6 ёшда ватанни тарк этиш, полиция машинасидаги сайр ҳамда матонатли онанинг ўлими ҳақидаги қайғули ҳикоя – "Пахтакор"нинг янги легионери билан танишамиз
20 фев 18:00
Янгиликлар
6 ёшда ватанни тарк этиш, полиция машинасидаги сайр ҳамда матонатли онанинг ўлими ҳақидаги қайғули ҳикоя – "Пахтакор"нинг янги легионери билан танишамиз
Пётр Паржишек Польшада дунёга келишидан бироз олдин унинг ота-онаси ажрашиб кетишади. Ушбу "кутилмаган ҳолат"дан сўнг, унинг отаси ҳомиладор аёлни қатъий танлов олдида қолдиради: "Ё бола, ё мен". Она бир сония ҳам иккиланмасдан болани танлайди.
Орадан олти йил ўтгач, она кичкина Пётрни етаклаб, ўғли учун яхши ҳаёт ва ғам-ташвишсиз келажак илинжида Нидерландияга йўл олади.
Онам менга яхшироқ шароит яратиш илинжида Польшадан кетишга қарор қилди. У Польшада тинимсиз ишлар, ҳамшира бўлиб тунги навбатчиликларга чиқар ва ойига бор-йўғи минг злотий (тахминан 300 АҚШ доллари) маош оларди. Шу билан бирга, гандбол ўйнарди. Машинаси йўқлиги сабабли эрталаб соат 5 да уйғониб, бекатгача уч километр пиёда йўл босар, ишга автобусда қатнарди. Ишдан сўнг машғулотга бориб, уйга жуда кеч қайтарди. Аслида у мени деярли кўрмас, менга асосан бобом ва бувим ғамхўрлик қиларди.

Улар Арнем шаҳрида қўним топишди. Ёлғиз она тезда Зевенардаги касалхонага ҳамшира бўлиб ишга жойлашади. Пётр эса ҳаваскорларнинг "Элдения" ва "Эса" клубларида футбол ўйнай бошлади. Кейинроқ унга "Витесс" академиясида ўзини синаб кўриш имкони берилади ва охир-оқибат у "Де Графсхап"нинг ёшлар жамоасидан жой олди.
Одатда куним қандай ўтгани ҳақида SMS ёзиб юборардим. Кўпинча уйга соат нечада қайтишимни ҳам хабар қилардим. Онам эса доим жавоб ёзарди. Токи 2009 йилнинг апрелидаги ўша кунга қадар.
Ўн беш ёшда эдим. Арнемда дўстларим билан Қиролича кунини нишонлагандик. Онамга йўлга чиққанимни хабар қилдим. Лекин ундан ҳеч қандай жавоб келмагани мени хавотирга сола бошлади. Бунинг устига, ўшандан олдинги ойларда ҳам у тез-тез бош оғриғидан шикоят қиларди.
Унинг хавотирлари ўринсиз эмаслиги маълум бўлади. Ўгай отаси қўнғироқ қилиб, онаси касалхонага олиб кетилганини айтади. Шифокорларнинг сўзларига кўра, бу безовталикларни физиотерапия ёки акупунктура ёрдамида бартараф этиш мумкин эди. Аммо оғриқ тобора кучайиб боргач, иш кунларининг бирида ҳамкасблари уни зудлик билан МРТ (магнит-резонанс томография) текширувидан ўтишни талаб қилишга мажбурлашади. Пётр кейинроқ онасини касалхонада кўради.
Унинг олдига кирганимда, у фақат оёқларини қимирлата оларди, холос. Қаттиқ қўрқиб кетдим.
Текширув натижалари маълум бўлгач, "Де Графсхап"нинг ёш ҳужумчиси кўз ёшларини тия олмайди. Маълум бўлишича, Ҳаня Паржишекнинг миясида ўсма ва суюқликка тўла киста топилган эди. Бу киста ёрилиб кетиш арафасида бўлган.
Бизга шуни айтишдики, агар у касалхонага бир соат кечроқ келганида, орамизда бўлмасди.
Унинг онасини оғир жарроҳлик амалиёти кутиб турарди.
