқнашувда олганмидиз ёки машғулотлар жараёнида нотўғри йўналишда шуғулланиш натижасими бу?

- Бу тўқнашувлар сабаб деб ўйламайман. "Насаф"да охирги йилларда кўпчилик жамоадошларимнинг жароҳатдан боши чиқмай қолди. "Насаф"да жароҳат туфайли сафдан чиқадиган битта ман эмасдим. Деярли 10-15 нафар футболчи кетма-кет жароҳатланмоқда. Машғулотлар жараёнида қандайдир хатоликка йўл қўйилаётган ҳам бўлиши мумкин. Аниқ бир нарса дейиш қийин. Бошқа жамоаларга нисбатан фақат "Насаф"да бу каби оғир жароҳатлар кўп учрамоқда.

- "Насаф"даги фаолиятингиз сиз учун қандай кечди: Яхши, ўртача ёки муваффақиятли?

- Жароҳатим бўлмаса бунданда яхши кечишини тахмин қилишим мумкин эди. Умуман олиб айтганда эса, фаолиятимдан қониқдим. Яхши натижаларга эришдик. Жамоа эришган ютуқларидан озгина бўлсада ҳиссам қўшилганидан хурсандман. Жамоа билан ОФК кубогида зафар қучганимизни унутиб бўлмайди. "Насаф" билан кумуш ва бронза медалларини қўлга киритдим. Қаршиликлар таркиби ҳар доим кучли бўлгани туфайли рақобат кучли эди. "Насаф"даги фаолиятимни бемалол яхши ўтди, дея оламан. Бу жамоага ёки клубга ҳеч қандай эътирозим йўқ. Жамоадан кетишни эса ўйин амалиётига эга бўлиш учун ўзим сўраганман. Албатта кўп йил ўйнаган жамоадан кетиш менга оғир бўлди.

- "Насаф"дан сўнг "Шўртан"га ўтгандингиз. Жамоа ўтган мавсумнинг биринчи даврасини муваффақиятсиз ўтказди. Мураббий эса ўшанда баъзи футболчилар ички муҳитни бузаётганини кўп маротаба таъкидлаганди. "Шўртан"да нималар содир бўлди?

- Мени "Шўртан"га Александр Волков таклиф этгани учун боргандим. Волков менга жамоага ёрдам бер, деб чақирганди. Ўшанда бошқа жамоалардан ҳам таклифлар бор эди. Аммо мен Волковни гапидан сўнг "Шўртан" вариантига тўхталгандим. Лекин Волковнинг "Шўртан"даги фаолияти жуда қисқа бўлди. Мавсум бошланмасиданоқ Волков "Шўртан"ни тарк этди. Унинг ўрнига эса Зоир Тўрақулов келди. Александр Волковга ишониб боргандим ва шартномага қўл қўйиб бўлинганди. Кейин эса келишувни бузиб бошқа жамоага кетиш ярамасди.

Тўрақулов қўл остида ёмон ўйнамадик, яхши ҳаракат қилдик. Аммо ҳеч омадимиз келмагани сабаб ютолмадик. Шундан сўнг жамоага спорт директори бўлиб ишлаб келган Ихтиёр Каримов бош мураббий бўлди. Кейин Ихтиёр Каримов менга умуман эътибор бермай қўйди. Аввал Ихтиёр Каримов билан яхши эдик, салом-алик жойида эди. Билмадим кейин нима бўлди, бош мураббий ҳаттоки имкон ҳам бермай қўйди.


- Иккинчи даврада "Машъал"га ўтдингиз. Бу жамоага сизни ким таклиф этганди?

- "Машъал" менежери Илҳом Қурбонов мени жамоага чақирди. Давралар оралиғида "Олмалиқ"да шуғулланиб юргандим ва бу клуб раҳбарияти билан оғзаки келишувга эришгандик. Аммо шундан сўнг Илҳом Қурбонов телефон қилиб жамоага таклиф этди. Иккинчи давра бошланишига 5-6 кун қолганида "Машъал" сафига бориб қўшилдим.

- Муборакликлар таркибида нисбатан самарали ҳаракат қилдиз. "Шўртан"да биринчи даврада 1та гол ургандингиз. "Машъал"да эса 7 маротаба гол киритишга муваффақ бўлдингиз. Эътиборга молик жиҳати, ушбу жамоа таркибида фаолиятингиздаги илк хет-трикни ҳам нишонладингиз. Ўзиз ўйинингиздан кўнглингиз тўлдими?

