Фақатгина Азар эмас: жароҳатлар фаолиятида ҳалал берган 9 ўйинчи (мутолаа учун)
22 окт 2023 14:56
Янгиликлар
Фақатгина Азар эмас: жароҳатлар фаолиятида ҳалал берган 9 ўйинчи (мутолаа учун)
Жароҳатлар – ҳар қандай, айниқса контактли спорт турларининг ажралмас қисмидир. Жароҳатлар спортчининг юқори марраларни забт этишида жиддий таъсирини ўтказадиган ҳоллар тез-тез бўлади, баъзида эса умуман фаолиятини якунлашга мажбур қилади. Бундай ҳолатлар футболда ҳам содир бўлади. Бугун жароҳатлар жиддий таъсир қилган ўйинчилар ҳақида гаплашамиз.
Луис Саа
Алекс Фергюсон Саанинг катта мухлиси бўлган, шу сабаб уни "Фулхэм"дан олиб келганди. Француз фақатгина соғ бўлгандагина мухлисларни ҳайратда қолдирди. Саа дастлабки 14та ўйинида 7та гол урган ҳолда нега "Манчестер Юнайтед" у учун 12,4 млн фунт тўлашга рози бўлганини кўрсатди ва "Олд Траффорд"даги фаолиятини жуда яхши бошлади.
Аммо, кейинчалик жароҳатлар пайдо бўлишни бошлади. Фергюсон футболчининг оғир ҳолатини ҳис қилди ва якунда уни "Эвертон"га қўйиб юборди. Мутахассис кейинчалик буни тушунтирди: "Саанинг сотуви шундан иборатки, қанчалик иқтидорли бўлмасин ҳеч қачон унга 100 фоиз ишонч билдира олмасдим".
Жек Уилшир
Жек Уилшир 2022 йилнинг июлида фаолиятини якунлаганини эълон қилди. "Арсенал"да атиги 16 ёшда дебют қилган катта иқтидор олдинроқ Сеск Фабрегасга тегишли рекордни янгилади ва атиги 30 ёшда бутсаларини михга илишга мажбур бўлди. Жек 2011 йилда мавсумолди ўртоқлик ўйинида олган тўпиғидаги жароҳатдан сўнг тўлиқ тиклана олмади.
Фабио Капелло "инглиз футболининг келажаги" дея атаган ўйинчи бир йилдан ошиқ вақтдан сўнг кўриниш беришни бошлади, аммо у тузалмаган жароҳатидан доим азият чекарди. Якунда "Арсенал" 2018 йилда уни текинга қўйиб юборди ва бу нарсани у ажойиб узатмалари билан бутун стадионни ҳайратда қолдирган иқтидорли тинейжер пайтларида тасаввур қилиб бўлмасди.
Тьяго Алькантара
Хосеп Гвардиола "Бавария" бошқарувини қўлига олиши билан Тьяго Алькантара билан шартнома имзолашни жуда ҳам хоҳлаганди. Буни осонгина тушуниш мумкин эди: испан ўта иқтидорли. Аммо, у ҳам хафа қиладиган даражада мўрт. Тьяго сўзсиз ўз даврининг энг иқтидорли плеймейкерларидан бўлганига шубҳа йўқ, аммо у жароҳатларга жуда ҳам мойил. У бутун фаолияти давомида фақатгини битта мавсумда лигадаги 30та ўйинда майдонга тушди – бу эса унинг яхши формада бўлганда ўйинга нималар бера олишини ҳисобга олса жуда ҳам ҳайратланарли ва қайғули статистика.
Марио Гётце
Гётце Германия терма жамоаси бош мураббийи Йоахим Лёв сўраганидек 2014 йил жаҳон чемпионати финалида Лионель Мессидан зўрроқ эканини кўрсатмагандир, аммо ундан Риода захирадан майдонга тушгандан сўнг ғалаба голини урган ҳолда ўтиб кетди. Хавбек ўша пайтда атиги 22 ёшда эди ва уни олдинда юлдузли карьера кутаётгандек туюлганди. Аммо, ишлар тезда пастга қараб кетди.
Марионинг ўзи тан олганидек, у 2013 йилнинг ёзида Дортмунднинг "Боруссия" клубидан "Бавария"га ўтган ҳолда катта хатога йўл қўйди. Такрорланаверган мушак жароҳатлари бир неча бор унинг ўйин вақтларини чеклади. Ҳозирда Франкфуртнинг "Айнтрахт" жамоасида ўйнаётган ва Юрген Клопп ўзи шуғуллантирган энг яхши ёш ўйинчи деб атаган Гётце имкониятларини максимал тарзда намоён эта олмади.
