Ҳакамлар ЖЧ-2018 ўйинларини бекор қилишлари мумкин

Aslanov Jasurbek
27 ноя 2017
ФИФА президенти Жанни Инфантино 2018 йил Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати қуръасидан олдин турнир fair play рухида ўтишини билдирди.

Ташкилот раҳбарининг сўзларига кўра, Россиядаги жаҳон биринчилигида камситишга қарши кураш олиб борилади.

"2018 йилги жаҳон чемпионати fair play рухида ва ҳалол ўйин қоидаларига риоя қилинган ҳолда ўтишига умид қиляпмиз. Бу майдондаги ҳаракатларга тегишли, бироқ ҳалол ўйин ҳақида гапирсак, камситишга ва допингга қарши тадбирларни ҳам эслаб ўтиш лозим.

Допинг борасида гапирадиган бўлсам, барча жамоаларнинг футболчилари аккредитациядан ўтган ВАДА ходимлари томонидан мусобақа вақтида ва ундан ташқари пайтда текширилади. Камситишга оид вазият ҳам шундай, унга қарши кураш бизнинг асосий мақсадларимиздан бири. Агар шундай воқеа юз берса, камситишга қарши уч босқичли жараён амалга оширилади ва учрашув бош ҳаками ўйинни тўхтатиши ёки уни бекор қилиши мумкин" - дейди Инфантино.

Жаҳон чемпионатига 1 декабрь куни Москвада қуръа ташланади. Турнирнинг ўзи 14 июндан 15 июлгача бўлиб ўтади.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: sport-express.ru