Раҳимов, Инилеев, Жепаров, Эрматовлар сафига Файзуллаев ҳам қўшилди. ОФК Ўзбекистондан яна кимларни эътироф этган эди?
30 окт 07:30
Новости
Раҳимов, Инилеев, Жепаров, Эрматовлар сафига Файзуллаев ҳам қўшилди. ОФК Ўзбекистондан яна кимларни эътироф этган эди?
2023 йилда Ўзбекистон футбол ассоциацияси йилнинг "Энг яхши федерацияси" "Платинум" йўналишида Осиёда тенгсиз, деб эътироф этилган бўлса, бу йил Аббос Файзуллаев қитъанинг "Энг яхши ёш футболчиси" деб топилди. Бир неча йиллар олдин ҳам ўзбекистонлик мураббийлар, футболчилар, ҳакамлар ҳам қитъанинг энг яхшилари қаторидан ўрин олганди. Бугун уларни бирин-кетин ёдга олишни лозим топдик.
ОФК 1997-2000 йилги мавсумларнинг сўнггида йил рамзий терма жамоасини эълон қилиб борди. Унга кўра, Ўзбекистон терма жамоасининг чап қанот ҳимоячиси Николай Ширшов 1998 йил қитъа рамзий жамоасига киритилди. Унинг ажойиб ўйинларини мухлислар ҳамон соғинишлари аниқ. Тезкор ва чаққон ҳаракатлари билан рақиб жарима майдончасига ёриб кириш қобилиятига, ажойиб зарбаларига эга футболчи мустақил Ўзбекистон тарихида ОФК эътиборига тушган илк футболчи бўлган.
1999 йил футболимиз учун ниҳоятда омадли йиллардан бири сифатида тилга олинади. Термамиз Осиё кубогининг БААда ўтган саралаш баҳсларида муваффақиятли қатнашиб, мусобақанинг финал босқичига йўлланма олганди. Ҳал қилувчи учрашувда эса Максим Шацких мезбонлар дарвозасини ишғол қилиб, Ўзбекистонга ғалаба олиб келган.
Ўша мавсум якунларига кўра саралаш босқичида жамоамизга устозлик қилган Маҳмуд Раҳимов Осиёнинг “Энг яхши мураббийи”, деб топилган эди. Аммо, мутахассис ушбу йилнинг декабрь ойида автоҳалокат сабаб вафот этади. Ўзбекистонда икки бор йил футболчиси бўлган дарвозабон Павел Бугало эса 1999 йилнинг рамзий жамоасидан ўрин эгаллаганди.
2002 йил ОФК “Пахтакор”ни қитъанинг "Энг яхши клуби" сифатида тан олди. Ўша йили ОФК қитъанинг клублар ўртасидаги мусобақаси “Осиё чемпионлар кубоги” номини “Осиё чемпионлар лигаси”га ўзгартиришди. Ўзбекистон вице-чемпиони янги ном остидаги турнирга плей-офф босқичидан қўшилди. "Шерлар" саралашда Иорданиянинг “Ал Виҳдат”, Қатарнинг “Ал Иттиҳод” ва БААнинг “Ал Аҳли” клубларини мағлуб этган ҳолда гуруҳ босқичига йўлланма олган ва кейинчалик ярим финалга қадар етиб борган. Мусобақада ажойиб ўйинлар намойиш этгани учун "Пахтакор" мазкур совринга лойиқ кўрилган эди.
2007 йили ОФК миллий жамоамиз устози Рауф Инилеевни Осиёнинг "Энг яхши мураббийи", деб топилади. Нима учун айнан Инилеев муносиб топилди? Терма жамоамиз тўрт мамлакатда ўтказилган Осиё кубогида мазмунли ўйин намойиш қилди. Мусобақа давомида Эрон, Хитой, Саудия Арабистони каби кучли термаларга муносиб кураш тақдим қила олди. Саудия Арабистонидан чорак финалда учралган аламли мағлубиятга қарамай, қитъа биринчилигидаги ўйинимиз кўпчиликка манзур келган.
2008 йил тарихда илк марта ўзбекистонлик рефери ОФКнинг эътирофига сазовор бўлди. Равшан Эрматов "Энг яхши ҳакам номинациясида" ғолиб чиқди. Ўша йили у Япония мезбонлик қилган клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида кўпгина хорижлик машҳур реферилар билан бир қаторда фаолият олиб борди. Дастлаб “Ал Аҳли” (Миср) ва “Пачука” (Мексика) иштирокидаги чорак финал баҳсига бош ҳакам этиб тайинланди. Сўнг ЛДУ (Эквадор) ва “Манчестер Юнайтед” ўртасидаги ҳал қилувчи финал учрашувни бошқарди. Эрматовнинг Неманя Видичга кўрсатган қизил карточкаси ёдингизда бўлса керак. Кейинги йили ҳам тажрибали реферимиз яна бир бор қитъада тенгсиз, деб топилди.
