Асрор Алиқулов "Машъал" футболчиси учун мавсум тугаганини айтди
18 авг 2023 21:23
Янгиликлар
Асрор Алиқулов "Машъал" футболчиси учун мавсум тугаганини айтди
- Ўйин тўлақонли бизнинг устунлигимиз остида ўтди. Тўп билан кўпроқ бўлдик. Агарда илк дақиқаларда яратган вазиятимизни голга айлантирганимизда ўйин осонроқ ўтган бўларди. Афсуски ундан гол ура олмадик. "Ғиждувон" катта куч билан ҳимояланди, вақт чўзишга ҳаракат қилди. Биз эса ўйин охиригача ғалаба учун ҳаракат қилдик, вазиятлар яратдик. Аммо ҳужумчимиз 3 метрдан ҳам дарвозани ишғол қила олмади. Шу сабабли бугунги ўйинда ғалаба қозонишимиз керак эди. Энди бу тарих. Кейинги ўйинга тайёрланамиз.
- Гол уриш учун жамоага нима етишмади деб ўйлайсиз?
- Кўпроқ маҳорат етишмади. Чунки бирга-бир вазиятларда гол уриш учун нима керак? Машғулотларда бу борада кўп ишлаймиз. Афсуски футболчи ўзига боғлиқ бўлган жиҳатни чиқариб бера олмади. Бу футболчининг маҳоратига боғлиқ. Балки маҳоратини намойиш қилиб бера олганида, бугун ғалаба қозонишимиз мумкин эди.
- Тўпурар футболчи Петровнинг жароҳати жиддийми?
- Жиддий. Айтишим мумкинки, икки ўйинни у жароҳат билан ўтказди. Уни жарроҳлик амалиёти кутяпти. Бу йилда у бизга ёрдам бера олмаса керак. У тўпураримиз, жамоамизнинг асосий футболчиси. Биз учун бу катта йўқотиш.
- Ўйиндан олдин "Ғиждувон"нинг бунчалик ҳимояланишини кутганмидингиз?
- Билгандик. Улар чуқур ҳимояда, агрессив ўйин кўрсатишини, хар хил фоллар орқали ҳужумларни тўхтатишини кутгандик. Футболчиларни бунга тайёрладик ва узун паслар орқали ҳужумга ўтиш бўйича ишладик. Футболчиларнинг "Ғиждувон"нинг бунчалик чуқур ҳимояланишига тайёрлай олдик деб ўйлайман. Чунки шундай ҳолатда ҳам жуда кўп вазиятлар яратдик. Фақат бу вазиятларни голга айлантира олмадик.
- Бугунги ўйин нурсиз дурангми ёки жанговар дуранг бўлдими?
- Қачонки икки жамоа ғалаба учун ўйнаганда эди, жанговар десак бўларди. Шу сабабли жанговар дуранг дейиш бу баҳсга мос тушмайди. Чунки "Ғиждувон" жамоаси бугун дурангни сақлаб қолиш учун ҳаракат қилди. Биз эса кўпроқ ғалаба учун ўйнадик, аммо дуранг қайд этилди.
Фикрлар