- "Машъал"га иккинчи давра бошланишига саноқли кунлар қолганида борганим сабаб, жамоанинг тактик услубига ва ўйинига киришиб кетиш бироз қийин бўлди. Дастлабки баҳсда 20 дақиқа ҳаракат қилдим. Кейин "Металлург"га қарши беллашувда майдонга тушмадим. Александр Хомяков эса менга албатта имконият беришини айтиб ўтди. Шундан сўнг "Бунёдкор" билан ўйинда майдонга тушдим ва ишлар яхши тарафга қараб кетди. Аввалига айтиб ўтганимдек, жамоага кўникиб ва мослашиб кетишимга бироз вақт керак бўлди. "Машъал"нинг ўз тактика ва фалсафаси мавжуд. Ўзбекистонда 5та ҳимоячи билан ўйнайдиган ягона жамоа "Машъал" ҳисобланади. Шу тариқа жамоага мослашиб кетдим ва ўйиндан-ўйинга спорт формамни яхшилаб бордим.

- Келажакда Кенжа Тўраевни яна терма жамоада кўришимиз мумкинми? Яна терма жамоа мураббийларининг эътиборини қозона олишга ишонасизми?

- Агарда ўйинни яхшилаб борсам ва голларни уриб турсам, албатта терма жамоада пайдо бўлишим мумкин. Бунга ишонаман. Ҳар бир футболчининг мақсади терма жамоа сафида тўп тепиш.

- Янги мавсумда ҳам "Машъал"да қоласизми?

- Ҳозирча бу номаълум. Шартнома йил якунига қадар мўлжалланган. Жамоа 15 декабрь куни йиғилади ва 28 декабрга қадар йиғин ўтказилади. Ўшанда барча масалаларга ойдинлик киритилади.

- Ҳозирги кунда бошқа жамоалардан ҳам таклифлар бўлмоқдами?

- Ҳа, таклифлар бор. Айнан қайси жамоалардан бўлаётгани эса сир бўлиб қолгани маъқул. Чунки ҳозир ҳеч нарса аниқ эмас. Шу боис айнан қайси жамоалардан таклифлар бўлаётганини ошкор қилмаганим маъқул.

- Кенжа Тўраев энди порлаб чиққан пайтлари ва терма жамоаларда ўйнаб юрган кезларида хориж клубларидан таклифлар бўлганми?

- Шахсан менга ҳеч бир жамоа таклиф билан чиқмаган. Баҳром Давлатов ўша пайтлари таклифлар бўлаётганини айтарди ва тайёрланиб тур деганди. Аммо ҳеч бир аниқ таклиф бўлмаган.

- Тошкент жамоаларидан чорловлар бўлмаганми?

- "Бунёдкор", "Пахтакор" ва "Локомотив" жамоаларидан ҳам таклифлар бўлган. Лекин у вақти "Насаф"дан кета олмасдим. Қашқадарёнинг ўша пайтдаги ҳокими раҳматли Нуриддин Зайниевнинг ҳурматлари туфайли "Насаф"дан кетмаганман. Чунки мени "Насаф" жамоасининг асосий таркибига киришимга ҳам раҳматли Нуриддин Зайниевнинг хизматлари катта бўлган. Айнан шу киши Баҳром Ҳакимовга мени асосий таркибда ўйнатишни айтган.

- Ўзбекистонда иқтидорли ва истеъдодли футболчилар талайгина. Ёшлар миқиёсида, ўсмирлар таркибида тез порлаб чиқадиган юлдузларимиз жуда кўп. Аммо улар катта футболга кириб келиши биланоқ йўқолиб қолишмоқда. Буни сизнинг мисолингизда ёки бошқа бир дўстларингиз мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?

- Тўғрисини айтсам, Ўзбекистонда кўплаб футболчиларимиз юлдузлик касалига учрашади. Улар машҳурлик юкини тўғри кўтара олишмайди. Мен шундай деб ҳисоблайман.


- Футболимиз йилдан-йилга ўсяпти, деган гапларга қўшиласизми?

- "Бунёдкор" ва "Пахтакор" айни кучайган даврда футболимиз ҳақиқатдан ҳам кучли эди. Ўшанда жамоаларимиз ОЧЛда ҳам яхши натижалар қайд этишган. Жамоаларда сифатли ва юқори даражадаги легионерлар тўп тепишган. Ҳозир эса кўпроқ ёшларга эътибор қаратилмоқда. Шу боис натижа жиҳатдан анча пастладик.

- Ўзбекистонда сўнгги 10 йилликдаги энг яхши мураббий деб кимни кўрсата оласиз?

- Менимча, Вадим Абрамов. Бу мени шахсий фикрим. Футболчилардан эса Одил Аҳмедовни танлаган бўлардим.

- Қайси футболчига ҳавас қиласиз?

- Уэйн Руни.

- Мухлислик қиладиган жамоангиз номи?

- "Манчестер Юнайтед" ишқибозиман.

- Ҳозирги берадиган саволим ғалати туюлиши мумкин. Лекин буни сўрамасам бўлмайди. Ўзбекистонда футболчилар ёшини кичрайтириш учраб туради. Миш-мишларга қараганда, Кенжа Тўраевни ҳам ёши кичрайтирилган эмиш. Бу қанчалик рост?

- Ҳамма ҳар хил гапираверади. Биз оилада 10 кишимиз. Мендан олдин эса 1987 йилда туғилган акам бор. Мен билан бирга ўқиган дўстларим ва танишларимнинг барчаси 1989 йилда таваллуд топганимни билишади. Ҳужжатда қайси йилда туғилганим кўрсатилган. Миш-мишлар эса бўлаверади. 

- Футболдаги орзуингиз нима?

- Ўзбекистон терма жамоаси сафида Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритиш ва мундиалда ўйнаш.

- Ҳозирги кунда терма жамоамиз Рауф Инилеев, Вадим Абрамов ва Миржалол Қосимов бошчилигидаги жамоалардан нимаси билан фарқ қилади?

- Айни пайтдаги футболчилар анча кучли. Таркибдаги деярли барча легионер саналади. Ўша Осиё Кубоги-2011дан сўнг кўплаб футболчиларимиз легионерга айланишди. Абрамов қўл остида ўйнаган футболчиларимизнинг кўпчилиги ўша мусобақадан кейин хорижга йўл олишди.

- Ўйин тарафламачи?

- Ўйин тарафлама? Ўзингиз ҳам кўряпсизки. Тўғрисини айтсам, билмадим. Мураббийни танлаган тактикаси. Қандай ўйнашидан қатъий назар телевизор орқали ўйинларни кўриб, жамоамизга мухлислик қилиб ўтирамиза. Лекин тан олиш, ўйин Вадим Абрамов бошчилик қилган даврдагидек эмас.

- Ҳозирги кунда Ўзбекистондаги энг иқтидорли ёшлар деб қайси футболчиларни кўрсата оласиз?

- Элдор Шомуродов, Жалолиддин Машарипов. Бу мавсумда Сардор Мирзаев яхши ўйнади.

- Ўтган мавсумда қайси жамоа сизни ҳайратлантирди?

- "Локомотив" жамоаси. Кўп йиллардан буён чемпион бўлолмай келаётган эди. Аммо бу йили улар ажойиб ўйин кўрсатишди ва иккала фронтда ҳам чўққига кўтарила олишди.

- "Насаф"дек катта жамоада тўп сургансиз. Кейинчалик мана "Шўртан" ва "Машъал" клубларида ўйнадингиз. Бу жамоалар ўртасидаги тафовут қанчалик катта?

- "Насаф"да аввало мавсум олдидан аниқ вазифа қўйилади. Қолган барча тарафлама ҳам ўртадаги тафовут катта.

- Ўзбекистон чемпионатида йилдан-йилга мухлислар ташрифи пасайиб кетмоқда. Ўтган мавсум ҳам кўплаб жамоаларимизнинг ўйинлари деярли бўм-бўш стадионда ўтди. Бунга нима сабаб бўлмоқда?

- Аниқ бир нарса дейиш қийин. Балки биз футболчиларнинг ҳам бунга айби бордир. Футболчи сифатида мухлисларга ёқадиган, уларга манзур келадиган ўйинни кўрсата олмаётгандирмиз. Футболчиларнинг ҳаракатлари уларга маъқул келмаётгани ҳам томошабинларнинг ташрифини пасайиб кетишига битта сабаблардан бири бўлса керак.


Шаҳбоз Беғамов суҳбатлашди.

Рейтинг: +17   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика