UZ

Сўнгги янгиликлар

16:10МЮдагилар ёзда 42,5 млн. еврога сотиб олинган футболчига шубҳа билан қарашмоқда  0 15:43ЦСКА - "Ростов". Таркиблар эълон қилинди  2 14:53Суперлига. "Олимпик" - "Бунёдкор" 0:1 (матнли трансляция)  0 14:48Гвардиола: "Манчестер Сити"га дунёнинг энг яхши футболчиси етишмаяпти"  12 13:50Энрике: "Ҳайратланарли томоша кўргингиз келса "Дю Солей Цирки"га боринг"  1 13:426+4+3. Кузги имтиҳондан яхши ўтдик  24 13:16Родри Пеп ва Симеоне ўртасидаги фарқни айтди  5 12:11"Реал" 11 ойдан бери "Бернабеу"да 15 млн. евро даромад келтириши кутилаётган бар-ресторанни очолмаяпти  1 11:39Пети: "Анчелотти ва яна бир неча футболчилар Мбаппе "Реал"га ўтишини хоҳламаганига ишончим комил"  18 10:54Аморимнинг МЮдаги илк трансфери бразилиялик футболчи бўлиши мумкин  1 10:20Кейн Холландга тегишли бўлган Бундеслига рекордини янгилади  6 09:47Лунин А Серияга кўчиб ўтиши мумкин  1 09:11Goal мундиал фаворитлари рўйхатини янгилади. ТОП-10да ўзгаришлар бор  7 08:45Аморим «Манчестер Юнайтед»да нималарни ўзгартириш кераклигини айтди  3 08:18Sofascore. «Ал Ваҳда» дуранг ўйнади. Ҳожимат Эркиновнинг ҳаракатлари неча баҳога лойиқ кўрилди?  3

Ҳусниддин Ғофуров: «Ҳозирча Ўзбекистонга қайтиш ҳақида ўйламаяпман» Янгиликлар

Ҳусниддин Ғофуров: «Ҳозирча Ўзбекистонга қайтиш ҳақида ўйламаяпман»

Маълумки, Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод футболчилардан бири Ҳусниддин Ғофуров иккинчи мавсумдирки, Сербиянинг «Явор Матис» клуби шарафини ҳимоя қиляпти.
Афсуски, унинг жамоаси ўтган мавсум якунларига кўра, Сербия олий лигасини тарк этди. Ҳозирда иваницаликлар 1-лигада пешқадамлар сафида боришяпти. 18 март куни ўтказилган 17-тур учрашувидан сўнг «Явор» турнир жадвалида 34 очко билан 2-ўринни эгаллаб турибди. Пешқадам Сурдулицанинг «Радник» жамоаси ҳисобида 36 очко бор. Лекин «Явор»нинг кучлилар сафига қайтиши ҳақида гапиришга ҳали эрта. Боиси, кучли саккизталикда бораётган рақиблар ундан кўпи билан 5 очко кам жамғаришган.

18 март куни ўтказилган учрашувда Ҳусниддин ва унинг жамоадошлари таъқибчилардан бири - «Борча»дан 2:0 ҳисобида устун келишди. Биз ушбу ўйиндан сўнг ҳамюртимиз билан боғланиб, ундан Сербиядаги ишлари хусусида махсус интервью олдик.



- Ҳусниддин, аввало, охирги ғалаба билан табриклаймиз. Ўйинга қисқача тўхталиб ўтсангиз.

- Раҳмат. Ғоят муҳим ўйинда ғалаба қозонганимиздан хурсандман. Кечаги (суҳбат 19 март куни уюштирилган, - муал.) ўйин олдидан «Борча» клуби билан орамиздаги фарқ бор-йўғи 2 очкони ташкил этаётганди. У ҳам олий лига йўлланмасига даъвогарлардан бири. Ҳужумкор руҳда ўтган учрашувда мақсадга эришдик ва энди қолган ўйинларда ҳам очко йўқотмасликка ҳаракат қиламиз. Ҳозир пешқадам «Радник» клубидан 2 очко ортда қоляпмиз. Турнир жадвалига эътибор қаратсангиз, 1-8-ўринларни эгаллаб турган жамоаларнинг очколари ўртасида  тафовут унча катта эмас. Биргина мағлубият ҳам қимматга тушиши ҳеч гап мумкин. Шу боис, ҳар бир ўйинга алоҳида тайёргарлик билан чиқяпмиз.   

- Умуман, Сербиядаги ишларингиз қандай кетяпти?

- Иккинчи давранинг илк учрашувида мағлубиятга учраганимизни ҳисобга олмасам, ҳаммаси жойида. Энг аламлиси, аутсайдер ҳисобланган Кральевонинг «Слога» клубига 1:2 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйдик. Ўша мағлубиятдан сўнг 3-ўринга тушиб қолгандик. Кечаги ғалаба билан яна ўз ўрнимизга қайтдик.

- «Явор» сафида олий лигада ҳам ўйнадингиз. Айтингчи, Сербиянинг 2та лигаси ўртасидаги фарқ нималарда акс этяпти?

- Очиғи, катта фарқни сезмадим. Бу шахсий фикрим. Балки айримлар бунга қўшишилмас. Лекин шахсан мен айтишга арзигулик фарқ кўрмаяпман. Биринчи лигада ҳам ўша тезкорлик ва шиддат бор.

- Майдонларнинг сифати қандай? Стадионга мухлислар ташрифичи?


- Сербияда кучли қор ёққанлиги сабабли, чемпионатнинг иккинчи давра старти бир ҳафта кечиктирилди. Бугунга келиб майдонларнинг ҳолати анча яхшиланди. Энди совуқ ҳаво майдонлар сифатига бироз таъсир ўтказган. Лекин ўйнаб бўлмас даражада ёмон эмас. Мухлислар ташрифи эса ўртача.

- Масалан, «Явор»нинг ўйинларига қанча мухлис киряпти?

- Ўз майдонимизда ўтадиган ўйинларимизга 5 мингдан кам мухлис тушмайди. Табиийки, марказий учрашувларга нисбатан кўпроқ мухлис келади.

- Жамоангиз 1-лигага тушиб кетганидан кейин мухлислар ташрифи камайиб кетмадими?

- Йўқ. Европалик мухлислар айнан шу масалада  бошқа қитъа ишқибозларидан ажралиб туришади. Ҳатто ўртоқлик ўйинларига ҳам етарлича мухлис келади. Мабодо, жамоа мағлубиятга учраса ҳам, уни ҳақоратли сўзлар билан сийламайдилар. Хуллас, Европада футбол санъат даражасига чиққанини бежиз таъкидламайдилар.



- Ўтган мавсум билан таққослаганда, клубда қандай ўзгаришлар бўлди?

- Катта ўзгаришлар йўқ. Жамоани 3-4 нафар футболчи тарк этди. Асосан ёшлар фаолиятларини бошқа клубларда давом эттириш истагини билдиришди.

- «Явор» 1-лигага тушиб кетгани учун шундай бўлдими?

- Эҳтимол. Ҳарқалай, олий лига клубларидан яхши таклиф олган футболчилар кетишди.

- Ўз ўйинингизда қандай ўзгаришлар кўзга ташланяпти? Мунтазам майдонга тушяпсизми?

- Ҳа, ҳозир мураббийлар ишонч билдиришяпти. Фақат биринчи ўйинда захирада қолдим. Давралар оралиғида ўтказилган барча ўртоқлик учрашувларида асосий таркибдан жой олгандим.

- Сиз ҳаракат қиладиган чизиқда рақобат қандай, мураббий билан ўртангизда муаммо йўқми?

- Йўқ. Шунчаки, сўнгги назорат учрашувида жароҳатланган эдим. Шу сабабли, иккинчи давранинг илк турида ўйинни захирадан томоша қилдим. Балки мураббийлар жароҳатим жиддийлашиб кетмаслиги олдини олишгандир. Лекин рақобат ҳам кучли. Буни алоҳида қайд этиш лозим.

- Ҳозир қайси позицияда ўйнаяпсиз?

