“Бир футболчи тарихи”. Уэльслик ўғлон Гарет Бэйл ҳақида
08 мар 2021 16:50
Янгиликлар
“Бир футболчи тарихи”. Уэльслик ўғлон Гарет Бэйл ҳақида
2014 йилда Испания кубоги доирасидаги “Барселона” – “Реал Мадрид” учрашувини эсласангиз керак. Эслолмасангиз айтаман, Гарет Бэйл ва Марк Бартра “пойгаси”. 2018 йил ЕЧЛ финали – “Реал Мадрид” – “Ливерпуль”. Захирадан майдонга тушган уэльслик Бейлнинг дастлабки голи, Криштиану Роналдунинг ўзгача нигоҳи.
Гарет Бэйл “Реал Мадрид”да ўзига хос ўйин кўрсатди. Жамоанинг етакчисига айлана олган вақтлар ҳам бўлди. Бироқ жароҳатлар уни сафдан чиқаверишига сабаб бўлди. Ҳозир у “Тоттенхэм”да. Бу ерда ишлари ўзи гуллаган даврлардек эмас, лекин ёмон ҳам деб бўлмайди. Бугун биз айнан Бэйл ҳақида ёзишга қарор қилдик.
Гарет Бэйл – ким ўзи у?
Қаҳрамонимиз 1989 йилнинг 16 июль куни Уэльснинг Кардифф шаҳрида таваллуд топган. Гарет “Кардифф Сити”нинг собиқ футболчиси Крис Пайкнинг жияни. У Кардиффдаги Whitchurch ўрта мактабида таҳсил олган.
Клублардаги фаолияти ҳақида
Футболчи 2006 йилда “Саутгемптон” аъзосига айланган эди. Ўша йилнинг 27 апрель куни Бэйл “Миллуол”га қарши ўйинда жамоадаги илк бор майдонга тушган эди. Ўша вақтда у 16 ёш-у 275 кунлик эди. Ушбу натижаси билан Тео Уолкоттдан кейин “Саутгемптон” таркибида майдонга тушган иккинчи энг ёш футболчига айланди (Уолкотт 16 ёш 132 кунлигида майдонга тушган). 6 август куни футболчи “Дерби Каунти”га қарши ўйинда ўзининг дастлабки голини урган эди. 2006 йилнинг декабр ойида Бэйл Уелснинг энг яхши спортчиси учун бериладиган Карвин Жеймс мукофотига сазовор бўлди.
2007 йилнинг 25 май куни Бэйл “Тоттенхэм” билан 4 йиллик шартномага имзо чекди. Унинг учун клуб бошланишига 5 миллион фунт тўлади. У “Тоттенхэм” сафидаги дастлабки ўйинини 26 август куни “Манчестер Юнайтед”га қарши ўйинда ўтказди. 1 сентябрь куни “Фулҳем”га қарши баҳсда эса биринчи голини урди. 2007 йилнинг 2 декабрь куни Гарет Бэйл “Бирмингем” билан бўлган ўйинда жароҳат олди, 11 декабрда эса жарроҳлик операциясини ўтказди. 2008 йилнинг аввалида Бэйл мавсумнинг қолган қисмини жароҳат сабаб ўтказиб юбориши аниқ бўлди.
2008 йилнинг август ойида эса Бэйл машғулотларга қайтди. Ўша майсумда у “Тоттенхэм” сафида барча мусобақаларда 30 учрашувда майдонга тушди.
Бэйлни барча таниган учрашув
2010/11 йилги ЕЧЛ доирасидаги учрашув. 2010 йилнинг 20 октябрь куни “Тоттенхэм” Италияда Миланнинг “Интер”ига қарши ўйин ўтказиши керак. Баҳснинг 35-дақиқасига келиб миланликлар 4:0 ҳисобида олдинга ўтиб олишди. Ачинарлиси “Тоттенхэм” ўйинда 1 киши кам бўлиб қолган. Шунда Гарет Бэйл катта саҳнага чиқди. Ўйиннинг 52, 90 ва 90+1 дақиқаларида голлар уриб, хет-трик қайд этди. Ҳа, жамоаси очкосиз қолди, бироқ ўша учрашувдан кейин Гарет Бэйл номи барчага маълум бўлди.
