2026 йилда бўладиган халқаро мусобақалар
02 янв 12:10
Янгиликлар
2026 йилда бўладиган халқаро мусобақалар
Мухлислар аллақачон ички ва халқаро ўйинларни интиқлик билан кута бошлашди.
Суперлига, Пролига, Ўзбекистон Кубоги каби мусобақалар ўз йўлига, лекин шу ўринда бизга алоқаси бор халқаро турнирларни ҳам санаб ўтмасак бўлмайди. Зеро бу ҳам мухлислар учун қўшимча маълумот вазифасини ўтайди. Шу боис қуйида 2026 йил бўладиган халқаро мусобақаларни кетма-кетликда келтириб ўтамиз.
U-23 Осиё Кубоги
Ушбу мусобақа янги йил ҳисобидан илк халқаро турнир бўлади. U-23 Осиё Кубоги 6-24 январь кунлари Саудия Арабистонида бўлиб ўтади. Бунда Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ҳам иштирок этади. Бош мураббий - Равшан Ҳайдаров. Футболчиларимиз иштирокидаги гуруҳ учрашувлар тақвими қуйидагича кўриниш олган:
7 январь. Ўзбекистон - Ливан
10 январь. Эрон - Ўзбекистон
13 январь. Ўзбекистон - Жанубий Корея

Аёллар Осиё чемпионлар Лигаси қуръаси
15 январь куни ОФК Аёллар чемпионлар Лигасининг чорак финалига қуръа ташланади. Маълумки, Қаршининг "Севинч" жамоаси гуруҳ ўйинларини яхши ўтказиб, чорак финалга йўл олди. Қуръа механизми аллақачон ишлаб чиқилган бўлиб, "Севинч" 1/4 финални сафарда ўтказади.
Қаршилик қизлар 22-23 март кунлари "Мельбурн Сити" (Австралия), "Токио Верди" (Япония) ёки "Нэгоянг" (КХДР) жамоаларидан бирига қарши баҳс олиб боради.