Жуда оғир вазият эди. Ўгай отам операциядан олдин онамнинг тирик қолмаслик эҳтимоли беш фоиз атрофида эканини айтди. Отамнинг фикрича, мен буни билиб қўйишим керак эди.
Бир неча кун ўтгач, Пётр "Де Графсхап" жамоаси билан Маарссендаги халқаро ўсмирлар турнирига йўл олаётган вақтда қувончли қўнғироқ бўлади. Ўгай отаси ҳаммаси яхши ўтганини хабар қилади.
Мен ҳеч қачон бунчалик қўрқмаган эдим. Ўша лаҳзадаёқ бу турнир мен учун аталганини тушундим. Ҳақиқатан ҳам шундай бўлади. Майдонда худди парвоз қилардим ва ҳамма нарса ўхшарди. Ёшлигимда бунчалик яхши ўйнаганимни бошқа эслай олмайман.
Ўгай отам ва тоғам машғулотимга келиб, операция муваффақиятли ўтганини айтган лаҳзани ҳеч қачон унутмайман. Бундай даражадаги қувончни фақатгина қизим Зофияни биринчи марта кўрганимда ва у дарҳол жажжи қўлчалари билан бошимдан қучоқлаб олганида ҳис қилганман.
Операциядан сўнг онам нурланиш муолажаларини олди ва беш йил давомида ҳаётимиз ўз изига тушди. Лекин кейин касаллик яна қайталади. Рождество байрамида биз доим Польшага қайтар эдик. Мен бу вақтни жуда яхши кўрардим: байрам қўшиқлари, пазандалик, оилавий зиёфатлар. 2016 йилнинг декабрида келганимизда, рафиқамга: "Ичимдан бир нарса сезяпти, бу Польшадаги сўнгги шундай байрамимиз", дедим. Мен ҳақ эканман. Шундан сўнг ҳаммаси остин-устун бўлиб кетди.
2017 йилнинг кузида бобом вафот этди, байрамда Нидерландияда қолишга мажбур бўлдим, онам ҳам биз билан қолди. Рождество арафасидан уч кун ўтиб, унда илк бор эпилепсия хуружи юз берди. Икки ҳафтадан сўнг ультратовуш текшируви қилишди ва унга кўпи билан уч ой умри қолганини айтишди.
Охирига келиб аҳвол жуда оғирлашди. У тўшакда ётар, қайт қилар, лекин атрофда нималар бўлаётганини тўлиқ англаб турарди. Бир куни кечқурун ўгай отам қўнғироқ қилиб, зудлик билан етиб келишимизни, онам ўлаётганини айтаётганини билдирди. Ўшанда мен у билан сўнгги бор суҳбатлашдим. Унинг бу азоблардан чарчаганини кўриб турганимни айтдим. "Ҳаёт сени аямади, сўнгги 10 йил сени адо қилди. Буви бўлиш бахтини ҳис қилишга улгурганингдан хурсандман", — тахминан шундай сўзларни айтдим.
5 март, соат 23:23. Ухлашдан олдин дуо қилдим: "Худойим, агар жаннатда онам учун жой бўлса, илтимос, уни ўз ҳузурингга ол, чунки у бундай азоб чекишга, бундай якунга муносиб эмас". Беш дақиқадан сўнг ўгай отам қўнғироқ қилиб, онам вафот этганини айтди.
Уни шу аҳволда кўришдан жуда қўрққандим. Аммо олдига кирганимда, юзида табассум қотган эди. Қалбимда кучли оғриқни, лекин шу билан бирга, шунча азоблардан кейин у ниҳоят ором топганидан енгилликни ҳис қилдим.
Дафн маросими пайтида черковда бир сурат осиғлиқ турарди, унда қора-кўк рангли капалак тасвирланганди. Бу жуда ғайриоддий тасодиф эди. Чунки онамнинг аҳволи жуда оғирлашиб қолган кезларда, уни сўнгги бор ҳайвонот боғига олиб борган эдик. Янги очилган капалаклар павильонидан айнан ўша кўк-қора рангли ҳашарот учиб келиб, онамнинг тўрт жойига қўниб, хоч шаклини ҳосил қилганди. Бу биз учун жуда ўзига хос, илоҳий бир белгидек туюлган. То шу кунгача, қизим Зофия капалакни кўриб қолса, "бувижон" деб чақиради.

