Рўзимбой Аҳмедов: "Мавсум бошида исталган кучли рақиб билан ўйнаса бўлади"
29 янв 14:39
Новости
Рўзимбой Аҳмедов: "Мавсум бошида исталган кучли рақиб билан ўйнаса бўлади"
Ўтган йили элитада ўрнини сақлаб қолган жамоа тайёргарликни қизғин руҳда олиб бормоқда. Жамоада Сергей Токов иш бошлади, таркибда ўзгаришлар етарлича. Стартда эса уларни "Насаф" кутмоқда. Бу борада клуб бош директори Рўзимбой Аҳмедовга юзландик.
- "Хоразм"нинг Суперлигага тараддуди ҳақида...
- Тайёргарлик яхши кетмоқда. Тошкентдаги икки босқичли ўқув-йиғин машғулотимизни якунладик. Биринчиси 4 январдан 14 январгача, иккинчиси 17-27 январь саналарида олиб борилди. Қисқа таътилдан сўнг бугун Урганчда йиғиламиз ва эртага тонгда Анталияга йўл оламиз. У ерда 17 кунлик йиғин ва бир нечта назорат учрашувларида қатнашамиз. Рақиблар Европа жамоалари бўлади. Шу тариқа тайёргарлигимиз давом этади.
- Мураббийлар штабидаги ўзгариш нима билан боғлиқ бўлди?
- Бу ўзгариш ўтган мавсум натижаларидан, жамоани ёшартириш ва раҳбариятимизнинг топшириғи асосида амалга ошди. Олдимизга ўтган йилгидан яхшироқ натижа қайд этиш вазифаси қўйилган. Бу нарса бўлиши керак эди.

- Легионерларни Хоразмга олиб келиш қандай кечди?
- Мазкур масала билан мураббийлар штаби, скаутлар жуда кўп шуғулланишди. Битта видеороликни ёки чиройли ҳаракатини кўриб олиб келганимиз йўқ. 90 дақиқалик ўйинларини батафсил ўрганиб чиқишди, таҳлилчиларимиз кузатди, 1 ойдан ошиқ музокаралар олиб борилди. Ёшроқ легионер олиш режамизда бор эди. Натижасини чемпионатда кўрамиз.
- Мавсумни "Насаф"га қарши ўйин билан бошлаш қанчалик қийинчилик туғдиради?
- Биринчи турда ким билан тушишимизнинг фарқи йўқ эди. Барибир ҳамма билан ўйнаймиз. "Насаф" билан ўтган йили қизиқарли ўйинлар ўтказганмиз. Иккита ўйинда ҳам муносиб курашган эдик. Дастлабки турларда маҳорат ёки тажриба катта аҳамият касб этмайди. 1-10 турларда иштиёқ юқори бўлади. Жамоамиз охиригача курашади, максимал ҳаракат қилади. Янги жамоа шаклланяпти. Тўғри, жиддий рақиб ва тажрибали жамоа. Старт сиз ўйлаганчалик бўлмаслиги ҳам мумкин. Чемпионат бошида исталган кучли рақиб билан катта иштиёқ билан ўйнаса бўлади деб ўйлайман.
Абдулазиз Искандаров суҳбатлашди
Похожие новости
championat.asia
ЕЧЛ. "Реал Мадрид" Вальверденинг хет-триги эвазига "Манчестер Сити"ни мағлуб этди
ЕЧЛ. "Барселона" меҳмонда "Ньюкасл" билан дуранг ўйнади
Суперлига. "Насаф" сўнгги дақиқаларда урилган гол эвазига "Динамо" билан дуранг ўйнади
ЕЧЛ. "Реал Мадрид" — "Манчестер Сити" 3:0
Комментарии