UZ

Сўнгги янгиликлар

19:27Илёс Зейтуллаев: "Йигитлар сўнгги учрашувларда асосий ва захира деган тушунчалар йўқлигини тушунишди"  0 19:21Суперлига. "Андижон" "Динамо"ни йирик ҳисобда мағлуб этди ва Суперлигада ўрнини сақлаб қолди  11 19:09Денис Коростиченко: "Бунёдкор" захираси бизникидан кучлироқ экан"  0 18:47Туркия. Алиқулов жамоаси иродали ғалабага эришди  0 18:20"Ростов" сўнгги 15 дақиқаликдаги 2та гол туфайли ЦСКАдан ғалабани юлиб олди  7 18:00"Севинч" - 14 карра Ўзбекистон Кубоги соҳиби!  3 17:42"Матч ТВ" графика оператори ишсиз қолди. Нега?  5 17:07Суперлига. "Бунёдкор" "Олимпик"ни мағлуб этди ва хавфли зонадан узоқлашди  1 16:54"Лестер" - "Челси". Кимлар асосий таркибда?  0 16:10МЮдагилар ёзда 42,5 млн. еврога сотиб олинган футболчига шубҳа билан қарашмоқда  0 15:43ЦСКА - "Ростов". Таркиблар эълон қилинди  7 14:48Гвардиола: "Манчестер Сити"га дунёнинг энг яхши футболчиси етишмаяпти"  18 13:50Энрике: "Ҳайратланарли томоша кўргингиз келса "Дю Солей Цирки"га боринг"  1 13:426+4+3. Кузги имтиҳондан яхши ўтдик  27 13:16Родри Пеп ва Симеоне ўртасидаги фарқни айтди  5

Эркин Бойдуллаев: “Насаф”да қолиш-қолмаслигим ҳали аниқ эмас” Янгиликлар

Эркин Бойдуллаев: “Насаф”да қолиш-қолмаслигим ҳали аниқ эмас”

Яхши савиядаги марказий ярим ҳимоячилардан бири Эркин Бойдуллаев бу йил “Насаф”да ўзининг тўртинчи мавсумини ўтказди.
Олий лига якунига етгач, футболчи Дубайга бориб дам олиб қайтди. Бойдуллаев Тошкентга келгач, у билан “championat.asia” офисида учрашув ташкил қилдик ва бир соатдан кўпроқ вақт мобайнида суҳбат уюштирдик. Ва албатта интервью давомида бир қатор саволларга футболчининг ўзидан жавоб олдик.

- Суҳбатимизни чемпионат якунларига оид фикрлар билан бошласак.
- Олий лига баҳслари ўзига яраша оғир кечди. Учинчи ўринни қўлга киритган бўлсак-да, бронза медалларга эга чиқиш осон бўлмади. Бир қанча қийин баҳсларни ўтказдик. Жамоамизда пул билан боғлиқ муаммолар юзага келган бўлишига қарамай, охиригача совринли ўринлар учун курашдик. Авваллари 3-4та жамоа бизга қийинчилик туғдирарди, энди бўлса чемпионатдаги саккизта клубни яхши ўйин кўрсатяпти дея оламан.



- “Насаф”да пул билан боғлиқ муаммолар кўпми?
- Ойлик маошларни ҳартугул олиб турибмиз. Охирги марта октябрь учун ойликни олдик. Фақат 7-8тача мукофот пуллари, шунингдек кўтарма пули қолган. Билишимча, жамоамиздан кўтарма пулини ҳали ҳеч ким тўлиқ олмаган.

- Кўтарма пули одатда мавсум бошида берилмайдими?
- Кўп клубларда шундай. Лекин бизда ҳамма раҳбарият берган ваъдага ишониб қоғозга қўл қўйган, лекин ҳозирча пулдан дарак йўқ.

- “Насаф”га келгандан бери тўрт мавсумни шу клубда ўтказдингиз. Қайси йиллар қийин кечди?

- 2012 йил оғир ўтгани ёдимда. Бундан ташқари, бу мавсум ҳам қийин кечди. Вақтида пулни ололмаганимиз кўпчиликка таъсир ўтказди. Лекин нима сабабдан мукофот пуллари ўз вақтида берилмаётганини билмайман, балки бу “Шўртангазкимё” мажмуасида раҳбар ўзгаргани билан боғлиқ бўлса керак. Жамоамиз бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ҳам раҳбариятга кўп маротаба футболчиларнинг пулини қилиб бериш керак деб айтдилар. Биринчи даврада клуб президенти деярли ҳар ўйиндан кейин “Ўйин учун раҳмат, пулни душанба куни оласизлар” дерди. Мана орадан нечта душанба ўтиб кетди, аммо ҳалиям жимжитлик.