Пажишек ўсмирлик даврида Англиянинг "Астон Вилла" клуби эътиборига тушган ва кўрикда бўлган. Инглизларга унинг ҳаракатлари маъқул келган, аммо футболчининг ўша пайтдаги клуби трансферга тўсқинлик қилган.
16 ёшимдаёқ U-19 жамоасида тўп тепардим. Бундай ёшда бу ҳолат одатий ҳол эмасди. Дастлаб менга "Блэкберн Роверс" қизиқиш билдириб, кўрикка таклиф қилди. Афсуски, клубим бунга рози бўлмади, чунки менда чемпионат ўйинлари бор эди. Шундан сўнг "Блэкберн"дан бошқа таклиф эшитмадим.
Кейин эса "Астон Вилла"га бир ҳафталик кўрикка бордим. Англияда "Дерби Каунти U-17"га қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушдим. Унда биз 2:1 ҳисобида ғалаба қозондик ва голлардан бирини мен киритдим. Бундан ташқари, асосий жамоанинг "Манчестер Юнайтед"га қарши ўйинида ҳам стадионда бўлдим. Билишимча, "Вилла Парк" мутасаддилари мени Нидерландияда яна икки марта кузатишган ва трансфер ҳуқуқимни сотиб олишга қарор қилишган.
Афсуски, "Де Графсхап" 16 ёшли футболчи учун 270 000 евро нарх белгилади ва шу билан масала жимиб кетди. Трансфер амалга ошмагач, у ўз клуби билан 3 йиллик шартнома имзолади.Маҳаллий мухлислар уни ҳамон илиқлик билан эслашади: у 2012–2014 ва 2016–2017 йилларда жамоанинг асосий гол машинасига айланган. Хусусан, 2016/17 йилги мавсумда 38 ўйинда 25 та гол уриши унинг жарима майдончаси ичидаги совуққонлигидан далолат беради.
Фаолиятимда шундай мавсум бўлганки, 25 та гол урганман, лекин жамоам 13-ўринни эгаллаган. Тўпурарлар рўйхатида иккинчи бўлганман, аммо жамоа сифатида ҳатто юқори лигага чиқиш учун ҳам курашмаганмиз. Голларнинг ўзи ҳамиша жамоавий муваффақиятни англатмаслигини кўрсатади.
Унинг фаолиятини чинакам "футбол саёҳати" дейиш мумкин. Нидерландиядаги ёрқин ўйинларидан сўнг, у Англиянинг "Чарльтон" жамоасига ўтиб, Чемпионшип ҳавосидан нафас олди. Гарчи туманли альбионда ишлари кутилганидек юришмаган бўлса-да, бу унга катта жисмоний чиниқиш мактабини берди.

Кейинчалик Бельгия ("Сент-Трюйден"), Дания ("Раннерс"), Италия ("Фрозиноне") ва Испания ("Леганес") клубларида тўп суриб, турли хил тактик схемаларга мослашиш кўникмасини шакллантирди.
Футболда ҳаёт шундай: бир кун сени қаҳрамон қилади, бошқа куни танқид остида қоласан. Бир ўйин ҳаммасини ўзгартириб юбориши мумкин. Шунинг учун руҳан кучли бўлиш жуда муҳим.
Пётр Паржишекнинг охирги жамоаси Финляндиянинг "КуПС" клуби эди.
Бельгиядаги шартномам ниҳоясига етаётганида, Финляндия чемпионатида пайдо бўламан деб хаёлимга ҳам келтирмагандим. Оиламиз билан Осиёга жўнаб кетишни хоҳлагандик. Режага кўра, у ерда ҳатто бир неча йил ўйнамоқчи эдим. Европадан фарқли муҳит, дунёнинг бошқа бир четини кўриш ва шу баҳонада футбол ўйнашни давом эттириш мумкин эди.
Ёзда Осиё клублари билан музокаралар олиб бордик. Баъзи таклифлар аниқроқ эди, бошқалари эса унчалик эмас. Кўплаб агентлар алоқага чиқишди. "Уч кун ичида етиб келишинг керак, чунки шанба куни ўйин бор" қабилидаги ҳолатлар ҳам бўлди ёки сўнгги лаҳзада мураббий фикрини ўзгартириб қоларди. Қуруқ гап-сўзлар кўп бўлди, аммо мени юз фоиз ишонтира оладиган ҳеч қандай таклиф тушмади.
