Акмал Турсунбоев - Брунейдаги клуби, мухлислар, чемпионат ва орзуси ушалгани ҳақида
22 дек 2023 18:19
Янгиликлар
Акмал Турсунбоев - Брунейдаги клуби, мухлислар, чемпионат ва орзуси ушалгани ҳақида
2022 йил "Турон" билан Суперлигага йўлланмани қўлга киритган Акмал Турсунбоев бу мавсумни Брунейнинг ДПММ ФК клубида ўтказди. Мазкур клуб бу йил Сингапур иккинчи дивизионида иштирок этди. Кўпчилик учун сирли ҳисобланган мазкур клуб ва чемпионат ҳақида Акмал Турсунбоевнинг фикрларини тингладик.
- Яқинда Бруней клубида ўйнаб қайтдингиз. Шахсан мен Брунейда футбол борлигига ишонмасдим. Мамлакат жуда кичкина. Брунейдаги клубингиз, чемпионат ҳақида дастлабки фикрларингизни билдирсангиз...
- Бундай фикр туғилиши табиий, чунки мамлакатда 400 000 аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг ўзининг маҳаллий чемпионати бор. Лекин жуда кучсиз. Шунинг учун ДПММ Сингапур чемпионатида қатнашди. Жамоа 2019 йил Сингапур чемпионатида ғолиб чиққан.
- Чемпионатда қандай ютуқли томонларни кўрдингиз? Қайси факторларда ўсиш бор? Ташкилотчиликда фарқ борми?
- Юқорида айтганимдек, чемпион бўлгач клуб ўзини кучлироқ лигада синаб кўришни истади. Эшитишимга қараганда, Ўмон чемпионатида иштирок этишни кўриб чиқишган. Клубда хорижлик мураббий фаолият олиб боради. Ҳар йили клуб олдига юқори мақсадлар қўйилади.
- Бундай экзотик мамлакатларга футболчиларни жалб қилиш қандай бўляпти?
- ДПММ клубида ҳар бир позицияда 4 нафардан футболчи бор эди. Бу клубга ўтиш қарорини қабул қилиш осон бўлмади. Бруней шаҳзодасининг шахсан ўзи ҳар бир машғулотни кўриш учун ташриф буюрарди. Унинг ўзи ҳам болалигида футбол ўйнаган. Футболни яхши кўради. Мен қаерга бораётганимни билардим.
- Мухлислар билан ишлаш қандай йўлга қўйилган?
- У ерда мухлислар футболнинг ашаддий ишқибозлари ҳисобланишади. Брунейда стадионлар томошабинлар билан тўлади. Лекин стадион тайёр бўлмагач, барча ўйинларни Сингапурда ўтказди. Фан клублар, кўплаб мухлислар келади.
- ДПММ жамоасининг англиялик мураббийи билан ишлаш бошқача бўлган бўлса керак?
- Ҳа, у мураббий ва шахс сифатида ажойиб таассурот қолдирди. Кучли услубга эга мутахассис. Куч ва чидамлиликка кўпроқ эътибор беради. Бизга қарши ўйнаган жамоаларга қараб тактика танлайди. Мен ўзимни легионер сифатида синаб кўришни истадим. Шундай бўлдики, таваккал қилишга мажбур бўлдим. Орзуимни амалга оширдим, дея оламан.
- Кейинги режаларингиз қандай?
- Ҳозирда эркин агентман.Фаолиятимни Ўзбекистонда ёки хорижда давом эттиришим тез орада аниқ бўлади. Айни пайт таклифларни кўриб чиқмоқдаман.
Фикрлар