- Қизиқ, бундай ҳолатда кейинги беллашувларга тайёрланиш қийин бўлмадими?

- Биз - профессионалмиз. Майдонга тушгач, ҳамма муаммони унутиб фақат ўйин тўғрисида ўйлашимиз керак. Қийинчиликлар бўлишига қарамай, ҳар бир баҳсда бош мураббийнинг кўрсатмаларини бажаришга ҳаракат қилдик, йўқса учинчи ўринни қўлга кирита олмасдик.



- Муаммолар ҳақида футболчилар фақат ўзаро гаплашишармиди ёки бош мураббийга ҳам бу ҳақда айтилганми?
- Бир бир жамоамиз, шундай экан қандай қилиб мураббийлардан бекитиб фақат ўзимиз гаплашишимиз мумкин? Албатта, мураббийларнинг ҳам ҳамма гапдан хабари бор.

- Ундай бўлса, ниманинг эвазига учинчи ўрин қўлга киритилди?
- Cафарда “Бунёдкор”ни мағлуб этганимиз муҳим роль ўйнади. Биринчи даврада ҳаммаси яхши кетаётганди, бироқ иккинчи даврага келиб мукофот пулларини бериш тўхтаб қолди. Бунинг устига сафарда “Нефтчи”, “Металлург”, “Бухоро”га қарши қийин ўйинларни ўтказдик. Аммо “Бунёдкор”ни мағлуб этганимиздан сўнг учинчи ўрин бизники бўлишини тушуниб етдик. Ваҳоланки, мавсум бошида кўпчилик “Насаф” тўртинчи ўринни эгаллайди деб айтганди.

- Иккинчи даврада “Насаф”нинг ўз майдонида “Локомотив”дан йирик ҳисобда мағлуб бўлганини қандай изоҳлайсиз?
- Ўша учрашувда нималар рўй берганини ҳеч биримиз тушунмай қолдик. Хавфли вазиятлар бизда ҳам бўлди, бироқ “Локомотив”нинг деярли ҳар бир зарбаси голга айланаверди.

- “Насаф” билан амалда шартномангиз борми?
- Йил бошида декабргача тузгандим, яқинда тугайди. Клубга келганимдан бери бошида бир йил, кейин икки йилга шартнома туздим, ўтган йил эса яна бир йилга узайтиргандим.  



- Энди кейинги режалар қандай? Клуб сиз билан гаплашдими?

- Ҳозирча ҳеч ким мен билан гаплашгани йўқ. 14 декабрдан янги мавсумга тайёргарлик бошланади. Ўшанда ҳаммамиз клуб базасида йиғиламиз. Шундан сўнг ким кетиши, кимлар қолиши маълум бўлади.

- “Насаф” тўғридан тўғри Осиё чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичида иштирок этади. Бу ҳақда қандай хабар топдингиз?
- Чемпионлар лигасида нечта ўрин берилиши борасида маълумотга эга эмасдим. Менга “Бунёдкор” матбуот котиби Баҳодир Мирзаев бу ҳақда ёзиб юборди. Эшитиб хурсанд бўлдим.

- Айтганча, сизни “Фулад”га йўл оляпти деб эшитдик.
- Тўғриси, бундан ўзимнинг хабарим йўқ. Дубайда эканлигимда Элдор Бойматов “Эрон чемпионатига кетаётган экансиз” деб ёзиб юборди. Ўзим ҳам ҳайрон қолдим, чунки шахсан менга ҳеч ким бундай таклиф билан чиққани йўқ.

- 2012 йилги мавсумда сизга Саудия Арабистонидан хат келганди. Ўшанда трансфер нима учун амалга ошмаган?
- Ҳа, тўғри, менга “Ал Иттифоқ” клуби қизиқиш билдирганди, бироқ “Насаф”нинг ўша пайтдаги мураббийи Усмон Тошев туфайли Саудияга бора олмагандим. Тошев сен менга кераксан деяверди, ваҳоланки, “Ал Иттифоқ” икки йиллик шартнома таклиф қилганди. Кейин эса иккинчи давра олдидан Боян Малишични 70 минг доллар эвазига қўйиб юборишди. Ўшанда Усмон Тошевнинг олдига бориб, мени ҳам қўйиб юборинг ўша 70 мингни ўзим бераман дегандим. Аммо якунда барибир Саудияга боришим амалга ошмади. Агар “Ал Иттифоқ”қа кетганимда араблар клуб ҳисоб-рақамига ҳеч бўлмаса 50-100 минг доллар ўтказиб беришарди.  



- “Насаф” янги шартнома таклиф қилса қандай йўл тутасиз?
- Клубда қолиш-қолмаслигим ҳозирча аниқ эмас. Шу боис бу борада тайинли гап айтолмайман. Клуб ҳисоб-китоб ишларини бажарганидан сўнг бу борада бир тўхтамга келамиз.