2010 йил тўрт йилликнинг нуфузли мусобақаси бўлмиш жаҳон чемпионатида қатнашиш бахти Равшан Эрматов илк бор насиб этди. ФИФА ҳакамлар қўмитаси вакиллари мундиалнинг очилиш учрашувини ҳамюртимизга ишониб топширди. Эрматов эса ЖАР ва Мексика ўртасидаги беллашувда ҳаяжонсиз, хотиржам ва барча қоидаларга амал қилган ҳолда аъло баҳога ишлади. Шундан сўнг, у Аргентина – Греция, Англия - Жазоир, Германия – Аргентина, Нидерландия – Уругвай баҳсларида ҳам ҳакамлик қилди. Қилган меҳнатлари учун у йил сўнггида қаторасига учинчи маротаби Осиёнинг “Энг яхши ҳаками” номини кўлга киритди ва ўзига хос хет-трик қайд этди.
2011 йили эса Эрматов "покер"га эришди, у яна қитъада тенгсиз! У Қатардаги Осиё кубогида бир қатор маъсулиятли ўйинларда жамоаларни ҳакам сифатида майдонга бошлаб тушди. Австралия – Япония ўртасидаги финални бошқариш чеки ҳам Эрматовнинг зиммасига тушган эди. У буни юқори даражада уддалагани ҳеч кимга сир эмас.
2014 йил Бразилиядаги ЖЧда юртимиз ва қитъамиз шарафини муносиб ҳимоя қилган Равшан Эрматов умумий ҳисобда бешинчи бор "Энг яхши ҳакам" совринига сазовор бўлди. Тажрибали ҳакам Швецария – Эквадор, АҚШ – Германия, Хорватия – Мексика, Нидерландия – Коста-Рика ўйинларини маҳорат билан бошқарди.
Футболчиларимиздан Сервер Жепаров 2008 ва 2011 йилларда Осиёнинг "Энг яхши футболчисига" айланди. 2008 йил “Бунёдкор” жамоаси чорловини қабул қилган футболчи дебют мавсумдаёқ ички чемпионатдаги барча совринларга эга чиқди. ОЧЛ ярим финалига қадар етиб борди. 19та гол билан тўпурарлар пойгасида биринчилардан бўлди. 2011 йилда терма жамоамиз билан Осиё кубоги ярим финалига қадар етиб борди.
2011 ва 2012 йилларда ўзбекистонлик лайнсмен Абдуҳамидулло Расулов қитъанинг "Энг яхши қанот ҳаками", сифатида эътироф қилинган. Худди шу йили Ўзбекистон футбол ассоциацияси ОФК томонидан “фейр плэй” мукофоти билан тақдирланганди. Мазкур йилда клубларимиз ва терма жамоаларимиз халқаро майдонларда тартибли ва чиройли ўйин намойиш қилишганини таъкидлаш жоиз. Дарвоқе, ФИФА ҳам 2012 йилда Ўзбекистон футбол федерациясига ҳалол ўйин совринини топширганди. Ташкилот U-20 аёллар ўртасидаги мундиал мезбонлигини бизга топшириб кейинчалик қайтариб олганди.
Равшан Ҳайдаров мураббийлигидаги ёшлар терма жамоамиз 2015 йил Янги Зелландия мезбонлик қилган кичик жаҳон чемпионатида кучли саккизликка киришга муваффақ бўлишди. Гуруҳдан мўжиза сабаб уч очко билан чиққан ёшларимиз, нимчорак финалда Европа вакили Австрияни мусобақадан чиқариб юборган эди. Достон Ҳамдамовнинг икки голи Австрия устидан ғалаба келтирган. Чорак финалда Сенегалдан енгилган бўлсакда, футболчиларимиз қитъа ва юртимиз номидан муносиб иштирок этганди. ОФК эса йил оҳирида "Энг яхши ёш футболчи" сифатида бирваракайига Элдор Шомуродов, Забиҳилло Ўринбоев, Достон Ҳамдамовни номзод сифтида кўрсатди. Улар ичидан соврини Ҳамдамовга насиб қилди.
2017 йилда яна бир ҳакамимиз Баҳтиёр Намозов Осиёнинг “Энг яхши ҳаками” бўлди. Ўша йилда Багам оролларида бўлиб ўтган соҳил футболи бўйича Жаҳон чемпионатида Бразилия – Таити ўйинини бошқарди. Бунга қадар ўзбекистонлик рефери бир қатор халқаро мусобақаларда ишлаганди.
Комментарии