

– Бугунги ўйин ҳақидаги фикрларингиз.
– Ниҳоят, биз гол ўтказиб юбормасдан ўйнадик. Умуман олганда, ўйиндан, унинг мазмунидан, айниқса, ҳимоядаги жамоавий ҳаракатлардан кўнглим тўлди. Яъни, биз талаб қилган вазифани йигитлар бажаришди. Тўғри, бизда ҳужумни якунлаш босқичида жуда катта муаммолар бор ва бу яққол кўзга ташланди. Агар ҳимоядан ҳужумга ўтишда бироз яхшироқ ҳаракат қила бошлаган бўлсак ҳам, айнан якунловчи босқичда муаммоларимиз етарли. Бироқ умуман олганда, яна қайтараман, ўйиндан қаноатландим. Натижадан бўлмаса ҳам, ҳеч бўлмаганда ҳимояда гол ўтказмаганимиздан хурсандман. Эҳтимол, бу энг асосий жиҳатдир.
– Ҳумоюн Муртазоев ўйин тугашига 5 дақиқа қолганда майдонга туширилди. Унинг бирорта жароҳати борми ёки тактика шундай танланганми? Нега у сўнгги дақиқаларда майдонга туширилмоқда?
– Чунки мен шундай қарор қилдим. Эргашевнинг ҳаракатлари мени тўлиқ қаноатлантирмоқда. Агар Эргашев кучлироқ ўйнаса, у майдонга тушади, акс ҳолда, захирада қолади. Мен учун футболчининг фамилияси қандай эканлигининг аҳамияти йўқ. Қолаверса, биз янги жамоа шакллантиряпмиз ва асосий эътиборни келгуси йилга қаратганмиз. Биз ишлаймизми ёки бошқаларми, барибир жамоа 99 фоизга янгиланади. Бу раҳбарият томонидан қўйилган вазифа – таркибни тўлиқ янгилаш ва имкон қадар ўз тарбияланувчиларимиздан иборат асосга эга бўлиш. Тушунарлики, фақат ўз йигитларимиз билан буни уддалай олмаймиз, агар молиявий имкониятлар бўлса, таркибни кучайтириш керак бўлади. Лекин асосий эътиборни ўз ўйинимизни шакллантиришга қаратмоқдамиз. Турнир жадвалидаги ҳолатимиз бизни умуман ташвишга солмайди, шунинг учун ҳаракат қиляпмиз, кузатяпмиз ва ёшларга ўзларини кўрсатишга имкон беряпмиз. Кимдир бунга тайёр, кимдир эса йўқ. Лекин улар эртами-кечми барибир тайёр бўлишади. Ҳозирги вақтда, табиийки, уларни кузатмоқдамиз.
– "Машъал"нинг Пролигага тушиб кетишига биринчи сабаб сифатида молиявий ҳолат кўрсатилмоқда. Иккинчи сабаб эса, жамоа ўз майдонини таъмирлагунга қадар сунъий қопламали майдонда ўйнамади, ўз уйида ўйнамади. Бунинг учун катта маблағ ва ҳомий топиш керак. Майдонни таъмирлаш имконияти йўқлигини билган футболчилар шунинг учун ўйнамаяптими? Жорий йилда Пролигага тушиб кетишга мана шу ҳолат сабаб бўлдими?
– Келинг, шундан бошлайликки, футбол – бу касб, тўғрими? Агар сизга 6 ой давомида маош тўлашмаса, биринчидан, сиз ўйнамайсиз. Иккинчидан, моҳиятан олиб қарасак, йил бошида ёмон жамоа йиғилмаган эди. Лекин пул тўланмаганлиги сабабли, асосий футболчиларнинг бир қисми ариза ёзиб, жамоадан кетиб қолишди. Биз уларга ФИФА қарорига кўра ҳалигача пул тўлаяпмиз, лекин улар бу ерда ўйнашмайди. Табиийки, жамоа биринчи давранинг ўрталарида ҳеч кимсиз, футболчиларсиз қолди. Мавсумда ўйнаши керак бўлган асосий ўйинчилар йўқ эди. Бошқа ўринли савол: мураббийлар айбдорми ёки футболчилар? Менинг назаримда – футболчилар. Мен ўзим ҳам футболчи бўлганман. Тушуняпсизми? Буни хаёлимга ҳам сиғдира олмайман. Менга мураббий керак эмас. Агар жамоа 11 та ўйинда мағлуб бўлса, бу мураббийларга эмас, футболчиларга боғлиқ масаладир. Қандай қилиб 11 та ўйинда ютқазиш мумкин? Кўчадан оддий одамларни йиғиб келсам ҳам, улар мураббийсиз ўзлари ҳеч бўлмаганда битта ўйинда гол ўтказмасдан ўйнашади. Тушуняпсизми? Бу футболчиларга, уларнинг руҳий ҳолатига, ўйнашни хоҳлаш ёки хоҳламаслигига боғлиқ. Албатта, буларнинг барчаси замирида молиявий ҳолат турибди. Мен ҳам футболчи бўлганман ва бизга ярим йил пул тўлашмаганида, менда ҳам ўйнашга унчалик иштиёқ бўлмаган. Қандай ўйнайсиз? Уйда оилангиз, иккита фарзандингиз бўлса ва фикрингиз шу ерда эмас, у ерда ейишга овқат йўқлигида бўлса, қанақа футбол, қанақа машғулот бўлиши мумкин? Шунинг учун футболда ва ҳар қандай профессионал спортда асосий нарса – бу пул. Табиийки, биз шу орқали рўзғор тебратамиз. Қолаверса, футболчининг фаолияти қисқа – бор-йўғи 15 йил. Агар ҳозир пул ишлаб топмасангиз, қачон топасиз? Яхшиси, дарҳол бизнес билан шуғулланган маъқул. Бу менинг фикрим. Шунинг учун ҳар қандай ишда майда-чуйда нарсалар бўлмайди. Молия, меҳнатга лаёқатлилик, меҳнатсеварлик ва ҳоказо – буларнинг барчаси бир-бирига боғлиқ бўлиши керак. Бирортаси ишдан чиқса, иш юришмайди, бу умуман бошқа ишга айланиб қолади. Тушунтира олдимми?
– Мавсум тугамоқда. Олдинги интервьюда "Машъал" жамоаси таркибида яна ёшларни кўрамиз, деган фикр айтилганди. Мавсум охиригача U-21 таркибидан яна кимларнидир кўрамизми?
– Асосий муаммомиз уларни майдонга туширишни хоҳламаётганимизда эмас. Асосий муаммо шундаки, асосий жамоа ўйинидан бир кун олдин ўринбосарлар жамоаси ўйнайди. Бизда эса жами 30 киши бор. Тушуняпсизми? Биз шундай вазиятдамизки, кимнидир танлаб, унга 15 дақиқа берамиз, кейин иккинчисига, учинчисига. Ўринбосарлар жамоаси эса ўйнаяпти. Бир таркиб билан ҳам у ерда, ҳам бу ерда ўйнай олмаймиз. Шунинг учун вазиятга қараб иш тутяпмиз. Ҳозир позициялар бўйича кўриб чиқяпмиз. Мана бугун Бошняк умуман ўйнамади, биз уни қайдномага киритишга мажбур бўлдик. Чунки кеча Ғофуров ва Шомуродов ўринбосарлар таркибида икки бўлим ўйнашди. Хўш, бугун уларни қаерга майдонга туширамиз? Биз робот эмасмиз-ку, одамлар бунчалик кўп меҳнат қила олмайди. Агар Бошнякни ўринбосарлар таркибида майдонга туширсак, бу кулгили ҳолат бўларди. Хорижлик легионер келиб, ўринбосарлар сафида ўйнаса... бу нотўғри. Умуман олганда, агар Муҳиддинов жароҳат олмаганида, у бугун умуман майдонга тушмаслиги керак эди. Бизда Абдураҳимов бор эди ва шундай вариант кўзда тутилганди. Лекин Абдураҳимов бу позицияда ҳеч қачон ўйнамаган. Хуллас, биз амалдаги вазиятга қараб ишлаяпмиз. Эртага ким ўйнаши борасида узоқ муддатли режамиз йўқ. Ким бугун тайёр бўлса, ўшани майдонга туширяпмиз. Афсуски, вазият шундай. Имкониятларимиз чекланган ва кимнидир жалб қилиш, ўзгартириш учун танлов кўлами кичик. Умид қиламанки, молиявий ҳолат яхшиланади, селекция ишлари олиб борилади, шундан сўнггина кимларни майдонга туширишни ҳал қиламиз. Сиз ҳақсиз, ҳар қандай ҳолатда ҳам асосий эътиборни ёшларга қаратяпмиз. Ҳар бир ўйинда ўринбосарлар таркибини кузатяпмиз, шунчаки томоша қилиш учун келмаяпмиз. Табиийки, биз буни қайд этиб боряпмиз: ким қандай кўринишда, қаерда ва қайси позицияда ҳаракат қилаётганини таҳлил қилиб, ўринбосарлар мураббийидан уларни турли позицияларда синаб кўришни сўраяпмиз. Уларнинг барчаси биз билан бирга машғулот ўтказмоқда. Ҳозир яна бироз гуруҳларга бўлишга мажбур бўлдик, чунки 34 кишини бир вақтда шуғуллантириш жуда қийин. Шу сабабли уларни ажратиб, синаб кўряпмиз ва кузатяпмиз. Шундай бўлса-да, барчаси назорат остида.