Футзал бўйича Осиё чемпионати
Навбатдаги футзал бўйича Осиё чемпионатига Индонезия мезбонлик қилади. Ушбу мусобақа 27 январь куни бошланиб, 7 февралгача давом этади. Турнирда Ўзбекистон футзал миллий терма жамоаси ҳам иштирок этади. Умумий ҳисобда 16та жамоа қатнашади.
"C" гуруҳидан жой олган Ўзбекистон ўз ўйинларини қуйидаги тартибда ўтказади:
28 январь. Ўзбекистон - Тожикистон
30 январь. Австралия - Ўзбекистон
1 февраль. Япония - Ўзбекистон
U-17 Осиё чемпионати қуръаси
Навбатдаги U-17 Осиё чемпионати 7-24 май кунлари Саудия Арабистонида ўтказилади. Мусобақа қуръаси 12 февралга белгиланган. Шу куни Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси қайси гуруҳга тушишини билиб оламиз.
Ҳозирги пайтга келиб U-17 Осиё чемпионатида ўйнайдиган барча жамоалар маълум: Саудия Арабистони, Индонезия, Япония, Шимолий Корея, Қатар, Жанубий Корея, Тожикистон, БАА, Ўзбекистон, Хитой, Яман, Вьетнам, Ҳиндистон, Австралия, Таиланд, Мьянма.
Аёллар Осиё чемпионати
Футбол бўйича Аёллар Осиё чемпионати 1-21 март кунлари Австралияда бўлиб ўтади. Бунда Ўзбекистон аёллар терма жамоаси ҳам иштирок этади. Аёллар қитъа биринчилигида 12та терма жамоа қатнашади. Жамоалар тўрттадан уч гуруҳга бўлинган.
Ўзбекистон аёллар терма жамоасининг гуруҳ ўйинлари қуйидагича кўриниш олган:
3 март. КХДР - Ўзбекистон
6 март. Ўзбекистон - Хитой
9 март. Бангладеш - Ўзбекистон
U-20 Аёллар Осиё Кубоги
Бу йил шунингдек 20 ёшгача қизлар ўртасида ҳам Осиё Кубоги бўлиб ўтади. Ушбу мусобақа 1-18 апрель кунлари Таиландда ўтказилади. Ўзбекистон U-20 қизлар терма жамоаси иштирок этадиган турнирда жами 12та жамоа қатнашади. U-20 қизларимизнинг гуруҳ ўйинлари тақвими қуйидагича:
2 апрель. Жанубий Корея - Ўзбекистон
5 апрель. Ўзбекистон - Шимолий Корея
8 апрель. Ўзбекистон - Иордания
Осиё Кубоги қуръаси
Навбатдаги Осиё Кубоги 2027 йил Саудия Арабистонида бўлиб ўтади. 11 апрель куни мусобақанинг финал босқичига қуръа ташланади. Хабарингиз бор, Осиёнинг энг нуфузли мусобақасида 24та терма жамоа иштирок этади. Осиё Кубоги 2027 йилнинг 7 январь - 6 февраль кунлари бўлиб ўтади.
Ҳозирги пайтга келиб қитъа биринчилиги йўлланмасини қўлга киритган жамоалар 20тага етган. Яна 4та жамоа номи 31 март кунги охирги тур ўйинларидан сўнг аниқ бўлади.
Осиё Кубогида ўйнайдиган жамоалар: Саудия Арабистони, Австралия, Ироқ, Эрон, Ўзбекистон, Қатар, БАА, Япония, Жанубий Корея, Уммон, Фаластин, Баҳрайн, Иордания, Хитой, Индонезия, КХДР, Қувайт, Қирғиз Республикаси, Сурия, Сингапур.
Жаҳон чемпионати
Ва ниҳоят ҳаммамиз кутаётган мусобақага ҳам етиб келдик. Бу - Жаҳон чемпионати бўлиб, Ўзбекистон миллий терма жамоаси илк бор мундиалда иштирок этади. ЖЧ-2026 11 июнь куни старт олади ва 19 июлга қадар давом этади.
Бу умуман янгича форматдаги Жаҳон чемпионати бўлади ва биринчи марта 48та терма жамоа иштирокида ўтказилади. K гуруҳидан жой олган Ўзбекистон терма жамоасининг гуруҳ учрашувлари тақвими қуйидагича:
18 июнь. 07:00. Ўзбекистон - Колумбия
23 июнь. 22:00. Португалия - Ўзбекистон
28 июнь. 04:30. Саралаш ғолиби - Ўзбекистон
Элит ОЧЛ ва ОЧЛ 2
Жаҳон чемпионатидан сўнг сентябрь ойида Элит Осиё чемпионлар Лигаси ва Осиё чемпионлар Лигаси 2 мусобақасининг финал босқичига старт берилади. Бу йил "Нефтчи" Элит ОЧЛда, "Пахтакор" эса ОЧЛ 2да ўз кучини синаб кўради. Биринчи тур учрашувлари 14-17 сентябрга белгиланган.

Пляж футболи бўйича Осиё чемпионати
ОФК ҳозирча пляж футболи бўйича навбатдаги Осиё чемпионати қайси давлатда бўлиб ўтишини маълум қилганича йўқ. Фақат мусобақа бўлиб ўтадиган кунлар маълум: 18-28 ноябрь. Ушбу мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси иштирок этадими-йўқми, бу борада ҳам аниқ маълумотга эга эмасмиз.
Хайрулла Холиқов
Ўхшаш янгиликлар
championat.asia
ОЧЛ 2 плей-офф босқичига қуръа ташланди: Роналду етакчилигидаги "Ал Насср" "Арқадағ" билан ўйнайди
Тимур Кападзе дунёнинг энг кучли мураббийлари орасида кучли ўнликка кирди!
АПЛ. "Арсенал" "Астон Вилла"нинг ғалабали сериясига нуқта қўйди. МЮ аутсайдерни мағлуб эта олмади
Расман: Ислом Тўхтахўжаев — "Андижон" футболчиси!
Фикрлар