Поль Погба
Поль Погба 2023 йилнинг 14 майида "Ювентус"га қайтганидан сўнг илк бор асосий таркибда майдонга чиқди. У майдонда сонидаги муаммолар сабаб атиги 23 дақиқа бўлди. Шунинг натижасида Поль учун мавсум якунлангани тасдиқланди ва унинг Туриндаги илк пайтларидек бўлган ўйинчига ортиқ айлана олмаслиги ҳақидаги хавотирлар ошди.
Унинг "Олд Траффорд"даги фаолияти ҳам мунтазам равишда унга нималарга қодирлигини кўрсатишга ҳалал берган турли хил мушак муаммолари ва тўпиқ жароҳатлари билан ёдда қолди. Муваффақиятсиз допинг-тест эса унинг фаолиятининг янада шўнғишига сабаб бўлиши мумкин. Умуман олганда, у жаҳон чемпионига айланди, аммо у кўпроқ нарсага эришиши мумкин эди.
Адриано
"Интер" Адриано билан Роналдонинг ўринбосарини топгандек эди. Бразилиялик ватандоши каби ўзида жисмоний куч ва техникани мужассам этганди. Ундан ҳатто Златан Ибрагимович ҳам ҳайратда эди. Афсуски, ажойиб стартдан сўнг унинг фаолияти ҳам ҳаёти каби пастга шўнғиди. Бунга жароҳатлар ва отаси билан муносабатларнинг бузилиши сабаб бўлди. Адриано бундай кескин пасайишни шундай тушунтирди: "Ҳаммаси оддий: битта ёриқ тўпиғимда, бошқаси эса қалбимда".
Марко Ройс
Ройснинг исмини Марко ван Бастен шарафига қўйишган эди ва бу футболчи учун катта мотивация бўлган, аммо нидерландияликнинг фаолияти жароҳатлар сабаб муваффақиятсизликка учрагани эса ёмон аломат эди. Немис 34 ёшида ўйнаётган бўлса ҳам аллақачон катта муваффақиятсизликларни бошдан кечирди: доимий жароҳатлар унга ўзининг ақлбоварқилмас иқтидорини максимал тарзда ишлатишга имкон бермади.
Ройс кўплаб катта халқаро турнирларни ўтказиб юборди, шунингдек клуб даражасида ҳам. У GQ'га берган интервьюсида шундай деди: "Ўз ишимни бажариш ва яхши кўрганим, яъни футбол ўйнаш учун яна соғ бўлиш учун барча пулларимни берган бўлардим. Биз профессионал ўйинчилар сифатида кўп пул оламиз, аммо баъзида бу учун соғлигимиз билан катта нарса тўлаймиз. Ройс бу қайғули фактнинг энг яхши намунасидир.
Роналдо
Иккита "Олтин тўп", "Олтин бутса", жаҳон чемпионати ғолиблиги, умуман олганда Роналдода ажойиб карьера бўлган. Аммо, бундан ҳам зўрроқ бўлиши мумкин эди. У "Интер"да иккита даҳшатли тизза жароҳатларидан биринчисини олганда атиги 23 ёш эди, у шу сабаб 3 мавсумга сафдан чиққан. Бразилиялик тикланган, аммо тўлиқ эмас. 2003 йил "Олд Траффорд"да хет-трик қайд этиб олқишларга сазовор бўлган футболчи эндиликда 1998 йил УЕФА Кубоги финалида буюк Алессандро Нестани қийнаган "Феномен" эмасди. "Лацио" собиқ ҳимоячиси буни "ҳаётидаги энг ёмон тажриба" деб атаган ва унинг бундай деганини тушуниш қийин эмасди.
Тезлик, куч ва ақлбоварқилмас жиҳатлар билан ушбу R9'ни тўхтатиш шунчаки иложсиз эди. У кузатиш мароқли бўлган энг қизиқарли марказий ҳужумчи эди. Унинг барча эришган ютуқларига қарамай одамлар ҳалигача агар тизза жароҳати бўлмаганда нима бўларди деган саволни беришади...
Марко ван Бастен
Ван Бастен – афсона, футбол тарихидаги энг яхши "тўққизлик"лардан бири. У бир вақтнинг ўзида буюк тўпурар, шунингдек буюк ва муҳим голлар муаллифи бўлган. Аммо, нидерландиялик 1995 йилнинг августида тўпиғидаги жароҳат қайталаниши сабаб фаолиятини якунлаганини эълон қилди. Бу вақтда у атиги 30 ёш эди, аммо 2 йил ўйнамаганди, бу эса нидерландиялик ҳужумчида ёрқин дамлар тугаганини англатарди. Фабио Капелло шундай деганди: "Унинг эрта кетиши ўзи ва футбол учун катта бахтсизлик бўлди".
Goal материаллари асосида Footballhd.ru тайёрлади. Алишер Остонов таржимаси
Фикрлар