"Болалар энди кўчада футбол ўйнамай қўйишди": Андреа Раноккия муваффақиятсизликнинг 4 та асосий сабабини айтди

Aslanov Jasurbek
1 апр 2026
Италия терма жамоаси ва "Интер" собиқ ҳимоячиси Андреа Раноккия "Скуадра Адзурра"нинг ЖЧ-2026 йўлланмасидан қуруқ қолгани юзасидан ўз фикрларини билдирди.

У вазиятни шунчаки омадсизлик эмас, балки тизимли инқироз деб атади ва унинг 4 та сабабини кўрсатиб ўтди.

1. Кўча футболининг йўқолиши:

"Бу маданий муаммо. Болалар энди кўчада футбол ўйнамай қўйишди. Академиялар ишлаяпти, лекин илгаригидек кўчада дўстлар билан ўтказиладиган қўшимча 4-5 соатлик машғулотлар йўқлиги сабабли буюк талантлар етишиб чиқмаяпти. Илгари мураббийларда танлов имконияти кенг эди, ҳозир эса чекланган".

2. Инфратузилма ва эскирган стадионлар:

"Стадионлар ва ечиниш хоналарининг аҳволи ҳам таъсир қилади. Агар мен ота сифатида фарзандимни шароити талабга жавоб бермайдиган майдонга беришим керак бўлса, уни бошқа спорт турига йўналтиришни афзал кўраман. Бу эса футболга қизиқишнинг камайишига олиб келади".

3. Машғулот услубининг ўзгариши:

"Сўнгги йилларда биз фақат атлетик футболга эътибор қаратяпмиз ва базавий техникани унутиб қўйдик. Ҳатто ўғлимнинг машғулотларида ҳам кўряпман — илгариги футболнинг асоси бўлган методикалар энди йўқ".

4. Яккама-якка курашлардаги ожизлик:

"Бизда рақибни алдаб ўтадиган футболчилар етишмаяпти. Тактик даража юқори, лекин сон жиҳатдан устунлик яратадиган ўйинчилар йўқ. Ҳамиша жарима майдончасига пас орқали киришга ҳаракат қиляпмиз".

Раноккиянинг таъкидлашича, Италия футболига катта инвестициялар ва сиёсий ирода керак. Акс ҳолда, бу Италия ўтказиб юборадиган охирги Жаҳон чемпионати бўлмаслиги мумкин.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: Sportmediaset