ПФЛ "Навбаҳор" клубидаги вазиятни ўрганишни сўраб Ассоциацияга мурожаат йўллади
26 сен 15:05
Новости


ПФЛ "Навбаҳор" клубидаги вазиятни ўрганишни сўраб Ассоциацияга мурожаат йўллади
20 сентябрь санасида бўлиб ўтган учрашув якунида "Навбаҳор" бош мураббийи Сергей Лушчан матбуот анжуманида иштирок этиб, журналистлар саволларига жавоб қайтарди.
Россиялик мутахассиснинг матбуот анжуманида билдирган фикрлари Лига эътиборини тортди. Унда Лушчан айрим футболчилар рақиб жамоа фойдаси учун ҳаракат қилганлигини ва бу каби ҳолатлар тегишли органлар томонидан ўрганиб чиқилиши лозимлигини қайд этган. Бунга қадар ҳам мураббий матбуот анжуманларида бир қатор кескин фикрлар билдирган бўлиб, уларда номма-ном санамаган бўлса-да, ўзининг айрим шогирдларига нисбатан конкрет айбловлари борлигини билдирганди.
"Навбаҳор" клубидаги муҳит Лига наздида соғлом эмасдек таассурот уйғотади. Гарчи, клуб мавсумнинг биринчи даврасини кўтаринки руҳда ўтказган бўлса-да, молиявий томондан қийинчиликлар мавжуд эканлиги кўриниб турди. Хусусан, на клуб ва на вилоят ҳокимлиги томонидан Ассоциация ҳамда Лигага тақдим этилган кафолатларга амал қилинди. Айни вақтда ҳам клуб эски қарздорликни бартараф эта олмаган. Шунга қарамай, клуб мавсум бошида хорижий йиғинда иштирок этди ва айрим тажрибали футболчиларни ўз сафига қўшишда давом этди. Лушчан томонидан билдирилаётган фикрларнинг ҳақиқатга қанчалик яқин экани, клубдаги вазиятга молиявий ҳолат қанчалик таъсир қилаётгани, футболчилар олдида эҳтимолий қарздорликнинг мавжуд эканлиги уларнинг спорт формаси ҳамда кайфиятига қандай таъсир кўрсатаётгани ва охир-оқибат бу ҳолатлар клуб натижаларида қандай рол ўйнаётганлиги Лига учун муҳим ҳисобланади.
Боиси, Сергей Лушчан томонидан юқорида билдирилган фикрлар ички чемпионатнинг спорт яхлитлиги, ундаги соғлом рақобат ва ҳаққоний ўйинлар масаласига нисбатан қатор саволларни келтириб чиқаради. Агар мураббийнинг фикрлари ва ёки унда мавжуд шубҳаларда асос мавжуд бўлса, эндиликда бу фақатгина клубнинг ички иши бўлмайди ва у табиийки, Суперлигадаги соғлом рақобат масаласига путур етказади. Аксинча ҳолат бўлиб, мураббий ўз баёнотлари учун асос топиб бера олмаса, демак, у ўз сўзларига қўшимча изоҳ бериши шарт.
Шуларни инобатга олган ҳолда, "Навбаҳор" клубидаги вазиятни ўрганиш учун Лига Ассоциациянинг Футбол фаолиятини назорат қилиш бўйича махсус инспекциясига мурожаат қилишни лозим деб топди. Сўнгги бор махсус инспекция шу йилнинг июнь ойида футболчиларни рўйхатдан ўтказиш жараёнидаги қалбаки ҳужжатлар масаласини ўрганиб, масалага тўла ойдинлик киритиб берганди. Умид қиламизки, юқоридаги масала ҳам атрофлича ўрганиб чиқилади ва унинг хулосаси Лига аъзоси бўлган ҳар қандай клуб ва унинг расмийларига огоҳлик бўлиб хизмат қилади", – дейилади хабарда.
Похожие новости

Комментарии
Агар Лушчанни гаплари тасдиқланмаса - тухмат қилгани учун жавобгарликга тортиш керак.