“Бухоро” дарвозасига пенальти нотўғри белгиланди. Иккала ҳакам номуайян муддатга четлатилди” – ЎзФҲМ
29 окт 2023 22:03
Янгиликлар
“Бухоро” дарвозасига пенальти нотўғри белгиланди. Иккала ҳакам номуайян муддатга четлатилди” – ЎзФҲМ
"Бироз аввал ўз ниҳоясига етган Coca Cola Суперлигаси 23-тури доирасидаги "Бухоро" – "Пахтакор" баҳсининг 90+5-дақиқасида юзага келган баҳсли вазиятдан сўнг учрашув ВАР ҳакамлари бош ҳакам Равшан Абдувоҳидовни монитор ёнига чақирди ва такрорларни кўриб чиқишга чорлади. Шундан сўнг бош ҳакам 11 метрли жарима зарбаси белгилади.
Натижада, ўйин тақдирини ҳал қилган ушбу вазият бўйича Эксперт-ҳакамлар комиссиясининг фавқулодда йиғилиши ташкил қилинди ва мутахассисларнинг умумий хулосаси олинди. Қуйида ушбу хулоса ва қарорни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Мазкур вазиятда видео ассистентлар бош ҳакамни ВАР протоколига кўра нотўғри чақирди. Аслида бундай вазиятга ВАР аралашиши керак эмасди. Бундан ташқари, видеотакрорларда қоидабузарликни аниқ қайд этиш учун етарли далиллар бўлмагани боис, экспертлар бир овоздан пеналтининг ҳам нотўғри белгиланганини қайд этишди.
Натижада, бош ҳакам Равшан Абдувоҳидов ва ВАР ҳаками Найим Қосимовнинг ВАР лицензиялари қайтариб олинди. Уларнинг иши ЎФА футбол фаолиятини назорат қилиш бўйича махсус инспекциясига оширилди. Шунингдек, иккала ҳакам ҳам номуайян муддатга ҳакамликдан четлатилди", -дейилади Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази берган баёнотда.