"Жамоадан кетганим йўқ "- Баҳром Ҳайдаров, "Сурхон"ни Суперлигада олиб қолиш ва навбатдаги режалар ҳақида
09 дек 2021 14:09
Новости
"Жамоадан кетганим йўқ "- Баҳром Ҳайдаров, "Сурхон"ни Суперлигада олиб қолиш ва навбатдаги режалар ҳақида
Иккинчи даврада "Насаф", "Металлург", "Навбаҳор", "Машъал" билан кечган учрашувлар "Сурхон" учун кўп нарсани ҳал қилиб берди, дея оламиз. Боиси мана шу баҳсларда жамоа ўзи учун қимматли очколар ни қўлга киритди. Клубнинг навбатдаги режалари улкан. Аввал маълумот берилганидек кейинги мавсумда кучли хомийлар қўлига ўтиши кутилмоқда. Биз бу борада жамоа бош мураббийи Баҳром Ҳайдаровга бир нечта саволлар билан юзландик.
- "Сурхон" жамоаси охирги паллада "Машъал"ни мағлуб этиб Суперлигада қолишни уддасидан чиқа олди. Дастлаб шу ва мавсум ҳақида хулосаларингиз...
- Кўпчилик сезган бўлса керак, жорий йилги мавсум сўнгги икки мавсумга қараганда анча қизиқарли кечди. Иккинчи ва учинчи, элитада қолиш учун кураш охирги тургача давом этди. Турнир жадвалида интрига кучли бўлди. Аутсайдерлар орасида рақобат жиддий ўтди.
- Буни иккинчи даврада таркибга янги қўшилган футболчиларнинг самараси, десак бўладими? Агар биринчи даврадаги таркиб қолганида бу жуда қийин бўларди...
- Албатта давралар оралиғида таркибга келиб қўшилган футболчилар ўйинимизни кучайтиришди, фойда берди. Жавоҳир Соҳибов, Никита Павленко, Абдул Азиз Юсуповлар катта ҳисса қўшишди, деб ўйлайман. Биринчи даврадаги жамоа ҳам яхши эди. Фақат шаклланмаган эдик. Улар қолганда ҳам вазифани уддасидан чиқишимиз мумкин эди. Чунки жамоа ўз ўйинини топиб олаётганди.
- Жамоа" Металлург", "Насаф" "Навбаҳор" билан ўйинларда қимматли очколарни қўлга киритди. Қийин паллада футболчиларни бундай ўйинларга тайёрлаш қандай бўлди?
- Алоҳида тайёргарлик бўлмади. Ҳар бир ўйинга бир ҳил ҳозирлик кўрдик. Иккинчи даврада кўпроқ очко тўплашимиз керак эди. Суперлигада қолиш учун бир очко ҳам очко ҳисобланарди. Ўша ўйинларда омадимиз келди. Мағлубиятга учраган беллашувларимизда ҳам жанговар ўйин кўрсатдик. Масалан "Сўғдиёна", "Қўқон-1912"га қарши яхши ўйнаб юта олмадик.
- "Сурхон"даги фаолиятингизни давом эттирасизми? Билишимизга қараганда "Турон" қизиқаётган экан...
- Эшитган бўлсангиз, клубда янги ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Фаолиятимни давом эттиришим керак. Чунки бутун мураббийлар штабининг икки йиллик шартномаси бор. Биринчи даврадан сўнг Суперлигада қолсак икки йиллик шартнома борасида келишувимиз бор. Воқеалар ривожи қандай давом этади, билмайман. Бирор жамоа қизиқаётганини сиздан эшитяпман. Агарда қизиқаётган бўлса, улар билан ҳам гаплашамиз. "Сурхон"дан кетаётганим йўқ.
- Клубнинг янги эгалари режаларни ишлаб чиқишдими?
- Юқорида таъкидлаганимдек ҳали улар эгалик қилгани йўқ. Ҳозирча гап-сўз. Бу эгалик қилади, дегани эмас. Фақат ҳомий сифатида кириб келяпти. Яқин 5-6 кунда режалар ҳақида клуб вице президенти ва ҳомийлар гаплашиб олишади. Шунга қараб режалар тузамиз.
- Жамоани Суперлигада олиб қолганингиз фаолиятингизда янги саҳифа очадими?
- "Сурхон"ни Суперлигада битта мен эмас, бутун жамоа олиб қолди. Ҳамма ҳиссасини қўшди. Жамоа мухлислари олдида ваъда берган эдик. Ушбу вазифани уддалаганимиздан хурсандман. Ўйлайманки, кейин ҳам олдимизга қўйилган вазифани бажара оламиз. Шуни айтиб ўтишим керакки, жамоамиз учрашувларни Тошкентда эмас, Термизда ўтказади. Стадионимизнинг кийиниш хонаси, бошқа хоналар реконструкция қилинади.
Абдулазиз Искандаров
Комментарии