Баҳром Ҳайдаров: "Уч очко икки жамоага ҳам сув ва ҳаводек зарур эди"

Sherzod Nurmatov
16 окт 2021
Суперлиганинг 22-туридан ўрин олган "Турон" – "Сурхон" (1:1) учрашувидан кейин меҳмонлар бош мураббийи Баҳром Ҳайдаров ўз фикрларини билдирди.





- Ўйин ҳақида

- Жуда қийин ўйин бўлди. Уч очко икки жамоага ҳам сув ва ҳаводек зарур эди. Ўйлайманки, бир очко қўлга киритганимиз – яхши натижа. Бугун жамоаларнинг майдондаги ҳамма футболчилари фаол ҳаракат қилишди. Учрашув тенг курашлар остида кечди. "Турон" охирги ўринда бораётганига қарамасдан, ўз уйида кучли ўйин кўрсатишини исботлади. 

- Мурод Бобожоновнинг жароҳати қанчалик жиддий?

- Оёғи озгина шишган. Шифокорлар ўрганиб чиқиб, хулосасини айтишади. 

- Бугун жамоангизнинг энг яхши футболчиси деб, дарвозабон Рустам Нортожиевни кўрсатсак бўладими?

- Албатта, бўлади, лекин у ўз ишини қилди. Бир нечта голли вазиятларда қутқарди. Ҳимоячиларни ҳам кўрсатса бўлади. Ярим ҳимоямиз ҳам жуда яхши ўйнади, ҳужумчи ҳам. Барча позиция эгалари яхши кўринишди.

- Турнир жадвали қуйи қисмида жиддий кураш кечмоқда. Суперлигада қолиш учун қайси жамоанинг имконияти яхшироқ?

- Ҳали бирор нарса дейиш қийин. Қуйи қисмдагилар ҳали вазифани уддалай билишмади. "Металлург", "Машъал", "Сурхон", "Андижон", "Турон"... Ҳаммада имконият бор. Охирида кўрамиз. Ўйлайманки, энг яхши имконият бизда. Худо хоҳласа буни уддалаймиз. 

 - Жамоа сардори Асрор Ғофуров қачон майдонга қайтади?

- Асрор Ғофуровда футболдан ташқари можароли жараён давом этяпти, бу ҳали ҳал бўлгани йўқ. Можаро ечими топилса, федерация кўриб чиқади. Шунинг учун аниғини айтолмайман.


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: championat.asia