Александр Крестинин: "Таирага мослашиш учун вақт керак. Маҳамаджонов кеча энг яхшиси эди, биз эса бугунги кун билан иш кўрамиз"
30 июл 2023 23:20
Янгиликлар
Александр Крестинин: "Таирага мослашиш учун вақт керак. Маҳамаджонов кеча энг яхшиси эди, биз эса бугунги кун билан иш кўрамиз"
- Ўйин ҳақида
- Албатта, натижадан қониқмадик. Икки хил тайм ўтказдик. Иккинчи бўлимда яхшироқ ўйнадик, аммо имкониятлардан фойдалана олмадик. Керак бўлмаган жойларда гол ўтказдик. Олдинда анча иш турибди. Жамоада ўзгаришлар бўлди, йигитлар мослашишлари керак.
- Биринчи расмий ўйинингиз. Нималар ўхшади, нималардан кўнглингиз тўлмади?
- Иккинчи таймда яхшироқ ўйнадик, аммо имкониятлардан фойдаланишни уддалай олмадик.
- Жамоанинг ички муҳити ҳақида нималар дея оласиз?
- Ҳеч қандай муаммо йўқ. Ҳаммаси яхши. Йигитлар ҳам ҳафа бўлишди. Улар бундан кўпроғига қодир эканликларига амин эдилар.
- Жамоага янги келган легионерларнинг ўйинига қандай баҳо берасиз? Айнан бразилиялик легионар туфайли рақиб иккинчи голни уриб кетди...
- Ўша вазиятда айб бразилиялик футболчида эмас эди, саволни бошқа футболчига бериш керак. Яна кўрамиз ўша вазиятни. Ҳозир 100% аниқ айта олмайман. Таирага мослашиш учун вақт керак. Ўзбекистонга биринчи келган инсон бу ерга мослашиб олиши керак. Биз бу нарсани тушунамиз.
- Таира билан шартнома имзоланганлиги у чап қанотдаги биринчи рақамли ҳимоячига айланганини англатадими?
- Йўқ, ундай эмас. Бизда асосий, захира ўйинчилари йўқ. Бу нарсани биз ўйиндан олдин аниқлаймиз.
- Бу савол берилишига сабаб, таркибда Маҳамаджонов ҳам бор эди. У энг иқтидорли ёш ўйинчилардан бири ҳисобланади...
- Ҳа, у энг яхшилардан бири бўлганди. Бироқ, кеча шундай эди. Биз эса бугунги кун билан иш кўрамиз. У ҳали ҳам энг яхши эканлигини исботлаши керак. Мен футболчининг паспортига умуман қарамайман. Таира билан рақобат унга жуда фойдали бўлади. Агар у бу курашни ютиб чиқса, биз Ўзбекистон терма жамоаси учун ажойиб ҳимоячи тарбиялаган бўламиз. Хуллас, бизда соғлом рақобат.
- Иккинчи даврада "Бунёдкор" олдида қандай вазифа қўйилган?
- Ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш. Ҳозирда жамоамиз тўққизта ўйиндан бери ғалаба қозона олмаяпти. Бу жуда кўп ишлар қилиниши кераклигини англатади. Психологик ва ўйинни ташкил қилиш жиҳатдан муаммолар бор. Охирида кўрамиз. Ҳозир эса фақат ғалаба қозониш учун ҳаракат қиламиз.
- "Бунёдкор"нинг бир нечта футболчиси "Сўғдиёна"га ижара асосида ўтишди. Уларни кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиши учун ижарага рози бўлдингизми?
- Ҳа, бизда рақобат анча кучли. Ёш футболчиларга эса кўпроқ ўйин амалиёти керак. "Сўғдиёна"да улар ўсишга эришади деган умиддаман.
- Трансферлар ойнаси ёпилишига қадар жамоа яна трансфер амалга оширадими?
- Йўқ, барча футболчиларни ўз сафимизга қўшиб олдик ва жамоани йиғиш жараёни якунланди. Энди фақат ўйинимизни кучайтиришимиз керак.
- Трансферлар ойнасида амалга оширмоқчи бўлган барча трансферлар ўхшадими?
- Йўқ. Тўғрисини айтсам, мен кўпроқ машғулотларга ишонаман, трансферларга эмас.
Фикрлар