- 3та жой - ўнг ва чап қанот ярим ҳимояси ҳамда ҳужумчи ортида ҳаракат қиляпман.

- Демак, эркин ярим ҳимоячи экансиз-да.


- Худди шундай. Мураббий кўрсатмасига кўра, қанотларни ўзгартириб тураман. Керак вазиятда ҳужумчиларга ёрдам ҳам беряпман.

- Олий лигада мавсумни ёмон бошламагандинглар. Жамоангизнинг 1-лигага тушиб кетишига нима сабаб бўлди?

- Тўғриси, буни изоҳлаб беролмасам керак.

- Нима учун?

- Жамоада бир мавсум мобайнида 3 маротаба бош мураббий ўзгарди. Бир мураббий энди ўйин услубини йўлга қўйган пайт бошқаси келади. Мавсумни 3 хил тактикада ўтказдик. Буни ўзингиз тасаввур қилаверинг. Келган мураббийларнинг ўйин услублари ва футболга қарашлари ўхшаш бўлганида ҳам майли эди.

- Жароҳат сабаб, аксарият ўйинларда майдонга тушмабсиз. Шунча пайт майдон четида қолиш...

- Ўзимни фақат машғулотлар билан овутдим. Аксига олиб, жароҳатдан сўнг тикланишим ҳам чўзилиб кетди. 20 кун машғулот ўтказиб, энди майдонга қайтадиган пайт тиззамда яна кучли оғриқ сездим.



- Клубда футболчиларга тиббий хизмат кўрсатиш яхши йўлга қўйилганми?

- Ҳа, яхши. Шикоят қилишга ҳаққим йўқ. Бу саволни тезда тузалиб кетмаганим учун бердингиз, чоғи. Айтишим жоизки, баъзи жароҳатлар секин-асталик билан битади. Аксига олиб, менинг жароҳатим ҳам шундай бўлиб чиқди. Ўйлайманки, қийинчиликлар ортда қолди ва бундан буён мунтазам асосий таркибда майдонга тушаман.  

- «Явор»да сиздан бошқа легионер футболчилар ҳам борми?

- Жами 3 нафар легионер рўйхатдан ўтган. Куни кеча нигериялик яна бир футболчи сафимизга қўшилди. Ундан аввал мен ва нигериялик футболчи ўйнаётган эдик. Қисқаси, мендан ташқари, 2 нафар нигериялик бор.

- Жамоа олдига қандай вазифа қўйилди?

- Насиб қилса, шу йилнинг ўзида суперлигага қайтамиз. Клуб раҳбариятининг талаби ҳам шу. Умид қиламанки, мавсум якунида бу вазифани уддалаймиз.

- Имкониятлар қандай? Ҳал қилувчи ўйинларни яхши ўтказишга қодирмисизлар?


- Имконият ўз қўлимизда. Энг муҳими, суперлига йўлланмаларига даъвогар жамоалар билан ўйинларда очко йўқотмасак, бас.

- Хўш, қайси клубларни асосий рақобатчи сифатида кўряпсизлар?


- «Радник» ва «Металлац»ни. Ҳар иккиси суперлигага чиқишни мақсад қилган. «Радник» мусобақа жадвалида пешқадамлик қиляпти. «Металлац» эса 30 очко билан кучли учликда боряпти. Кейинги поғоналарда бораётган «Пролетер Нови Сад», «Инжия» клубларида ҳам имконият етарли. Биз ҳозир ўз ўйинимиз ҳақида ўйлашимиз керак. Шу ўринда бир нарсани айтишим керак, 1-лига бўлса ҳам, осон ўйиннинг ўзи йўқ. Узоққа бормайлик, бундан аввалги ўйинимизда яққол аутсайдерга ютқаздик. Бундай кутилмаган натижалар бошқа етакчи клублар билан ҳам содир бўляпти.

- Клуб базасида яшаяпсизми?


- Йўқ. Легионерларга алоҳида квартира берилган.

- Шароитлар яхшими?

- Нолимайман. Ҳаммаси жойида.