- Маълумки, 2008 йил “Локомотив”да тўп тепгансиз. Бу жамоа яна чақирди дейлик...
- 2012 йили ҳам “Локомотив” мени чақирганди, лекин ўшанда “Насаф”да қолишга қарор қилгандим. Яна таклиф бўладими-йўқми, бирор гап айтишим қийин.

- Бу йилги чемпионат сизга ёқдими?
- Юқорида аксарият беллашувлар оғир ўтганини айтиб ўтдим. Кучли клубларни ҳисобга олмаганда кўп жамоалар бизга қарши “автобус” қўйиб ўйнашди. Қолаверса, баъзи майдонларда умуман футбол ўйнаб бўлмади. Шунга қарамай, чемпионатимиз савияси чакки эмас. Яқинда Ярослав Крушельницкийнинг интервьюсини ўқиб қолдим. Унинг айтишича, Малайзия биринчи лигасида ўйинлар савияси бизнинг олий лигадан сира қолишмас экан. Уларда супер лигада уч-тўртта яхши клуб бордир, аммо биринчи лигаси бизнинг олий лигадагидек эмас. Билишимча, Малайзия клублари Осиё чемпионлар лигасида қатнашмайди, шунинг ўзиёқ чемпионат савиясини кўрсатиб турибди.



- Мабодо сизга ҳам яхши маош эвазига Малайзияга бориш варианти чиқиб қолса, қандай йўл тутасиз?
- Ҳозирча кучли чемпионатда яхши ўйин кўрсатишни хоҳлайман. Яхши пул тўлашини ҳисобга олмаганда, Малайзия бизнинг футболчилар бориб тўп тепадиган жой эмас. Ундан кўра шу ерда қолганим маъқул.

- Бу йил сизга қарши ўйнаган футболчилардан ким яхши таассурот қолдирди?
- Менга кўпроқ “Олмалиқ”даги Санжар Шоаҳмедов ёқди. Жуда ҳаракатчан футболчи экан. Шунингдек, “Пахтакор” ярим ҳимоячиси Жамшид Искандеров ҳам зўр ўйинчи. У хоҳ ўнг қанот, хоҳ чап қанот, керак бўлса марказда ҳам бир хил ўйнаб кетаверади. Бошқа клублардан бирон бир футболчи ярқ этиб ёдимда қолгани йўқ.

- Олий лигада сизни ҳайрон қолдирган клублар бўлдими?
- “Пахтакор”нинг яхши ўйнаб кетгани мени ҳайрон қолдирди, бежизга чемпион бўлгани йўқ. Бу жамоа ўтган йил бунчалик чиройли ўйин кўрсатмаганди. Шунингдек, “Қизилқум” ҳам ёмон таассурот қолдирмади.

- Ўз клубига садоқатли футболчилар йилдан йилга камайиб кетмоқда. Бунинг сабаблари нимада деб ўйлайсиз?
- Бунинг бир қатор сабаблари бор. Биринчиси, ҳар бир футболчи қисқа фаолияти давомида яхши пул ишлаб олишни хоҳлайди. Совринлар ютишни, яхши шартномага эга бўлишни истайди. Иккинчидан эса кўпчилик пойтахтга келишга ошиқади. Чунки бу ерда ҳамма нарса учун шароит бор. Мана шу кабилар футболчиларнинг тез-тез у жамоадан бунисига кўчиб юришига сабаб бўлмоқда. Қолаверса, айрим клублар ваъда қилинган пулни беришдан ўзларини олиб қочади. Бу ҳам ўйинчиларнинг бошқа жамоага кетишига сабаб бўлади. Албатта, кўпчилик бир ерда узоқ йил тўп тепишни хоҳлайди, лекин бизда “Пахтакор”, “Насаф”, “Бунёдкор”, “Локомотив” ва “Машъал” каби инфратузилмаси яхши клубларни ҳисобга олмаганда бошқа жамоаларда узоқ вақт тўп тепиш қийин.

- Сизга ҳеч ўйининг яхши-ю, фақат кам гол урасан деган гапни айтишганми?
- Шунга ўхшаш гапларни кўпинча мухлислардан эшитиб тураман. Ўйлаб қарасам, “Насаф”га келганимдан бери олий лигада атиги учта гол урибман. Бу йил ҳисобидан эса биттаям тўп киритганим йўқ. Албатта, бу кам лекин мен ўйнаётган чизиқдан келиб чиқиб айтганда, вазифам рақиб ҳужумини тўхтатиш, жарима майдончаси ичида тўпни кутиб гол уриш эмас.

