

Championat.asia сайти маълумотига кўра, иккинчи даврадан эътиборан катта эҳтимол билан водийдаги Суперлига ўйинлари ПФЛ харид қилган камералар ёрдамида телетрансляция қилинади.
Айни вақтда профессионал камералар сони 4 та бўлиб, тез орада 2 та яна камера етиб келади.
ПФЛ, шунингдек, Ўзбекистондаги мавжуд бўлган 4 та ВАР техникасининг (3 таси ЎзФҲМда ва 1 таси Термизда) ҳар бирига 2 тадан умумий 8 та камера сотиб олган. Мазкур камералар мавсум давомида ВАР техникаси билан ёнма-ён юради. Шундан келиб чиқилса, тез орада водийдаги футбол учрашувлари умумий ҳисобда 8 та камера орқали эфирга чиқарилиши мумкин. Бунга қадар МТРК аксар ўйинлар учун 4 та камера жалб қилаётганди.
Шунингдек, айни вақтда Урганчдаги стадионга ҳам ВАР техникаси ўрнатилган бўлиб, ПФЛ унинг ёнига ҳам қўшимча 2 та камера сотиб олади.
Маълумот учун, Қарши ва Ғузордаги футбол учрашувлари "Насаф" футбол клубига тегишли камералар ёрдамида телетрансляция қилинади. "Насаф" ва ПФЛ ўзаро ҳамкорликда МТРК учун тайёр сигнал тақдим этиб келмоқда.



