Ханс-Дитер Флик "Метрополитано" майдонидан норози: "Барселона" УЕФАга шикоят қилди

Aslanov Jasurbek
13 апр 2026, 23:48
"Барселона" бош мураббийи Ханс-Дитер Флик ЕЧЛ 1/4 финалидан ўрин олган "Атлетико"га қарши жавоб баҳси олдидан Мадриддаги стадион майдони ҳолатини танқид қилди.

Эртага бўлиб ўтадиган муҳим учрашув олдидан ўтказилган расмий машғулот вақтида Флик "Сивитас Метрополитано" газонидан норозилигини яшириб ўтирмади. "Mundo Deportivo" нашри хабарига кўра, германиялик мутахассис УЕФА делегатларига мурожаат қилиб, майдондаги муаммоли нуқталарни кўрсатган. "El Desmarque" томонидан эълон қилинган видеотасвирларда Фликнинг ҳакамлар ва расмий вакиллар билан майдон ҳолати бўйича қизғин баҳслашаётгани акс этган.

Эслатиб ўтамиз, жамоалар ўртасидаги илк баҳсда Диего Симеоне шогирдлари 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишган эди. Энди каталонияликлар нафақат рақиб ҳимоясини ёриб ўтишга, балки мураккаб ҳолатдаги майдонда ўз ўйинларини кўрсатишга ҳам мажбур бўлишади.

Мадриддаги ҳал қилувчи баҳс эртага Тошкент вақти билан соат 00:00 да бошланади. Ушбу омил "Барселона"нинг камбэк қилиш имкониятларига қанчалик таъсир қилади — буни ўйин давомида билиб оламиз.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: Mundo Deportivo