- “Локомотив” билан ўйинда Сирож Сайфиевнинг оғир жароҳат олгани сизга ҳам қаттиқ таъсир қилган бўлса керак?
- Албатта. Бундай жароҳатни одам ўз душманигаям раво кўрмайди. Эшитишимча, “Динамо” раҳбарияти унга деярли эътибор бермаётган экан. Сирож даволаниши учун жамоадошлари, шунингдек “Бунёдкор” футболчилари бир-икки марта пул йиғиб беришибди. Ҳайрон қолганим шуки, Сайфиевнинг “Бунёдкор”га умуман алоқаси йўқ, шунга қарамай, ўйинчилар одамгарчилик қилишди.

- Ўтган йил “Гулистон” билан кечган баҳсда нима рўй берганини айтиб берсангиз?

- Биз 4:0 ҳисобида ғалаба қозонган ўйиндами? Ўйин шундай кечдики, майдон эгалари деярли қаршилик кўрсатишмади. Ҳисоб 3:0 бўлгач, кўпчилик шу ҳисоб қолса керак деб ўйлаб турганди. Қўшиб берилган охирги дақиқада узоқдан тўпга зарба бергандим, гол бўлди. Нимагадир уларнинг дарвозабони бемалол қайтариши мумкин бўлган тўпни ўтказиб юборди. Учрашув тугаганидан кейин баъзи гап-сўзлар чиқди.

- 2011 йил ОФК Кубогини ютган “Насаф” 2012 йилги ОЧЛда гуруҳда олтита ўйин ўтказиб атиги бир очко тўплаганди. Мусобақалар савияси шунчалик фарқлими?
- Чемпионлар лигаси Осиёда клублар ўртасидаги энг нуфузли мусобақа ҳисобланади. Бу ерда қитъанинг энг кучли жамоалари баҳс олиб боради. Ўша йил “Насаф” энди биринчи бор қатнашгани учунми ўзини кўрсата олмаганди. Бундан ташқари, араб жамоаларида жуда кучли легионерлар бор бўлиб, ўйинни ҳам айнан улар қилиб беришганди.

- Бизнинг чемпионатда Артур Геворкян сингари кучли легионерлар борми?

- Битта ё иккита бўлса керак. Геворкян сингари “Пахтакор”даги Кахи Махарадзени ҳам яхши ўйинчи дея оламан. Бошқаларни эса унчалик танимайман. Бизда уч-тўрт футболчини кўрдим демай алдаб ўтадиган легионер йўқ.



- “Насаф”да Анатолий Демьяненко, Усмон Тошев ва Рўзиқул Бердиев қўл остида ўйнашга эришдингиз. Бу мураббийларга таъриф бера оласизми?
- Шубҳасиз, Демьяненко кучли мутахассис эди. Жамоа ютқазаётганда ҳам ортиқча эҳтиросга берилмасди. Қаерда хато қилганимизни жуда тушунарли қилиб тушунтириб берарди. Усмон Тошев ҳақида кўп гапирмоқчи эмасман. Чунки бу мураббий биз билан кўп ишлагани йўқ, қолаверса, унинг даврида “Насаф” жисмоний томондан кучсизланиб қолганди. Рўзиқул Саъдуллаевич эса тактик томондан жамоани яхши тайёрлайди. Ҳар бир футболчини ўз укасидек кўради, одам ажратмайди.

- Сизнингча, Абрамов қўл остидаги жамоа кучли эдими ёки Қосимов бошқараётган жамоами?
- Менинг фикримча, Абрамов бошқарган пайти терма жамоа бошқача футбол намойиш этарди. Қатарда ўтган Осиё Кубогини ёки бўлмаса сафарда Япония билан бўлган ўйинни ёдга олайлик. Абрамов клубдан кўра терма жамоаларда ишлаб муваффақиятга эришиши мумкин. Балки унга охиригача имконият берилганида терма жамоамизни жаҳон чемпионатига олиб чиққан бўлармиди.

- Самвел Бабаянни менежер деб биласизми ё мураббийми?
- Тўғриси, у кишини шу пайтгача кучли менежер сифатида билардим. Аммо “Пахтакор”нинг бу йилги ўйинларидан келиб чиқиб Бабаян нафақат менежер, балки яхши мураббий эканлигини ҳам кўрсатди. Умуман олганда, Самвел Бабаян футболчилар учун доим қайғуради. Мисол учун ўринбосарлар таркибида юрган Акром Баҳриддиновни аввалги йили операция учун Германияга жўнатганди. Бабаяннинг мана шу томонларига қойил қоламан. Чунки бошқа менежерлар жароҳат олган ўйинчини чет элга юбориш тугул, ўзимизда даволанишига ҳам яхши шароит қилиб беришмайди.

Хайрулла Холиқов ва Шаҳбоз Беғамов суҳбатлашди. 
фото: Толибжон Қосимов
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика