

ЖЧ-2026нинг бешта иштирокчи мамлакати вакиллари АҚШ визасини олиш учун гаров пули тўлашига тўғри келади. The Athletic нашрининг хабар беришича, қийинчиликлар АҚШда амал қилаётган "Visa Bond" синов дастури туфайли юзага келган. Унга кўра, 50 та давлат фуқаролари ишбилармонлик ёки туристик виза билан мамлакатга киришда 10 мингдан 15 минг долларгача гаров пули киритиши лозим. Ушбу маблағ виза муддати тугагунча АҚШдан чиқиб кетилганда қайтариб берилади.
Рўйхатга ЖЧ-2026 йўлланмасини қўлга киритган Жазоир, Кабо-Верде, Сенегал ва Кот-д’Ивуар давлатлари киритилган бўлиб, 2 апрелдан бошлаб ушбу қоидалар Тунис фуқаролари учун ҳам амал қила бошлайди.
Таъкидланишича, дастур матнида алоҳида тоифадаги фуқаролар, жумладан халқаро спорт мусобақалари иштирокчилари учун истиснолар кўзда тутилмаган. Ушбу қоидалар тааллуқли бўлган мамлакатлар футбол федерациялари вазиятдан хавотир билдиришган. Мазкур масала ўтган ойда ЖЧ-2026га тайёргарлик бўйича ўтказилган семинарларда ҳам муҳокама қилинган.
Ҳозирда ФИФА Трамп маъмуриятини ЖЧ иштирокчиси бўлган терма жамоаларнинг ўйинчилари, мураббийлар штаби, ходимлари, шунингдек федерация раҳбарлари ва ҳомийларнинг асосий ходимлари учун истисно қилишга кўндиришга ҳаракат қилмоқда. Халқаро футбол федерацияси делегацияларга юбориладиган расмий таклифномалар гаров пулидан озод қилиш учун асос бўлишини истамоқда. Агар АҚШ ҳукумати ён босса, истисно фақат терма жамоа аъзолари учун қилиниши кутилмоқда. Футболчиларнинг яқинлари ва мухлислар эса барибир гаров пулини тўлашга мажбур бўлишади.