Вақт ўтиб борарди ва июль ойининг охирига келиб, агентим тўсатдан КуПС клубидан таклиф жўнатди. Менда бу жамоа ҳақида ҳеч қандай тасаввур йўқ эди. Биринчи навбатда шаҳарни текшириб кўрдим. Халқаро мактаб йўқ экан. Бошланишига бу унчалик яхши хабар эмасди. Кейин клуб ҳақидаги маълумотларни батафсилроқ ўргана бошладим: улар ўтган йили чемпионликни қўлга киритишган, ҳозир ҳам титул учун курашмоқда, мамлакат кубогининг ярим финалига чиқишган ва Еврокубокларда бирор бир турнирнинг лига босқичига чиқиш учун яхши имкониятларга эга эдилар.
Дастлабки таклиф мени қаноатлантирмади, жумладан, молиявий томондан ҳам. Рад жавобини бердим. Бу муносабат КуПСнинг Чемпионлар Лигаси саралаши доирасида Олмаотанинг "Қайрат" жамоасига қарши ўз майдонидаги ўйинидан уч кун олдин рўй берганди, унгача улар Молдованинг "Милсами" клубини мусобақадан чиқариб юборишга улгуришганди. Улар "Қайрат"ни 2:0 ҳисобида мағлуб этишди. Ўзимча ўйладим: "Жин урсин, агар улар сафарда шу устунликни сақлаб қола олишса, қайсидир еврокубокнинг гуруҳ босқичи улар учун нақд бўлади". КуПС яна қўнғироқ қилди ва уларга айнан мендек ҳужумчи жуда зарурлигини уқтиришди. Агентимга айтдимки, агар улар қозоқлар тўсиғидан ўтса, келишамиз ва шартнома имзолаймиз.
Уларнинг жиддий қизиқаётгани кўриниб турарди ва улар буни менга ҳис қилдира олишди. Аммо биз нарсаларимизни йиғиштириш учун рафиқам билан Бельгияга қайтаётганимизда, улар Қозоғистонда 0:3 ҳисобида мағлубиятга учрашди. Чемпионлар Лигаси ҳақидаги орзулар чилпарчин бўлди.
Агентим билан бу масала ёпилди, деб ҳисобладик. Бироқ икки кундан сўнг улар яна алоқага чиқишди. Улар ҳозироқ жамоага қўшилишимни ва Конференциялар Лигасига чиқишга ёрдам беришимни сўраб туриб олишди. Шунингдек, улар минглаб илтифотлар билан чемпионлик учун курашда ҳам жамоага катта фойдам тегишини таъкидлашди.
Келишувга эришиш йўли ҳали узоқ эди. Шартноманинг дастлабки муддати – бор-йўғи тўрт ой экани менга тўғри келмади. Бундай қисқа муддатга ҳатто Нидерландияда оилам учун ижарага уй топишда ҳам муаммога дуч келардим. Финлар ўз қарорини ўзгартириб, менга маъқул келадиган тегишли бандлари бор узоқроқ муддатли шартнома таклиф қилишди. Шу туфайли, расман кўп масалаларни ҳал қилиш анча осонлашади.
Энди молиявий томондан келишиб олиш қолганди. Уларнинг таклифи мен учун жуда паст эди, шунинг учун ўз шартларимни илгари сурдим. "КуПС" директори клуб хўжайини билан маслаҳатлашди ва у "йўқ" деб жавоб берди. Майли, раҳмат, хайр.
3 август, якшанба тонги. Оилам билан ҳали ухлаб ётгандик... тўсатдан менинг агентим ходимларидан бирини танийдиган қайнонам қўнғироқ қилиб қолди. У мени тезда уйғотиш кераклигини ва зудлик билан аэропортга боришим шартлигини айтди. Маълум бўлишича, клуб хўжайини фикрини ўзгартирган ва фақатгина зудлик билан етиб боришим ҳамда Европа Лигаси саралаши доирасида Латвиянинг "РФС" жамоасига қарши илк ўйиндаёқ майдонга тушишим шарти билан барча талабларимга рози бўлган экан.