- Маош етяптими?

- Бу борада ҳам кўнглим тўқ.

- Суперлигадаги мавсум билан таққослаганда, маошлар қисқартирилмадими?

- Ҳар ҳолда, маошимизда катта ўзгариш бўлмади.

- Легионерлар тахминан қанча олишади?


- Тўғриси, буни билмайман. Ҳар бир футболчи шартномасида белгиланган маошни олади. Суммага келсак, олий лигамизнинг аксарият клублариникидан яхши.

- Ўзбекистонга қайтиш ҳақида ўйламаяпсизми?

- Ҳозирча йўқ. Менга Европа футболи ёқяпти. Ҳали қайтишга улгураман. Мана, Сербия чемпионатига кўникиб қолдим.  Суперлига клубларидан ҳам таклифлар олгандим. Лекин «Явор»га содиқ қолдим. Насиб қилса, келаси мавсум яна кучлилар сафида ўйнаймиз.

- Ўзимиздаги клублардан ҳам чақирув бўлгандир...

- Таклифлар бор эди. Лекин юқорида айтганимдек, Сербияда қолишни маъқул кўрдим. «Явор» Европадаги ягона жамоам бўлиб қолмаслиги учун астойдил ҳаракат қиламан.



- Ўзбекистонда ҳам мавсум бошланди. Кузатиб боряпсизми?


- Албатта. Бу йил олий лигада кураш яхшигина қизиса керак. Биринчи тур ўйинлариёқ буни кўрсатиб қўйди. Амалдаги чемпион «Пахтакор» ўз майдонида «Олмалиқ» билан дуранг ўйнабди. Яна олий лига дебютанти «Қўқон-1912»нинг меҳмонда 3 очко олишни ҳеч ким кутмаган бўлса керак. Бундай кутилмаган натижалар чемпионат савияси кўтарилаётганидан дарак беради.

- Клубларимизнинг ОЧЛ-2015даги иштирокларидан ҳам хабардормисиз?


- Ҳа. Афсуски, гуруҳ босқичининг 3-тур ўйинлари жамоаларимиз учун омадсиз келди. Айниқса, «Пахтакор» ва «Бунёдкор»нинг ўз майдонида ютқазишгани ёқимсиз бўлди. «Локомотив»нинг йирик ҳисобли мағлубияти эса ҳаммасидан ошиб тушди. Биргина «Насаф» мухлисларни хушнуд этди. Кўрамиз, 4-тур учрашувлари кўп нарсага ойдинлик киритиб беради. Фурсатдан фойдаланиб, ОЧЛда юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган клубларга омад тилайман.

- Миллий жамоамиз ФИФА саналари доирасида, яъни 27 ва 31 март кунлари мос равишда Жанубий Корея ва Япония термалари билан меҳмонда ўртоқлик учрашувлари ўтказади. Сиз терма жамоанинг кенгайтирилган таркибидан ўрин олгансиз...


- Нимани сўрамоқчи эканлигингизни тушундим. Ҳа, терма жамоа либосида майдонга тушишни ҳар бир футболчи орзу қилади. Менга шундай бахт насиб этганидан хурсандман. Ўтган йили Уммон термаси билан ўйинда майдонга тушдим. Бунинг учун бош мураббийимиз Миржалол Қўшоқовичга миннатдорчилик билдираман. У биз каби ёш футболчиларга имконият тақдим этяпти. Гарчи ҳозирда 1-лига клубида ўйнаётган бўлсамда, терма жамоага қайтиш учун астойдил ҳаракат қиламан. Фақат жароҳатлар озгина панд бериб қўйди. Ваҳоланки, ўша пайт юқори спорт формасига чиқиб бораётгандим. Ўйлайманки, мен учун қора кунлар ортда қолди. Тез орада яна катта саҳнага чиқиш учун бор имкониятимни ишга соламан. Бош мақсадим - миллий жамоамиз таркибида ЖЧ-2018 саралаш баҳсларида муваффақиятли иштирок этиб, Россия мезбонлик қиладиган мундиалга йўл олиш.


Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика