Барча 18 жамоа чемпион бўлиши... ёки қуйи лигага тушиб кетиши мумкин бўлган Польша лигасига хуш келибсиз
16 мар 23:30
Новости
Барча 18 жамоа чемпион бўлиши... ёки қуйи лигага тушиб кетиши мумкин бўлган Польша лигасига хуш келибсиз
34 турдан иборат Экстракласа мавсумининг учдан бир қисмидан камроғи қолган бир пайтда, математик жиҳатдан барча 18 та клуб ё чемпион бўлиши, ёки қуйи лигага тушиб кетиши мумкин. Лига давомида мантиққа зид бўлган воқеалар кузатилмоқда.
Дам олиш кунларини пешқадам сифатида бошлаган "Заглембе" – аҳолиси 70 минг кишини ташкил қиладиган ва Польшанинг энг йирик 50 та шаҳри рўйхатига ҳам кирмайдиган кичик Любин шаҳри жамоаси ҳисобланади. Ўтган мавсумда "Заглембе" 15-ўринни эгаллаб, хавфли ҳудуддан атиги бир поғона юқорида қолган эди.
Мамлакатнинг энг йирик ва энг муваффақиятли клуби бўлмиш "Легия" (Варшава) эса қуйи лигага тушиб кетиш хавфи остида. Ўтган мавсумда улар Конференциялар Лигасининг чорак финалигача етиб бориб, "Челси" томонидан мусобақадан чиқариб юборилган эди (улар инглизларни "Стэмфорд Бриж"да мағлуб этишган). Бундан ўн йил олдин эса, 15 карра Польша чемпиони ҳисобланган "Легия" Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичида иштирок этганди.
Жорий мавсумда катта маблағ сарфлаган "Видзев Лодзь" Transfermarkt маълумотларига кўра, Экстракласа тарихидаги энг қиммат учта футболчини сотиб олди. Улар орасида Гана терма жамоаси аъзоси Усмон Букари ҳам бор ("Остин" клубидан 5,5 миллион евро (6,4 млн доллар) эвазига ўтган). Бироқ "Видзев" ҳам худди "Легия" сингари хавфли ҳудудда бормоқда.

Мавсумнинг ярмида "Висла Плоцк" Экстракласа турнир жадвалида пешқадамлик қилаётган эди. Кетма-кет бешта мағлубиятдан сўнг, улар ҳозир 8-ўринда ва хавфли ҳудуддан атиги уч очкога ўзиб кетишган холос. Яна бир мисол – "Краковия". 22-турдан кейин жамоа 7-ўринда эди. Краковликлар кейинги икки ўйинда мағлуб бўлишди, аммо бошқа ўйинлардаги натижалар туфайли бир поғона юқорилаб, 6-ўринга чиқиб олишди.

Польша футболидаги бошбошдоқлик фақат юқори дивизион билан чекланиб қолмаган. Иккиси биргаликда 27 та чемпионликни қўлга киритган "Висла Краков" ва "Рух Хожув" ҳозирда 1-лигада, яъни Польшанинг иккинчи дивизионида иштирок этмоқда. Ушбу асрда юқори дивизионда ғолиб чиққан "Полония Варшава" ва "Шлёнск Вроцлав" ҳам иккинчи лигада иштирок этяпти. Бу орада жорий мавсумдаги Польша Кубогининг чорак финалига учинчи дивизиондан иккита ва тўртинчи дивизиондан битта клуб етиб келди. 2019 йилдан 2024 йилгача бўлган даврда Польшада учта клуб илк бор лига чемпионига айланди: "Пяст Гливице", "Ракув Ченстохова" ва "Ягеллония Белосток". Хўш, Польша футболини нима шунчалик олдиндан айтиб бўлмайдиган қилиб қўяди? Ва бу фойдалими?
"Ақлли клублар бой клубларни енгади"
Футбол – Польшадаги энг оммабоп спорт тури бўлиб, миллий терма жамоа тез-тез йирик халқаро турнирларга йўлланма олиб туради. Польша аҳолиси 37,9 миллион кишини ташкил қилади ва фуқароларнинг аксарияти шаҳарларда яшайди: 23 та шаҳарнинг аҳолиси 150 мингдан ортиқ. Бундай урбанизациялашган жамият футбол клубларининг кучли тизими учун шароит яратади ва нега Польша тарихида 20 та, 2000 йилдан бери эса 9 та турли хил чемпион бўлганини тушунтиришга ёрдам беради.

"Кўплаб посткоммунистик мамлакатлардан фарқли ўлароқ, бизда ҳеч қачон классик олигархлар бўлмаган", – дейди Sport.pl сайтининг польяк футбол журналисти Павел Вилкович The Athletic нашрига. "Футболимизда бошқа жойлардагидек гегемонлик йўқ: ўз лигаларида доминантлик қилган "Шахтёр" (Украина), "Стяуа" (Руминия), "Динамо Загреб" (Хорватия), "Црвена Звезда" (Сербия) ёки "Лудогорец" (Болгария) клубларига эътибор қаратинг. 2000 йилларнинг бошларида "Висла" жуда кучли эди, 2010 йилларда эса "Легия" етакчига айланди. Аммо сўнгги ўн йилликда ақлли клублар бой клубларни мунтазам равишда мағлуб этмоқда. Сабр ва тўғри қараш пулни енгмоқда. Рақибларни ақл билан доғда қолдириш улардан кўпроқ пул сарфлашдан кўра муҳимроқ. "Висла" иккинчи дивизионда, "Легия" ва "Видзев" эса трансфер рекордларини янгилаганига қарамай, қуйи лигага тушиб кетиш хавфи остида турибди. Клубларнинг маош фонди ўртасидаги фарқлар мавжуд, бошқа лигалардаги каби катта эмас, аммо Польша футболини бу мезон билан ўлчаб бўлмайди". Европа футболини бошқарувчи ташкилот – УЕФАда ишлаган мустақил футбол мухбири Пётр Козминскининг фикрича, инвестициялар оқими Польша футболи манзарасини ўзгартириши мумкин. Бир йил олдин кўчмас мулк бўйича польшалик тадбиркор Роберт Добржицки "Видзев" хўжайинига айланди. Ҳозирда Экстракласанинг хавфли ҳудудида бораётганига қарамай, клуб январь ойида бир қанча Польша трансфер рекордларини янгилади. "Агар улар жон сақлаб қолса, келаси мавсумда жуда хавфли жамоага айланади", – дейди Козмински.
"Легия"нинг қуйи лигага тушиши – ақл бовар қилмас ҳолат"
"Легия" – Польша футболидаги энг оммабоп ва энг муваффақиятли клуб, уларнинг ҳисобида 43 та соврин, жумладан, 15 та чемпионлик бор. Илгари Польша армиясининг клуби бўлган (уларнинг уй стадиони Польша армияси стадиони деб аталади) бу жамоа Иккинчи жаҳон урушидан бери мамлакатнинг юқори лигасидан ҳеч қачон тушиб кетмаган ягона клубдир. Бу мавсумда ушбу анъана бузилиши мумкин. Sport.pl мухбири Якуб Бальцерскининг фикрича, клубнинг қуйи лигага тушиб кетиш эҳтимолини "ақлга сиғдириб бўлмайди", у бу ҳолатни "Ювентус", "Бавария" ёки "Пари Сен-Жермен"нинг ўз лигаларида тушиб кетиши билан таққослайди. "Буни жуда кўп бетараф мухлислар хурсандчилик билан кутиб олган бўларди. Сиз "Легия"ни ё қўллаб-қувватлайсиз, ёки ундан нафратланасиз. Улар доим телеэкранлардаги энг асосий мавзу бўлиб келган". "Легия" Польша терма жамоасига энг кўп футболчи етказиб берувчи клуб бўлиб, сўнгги йиғинларга уларнинг тўрт нафар ўйинчиси чақирилган. Бироқ, агар улар қуйи лигага тушиб кетса, дарҳол ортга қайтишига ҳеч қандай кафолат йўқ. 13 карра Польша чемпиони "Висла" 2022 йилда элитани тарк этган эди ва ҳозир иккинчи дивизионда ўзнинг тўртинчи мавсумини ўтказмоқда.

Мухлислар кимнинг чемпион бўлишини истайди?
Лига пешқадами "Заглембе"га (41 очко) 10 очколик фарқ ичида 12 та жамоа яқинлашиб турибди, аммо "Ягеллония", "Лех" (иккисида ҳам 38 тадан), "Ракув" (37) ва "Гурник Забже" (35) етакчилар гуруҳини ташкил қилади. "Бетараф мухлисларнинг севимли жамоаси йўқ", – дейди Павел Вилкович. "Ягеллония" чиройли ўйини ва клубни оқилона бошқариши билан ҳурмат қозонган. "Лех" ҳужумда ёрқин ўйнаши ва томошабоп футбол кўрсатиши мумкин. "Ракув"ни эса севишмайди, лекин ҳурмат қилишади. "Заглембе"нинг мухлислари асосан Любинда жойлашган ва клуб KGHM тоғ-кон гигантига тегишли. Польшада улар бироз "Вольфсбург"га (Германияда Volkswagen ишчилари учун кўп тармоқли спорт клуби бўлган Бундеслига жамоаси) ўхшайди. "Заглембе" мураббийи Лешек Ойжински – ўз устида ишлаб шу даражага етган мутахассис. У аниқ принципларга эга, эскича услубни афзал кўради ва тўпга эгалик қилишга унчалик қизиқмайди! Аммо у ақлли ва жанговар мураббийдир".
Клублар Европада ўз сўзини айтмоқда
Польша футболида рақобат ўта юқори бўлиши мумкин, аммо шу билан бирга лиганинг кучи ўсиб бораётганини кўрсатувчи белгилар ҳам бор. Шу ҳафтадаги еврокубоклар олдидан Польша мавсум учун УЕФА коэффициентлари жадвалида Францияни ортда қолдириб, олтинчи ўринни эгаллаб турибди. Буни Польшанинг тўртта вакили – "Ракув Ченстохова", "Ягеллония", "Лех" ва "Легия" – саралаш босқичларида 17 та ғалаба ва Конференциялар Лигасининг асосий босқичида 11 та ғалабани қўлга киритгани билан изоҳлаш мумкин. Ҳозирда Экстракласада тўртинчи ўринда бораётган "Ракув" гуруҳ босқичида мағлубиятга учрамади ва иккинчи ўринни эгаллади, "Лех" эса 11-ўринни банд этиб, плей-офф босқичига йўл олди. "Конференциялар Лигаси Польша клубларига ҳаёт бағишлади", – дейди Пётр Козмински. "Жамоаларимиз дастлабки икки турнир учун етарлича кучли эмасди, аммо мусобақалар кенгайтирилиши айнан мана шундай лигалар учун айни муддао бўлди".

"Польша футболи ниҳоят урфга кирмоқда"
Лигаларнинг кучи ва ўсишини баҳолашда одатда қитъа мусобақаларидаги натижалар, клубларнинг харажатлари, ўйинларга ташриф буюрувчилар сони ва инфратузилма каби кўрсаткичлар кузатилади. Экстракласадаги ҳар бир стадион шу асрда ё янгидан қурилган, ёки қайта тикланган, ёхуд кенг кўламли реконструкция қилинган. Буларнинг аксарияти мамлакатнинг 2012 йилда Украина билан биргаликда Европа чемпионатига мезбонлик қилгани билан боғлиқ бўлди, аммо ўтган 14 йил давомида ҳам стадионлар ва инфратузилмага сармоя киритиш давом этди. Польшада ҳозир сиғими 15 мингдан ортиқ бўлган 23 та стадион мавжуд ва бу мухлислар учун қулай ҳамда ҳамёнбоп муҳитни яратишга ёрдам бермоқда. Бу мавсумда Экстракласада ўртача ташриф ҳар ўйинга 13 000 мухлисни ташкил қилди – ҳар бир турда 117 000 томошабин. 2014-15 йилги мавсумда юқори дивизион клублари сони иккитага кам бўлган пайтда, битта турда Экстракласа стадионларига ўртача 66 000 мухлис келарди. Кўрсаткичлар сўнгги ўн йилликда қарийб 60 фоизга ошди. Агар жорий ташрифлар қаторига "Висла", "Шлёнск" ва "Рух" каби йирик жамоаларнинг иштироки билан томошабинлар сони ошиб бораётган иккинчи дивизионни ҳам қўшсак, дам олиш кунлари стадионга келувчи мухлислар сони 165 000 дан ошади.
"Еврокубоклардаги муваффақиятли юришлар маҳаллий футболга бўлган муносабатни ўзгартиришга ёрдам берди", – деб тушунтиради Павел Вилкович. "Экстракласа ўйинларига бориш урфга кирмоқда. Сўнгги йилларда поляк мусиқаси ва кинематографияси катта юксалишни бошдан кечирди, энди футбол ҳам шу йўлдан боришига ишонамиз. Клублар энди футболчиларни яхши нархларда сотиш имкониятига эга, улар фойда олиш учун ўйинчиларни етиштиришга қизиқишмоқда ва ўзларининг скаутлик тармоқларига эга бўлишди. Энди футболчиларни албатта "Легия", "Лех" ёки "Висла"га сотишга ҳожат йўқ. "Погонь Щецин" ва "Висла Плоцк" сўнгги йилларда бозорда ақлли иш олиб бораётган клубларнинг ёрқин намунасидир. Клублар даромад келтирувчи ва барқарор бўлиб бормоқда".
Безорилик: "Ҳақиқатдан кўра кўпроқ стереотип"
2023-24 ва 2024-25 йилги мавсумлар давомида "Легия" қитъа миқёсидаги 30 та ўйиндан 17 тасида УЕФА томонидан жаримага тортилди, бу қоидабузарликлар клубга жами 464 250 евро (396 000 фунт стерлинг / 524 000 доллар)га тушди. Уларнинг аксарияти "Легия" мухлисларининг хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ эди. Бу жарималарнинг энг каттаси – 100 000 евро – 2023 йил ноябр ойида "Астон Вилла"га қарши сафар ўйинида содир бўлган ўта даҳшатли зўравонликлардан сўнг белгиланди. 2016 йилда "Боруссия Дортмунд"га қарши уй учрашувидаги (0:6) оммавий тартибсизликлар ва ирқчилик руҳидаги ҳайқириқлар сабабли "Легия"га Чемпионлар Лигасида "Реал Мадрид"га қарши ўйинни ёпиқ эшиклар ортида ўтказиш жазоси берилган эди.
Безорилик Польша футболида жиддий муаммо бўлиб келган, аммо Экстракласа ўйинларида тартибсизликлар камдан-кам учрайди, Ультрас гуруҳлари эса кўпроқ еврокубоклар вақтида ўзларини кўрсатишади. "Бу муаммо ҳақиқатдан кўра кўпроқ стереотипга айланиб қолган", – дейди Пётр Козмински. "Статистика шуни кўрсатадики, Польша стадионлари хавфсиз ва безориликдан деярли ҳоли, бу ерда муштлашувлар бўлмайди. Бу ўтмишдаги муаммо эди, лекин ҳозир ундай эмас. Дунёдаги энг жирканч нарсалардан бири бўлган ирқчилик билан боғлиқ вазият ҳам худди шундай. Польшада бу борада бошқа давлатларга қараганда кўпроқ муаммо йўқ. Бу эса мени ўз мамлакатим билан фахрланишга ундайди".
Бу мавсумда Экстракласада қайси клуб ғолиб бўлишини, қайси жамоалар қуйи лигага тушиб кетишини ёки Европа кубокларига йўл олишини ҳеч ким башорат қила олмайди. Польшанинг юқори дивизиони бошқа ҳеч бирига ўхшамайди – бу ерда ҳар бир ўйин муҳим аҳамиятга эга.
Оқил Абдубарноев таржимаси.
Похожие новости
championat.asia
Ўзбекистон Суперкубоги. "Нефтчи" — 2026 йилги Ўзбекистон Суперкубоги соҳиби.
Ла Лига. "Барселона" ўз майдонида "Севилья"ни тор-мор этди
Камолиддин Тожиев: "Эртанги ўйинга 100 фоиз шаймиз. Пенальтилар сериясига тайёрланмадик" (тўлиқ матбуот анжумани)
Opta. EЧЛ учун асосий даъвогарлар рейтингини қайтадан тузиб чиқди
Комментарии