

Мозийнинг ажойиб футболчиси ва мураббийи бўлмиш Константин Иванович Бесков хотирасига бағишлаб ўтказилган мусобақада 2004 йилда таваллуд топган футболчилардан иборат саккизта жамоа иштирок этди. Унда “Спартак”, “Динамо”, “Локомотив” ва ЦСКА (барчаси – Москва), “Анжи” (Маҳачқалъал), “Кубань” (Краснодар), “Бунёдкор” (Тошкент) ҳамда Егорьевск вилояти футбол мактаби тарбияланувчилари иштирок этишди.
Отабек Ғуломхўжаев ва Миркамол Қосимов бошчилигидаги “Бунёдкор” тарбияланувчилари биринчи турда “Локомотив” футболчиларига 1:2 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйишди. Иккинчи баҳсда ўсмирларимиз ЦСКА футбол мактабидаги тенгқурлари билан жангавор дуранг қайд этишди – 2:2. Вакилларимиз гуруҳнинг сўнгги ўйинида Егорьевск вилояти футбол мактаби тарбияланувчиларидан 2:1 ҳисобида устун келишди ва иккинчи ўрин билан ярим финалга йўлланма олишди.
Финал йўлланмаси учун “Бунёдкор-2004” вакиллари Москва спартакчилари билан куч синашишди. Қизиқарли кечган баҳснинг асосий вақтида ҳисоб очилмади. Пенальтилар сериясида эса омад мезбонларга кулиб боқди – 5:6.
Учинчи ўрин учун кечган ўйинда “Бунёдкор” гуруҳ босқичидаги рақиби “Локомотив” билан беллашди. Бу сафар Отабек Ғуломхўжаев ва Миркамол Қосимов шогирдлари рақибларидан реванш олишни уддасидан чиқишди – 4:3.
Шу тариқа, “Бунёдкор” футбол мактабининг 2004 йилда таваллуд топган тарбияланувчилари К.И.Бесков хотирасига бағишлаб Москвада ўтказилган XIII халқаро мусобақанинг бронза медалларини қўлга киритди.