Душанба куни аввалига Амстердамдан Куопиога учишим керак эди, лекин кейин режалар ўзгарди. Тўппа-тўғри Латвияга парвоз қилдим. У ерда тиббий кўрикдан ўтиб, шартнома имзоладим. Сешанба куни жамоа билан машғулот ўтказдим, чоршанба куни эса дебют қилдим. Майдонда 25 дақиқа ҳаракат қилдим ва биз 2:1 ҳисобида ғалаба қозондик.

Пажишекнинг фаолиятидаги энг муҳим жиҳатлардан бири — у ғалаба қозонишни билади.
Польшадаги мўъжиза (2018/19): Ватанига қайтиб, "Пяст Гливице" сафида Польша Экстракласасида ғолиб чиқди. Бу клуб тарихидаги энг катта сенсациялардан бири эди ва Пётр асосий тўпурар сифатида бунда улкан рол ўйнади.
Финляндиядаги сўнгги бекат (2025): "Пахтакор"га ўтишдан олдин у "КуПС" жамоаси билан Финляндия чемпиони унвонини қўлга киритди ва Конференциялар Лигасида муваффақиятли ҳаракат қилди. Ҳужумчи собиқ жамоаси сафидаги сўнгги голини УЕФА Конференциялар Лигасининг гуруҳ босқичининг охирги турида сафарда "Кристал Пэлас"га урди.

2026 йил 17 февралда у "Пахтакор" клуби футболчисига айланди.

Пётр кичиклигидан Нидерландияда яшаб, шу ернинг футболи тизимида тарбияланган бўлишига қарамай, унга Польша ёшлар терма жамоасидан таклиф тушганида ҳеч қандай иккиланишсиз ўз ватанини танлаган.
Мен Нидерландияда вояга етдим ва бу ердаги ҳаётга ўрганганман. Лекин менинг оилам — польяк, томиримда польяк қони оқади. Польша ўсмирлар терма жамоаси либосини кийганимда қандайдир ўзгача, фахрли ҳиссиётни бошдан кечирдим. Орзуим — келажакда Польшанинг асосий терма жамоаси либосида майдонга тушиш.
Пётр Пажишек Польшанинг асосий терма жамоасида майдонга тушмаган бўлса-да, ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги халқаро мусобақаларда мамлакат шарафини ҳимоя қилган. У Польшанинг U-17 дан то U-21 гача бўлган барча ёш тоифаларидаги терма жамоаларида тўп тепишга муваффақ бўлган.
Умумий ҳисобда Пажишек Польша ёшлар терма жамоалари либосида 12 та расмий ўйинда майдонга тушган.

Аналитик нуқтаи назардан қараганда, Пажишек классик "Таргетмэн" вазифасини бажаради: бўйи 191 см. Бу жиҳат Суперлигадаги марказий ҳимоячилар учун ҳаводаги курашларда жиддий бош оғриғи бўлади. У тўпни ўзида сақлаб туриш, шерикларига бўш ҳудуд яратиш ва жарима майдончаси ичида позиция танлаш борасида маҳоратли. Иккала оёғида ҳам аниқ зарба бера олиш хусусияти бор, бироқ бош билан ўйнаши – унинг энг асосий қуролларидан бири.
Футбол оламида учта кумирим бор. Мен ҳам Фернандо Торрес, Клас Ян Хунтелар ёки Робин ван Перси каби улкан ютуқларга эришишни истардим.
Ўхшаш янгиликлар
championat.asia
ЕЧЛ. "Реал Мадрид" Вальверденинг хет-триги эвазига "Манчестер Сити"ни мағлуб этди
Суперлига. "Навбаҳор" сафарда "Пахтакор"ни мағлуб этди
Суперлига. "Нефтчи" "Андижон"ни йирик ҳисобда мағлуб этди, Искандеров ўйинни ҳал қилди
ЕЧЛ. "Барселона" меҳмонда "Ньюкасл" билан дуранг ўйнади
Фикрлар
Xattoki Al Hilolnixam Toshkentdagi o'yinda hamma tomonlama umuman tentak qilib taylagan edida qoil