Футболчи 2012/13 йилги мавсумни сермаҳсул ўтказди. Мавсум охирида эса Бэйлнинг “совчилари” анчагина кўпайиб қолди. 2013 йилнинг 1 сентябрь куни “Реал Мадрид” Гаретнинг трансферини эълон қилди. Футболчи клуб билан 6 йиллик шартномага имзо чекди. Матбуотлар трансфер нархи хусусида кўп баҳс-мунозаралар бўлди. Испания матбуоти Бейл “Реал” учун 91 миллион еврога тушганини таъкидлаган бўлса, Британия матбуоти ушбу трансфер 100 миллион евро бўлганини келтирди. 2016 йилнинг январь ойида эса ушбу трансферга оид ҳужжатлар оммага чиқарилди ва унда 100,8 миллион евро деб кўрсатилган эди. У ўша вақтдаги жаҳоннинг энг катта трансфери дея тан олинганди, бироқ айнан 2016 йилда Пол Погбанинг “Манчестер Юнайтед”га ўтиши бу трансферни ортда қолдирди (105 миллион евро).
Гарет Бэйл 11-рақам остида ҳаракат қила бошлади. Ўзининг дастлабки голини “Вильярреал” дарвозасига киритди. Унинг дастлабки мавсумининг ўзиёқ анчагина жароҳатларга бой бўлди.
Бэйл учун энг яхши гол бўлган, Бартра ҳамон эсласа оғринадиган ўйин
2014 йилнинг 16 апрель куни. Испания кубоги финал учрашувига “Реал Мадрид” ва “Барселона” жамоалари етиб келишган. Ўйиннинг 11-дақиқасида Анхель Ди Мария, 68 дақиқасида эса Марк Бартра гол урган. 85-дақиқагача 1:1 ҳисобида кечаётган эди ўйин. Чап қанотдан “Реал Мадрид” ҳужумга ўтмоқда. Хосе Коэнтрау тўпни Бэйлга узатди. Бэйл эса тўпни олдинга юмалатди-ю гўё тезликда “Барселона”нинг собиқ ҳимоячиси Марк Бартрадан орқада қолиб кетаётгандек эди. Аммо бир уринишда ундан ўзиб кетди ва тўпни Хосе Пинто қўриқлаётган дарвозага киритди. Бу гол Бэйл учун ягона ва ҳеч қачон такрорланмас бўлиб қолди. Ўйиндан сўнг Хаби Алонсо ушбу гол ҳақида “Бу ақл бовар қилмас нарса эди, мен ҳеч қачон бунақасини кўрмаганман” – дея айтиб ўтган эди.
Бейл келганидан сўнг “Реал Мадрид” ҳужум чизиғида ББC – Бензема, Бэйл, Криштиану (Cristiano) Роналду учлиги йиғилди. Ушбу учлик иштирокида 2014, 2016, 2017, 2018 йиллари Чемпионлар лигаси соврини қўлга киритилди. Айниқса, 2018 йилги финал ўзига хос бўлган эди. “Ливерпуль” билан бўлган учрашувда ҳам Гарет Бэйлнинг ўзи катта саҳнага чиққан эди. Ўзининг ўша машҳур голи ҳамон ёдимизда бўлса керак. Роналдунинг нигоҳи ҳам бир ажойиб бўлган.
Ўша вақтда ҳам, кейинроқ ҳам Бэйлда бир қатор муаммолар, жумладан жароҳат уни қийнаб келди. Унинг “Реал Мадрид”дан кетиши ҳақида гап-сўзлар кўпайди. 2020 йилнинг 19 сентябр куни Бейл “Тоттенхэм”га қайтди. Қайтганидан кейинги илк голини 1 ноябрь куни “Брайтон”га қарши ўйинда киритди.
Терма жамоадаги фаолияти ҳақида
Гарет Бейл илк бор жамоага 2006 йилнинг 27 май куни бўлиб ўтган “Тринидад Тобаго”га қарши ўртоқлик учрашувига чақирилган эди. Футболчи терма жамоаси билан биргаликда бир қатор катта мусобақаларда иштирок этди. Улардан энг эсда қоларлиги шубхасиз 2016 йилда бўлиб ўтган Евро-2016 мусобақаси эди. Уэльс термаси ўшанда ярим финалга қадар етиб боришга муваффақ бўлди.
Оғабек Самисов тайёрлади
Фикрлар